Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Истиқболли инвестиция таклифларини келишиш механизмини ҳамда хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш жараёнини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 32-сон, 403-модда)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сон Фармонини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш ҳамда ўзлаштириш жараёнини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2008 йил 24 июлдаги ПҚ-927-сон қарорини бажариш юзасидан, шунингдек замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, лойиҳа ташаббускорлари бўлган вазирликлар ва идораларга, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, хўжалик юритувчи субъектларга потенциал хорижий инвесторлар ва кредиторларни қидириб топишда кўмаклашиш йўли билан хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш жараёнининг самарадорлигини ва тезкорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки:
2014 йил 1 октябрдан бошлаб ташаббускорлар томонидан хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этишни назарда тутувчи инвестиция таклифлари ва лойиҳалар паспортларини давлат бошқаруви ваколатли органларида келишиш электрон шаклда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг «Инвестиция таклифларининг ягона электрон базаси» тизими орқали амалга оширилади;
лойиҳа ташаббускорлари бўлган вазирликлар ва идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар инвестиция таклифлари ва лойиҳалар паспортларини сифатли тўлдириш, уларнинг тўлиқлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш ҳамда ўзлаштириш жараёнини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2008 йил 24 июлдаги ПҚ-927-сон қарори талабларига мувофиқлиги учун шахсан жавоб берадилар.
2. Лойиҳа ташаббускорларининг ҳамда давлат бошқаруви ваколатли органларининг хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этишни назарда тутувчи инвестиция таклифлари ва истиқболли лойиҳалар паспортларини Инвестиция таклифларининг ягона электрон базаси тизими орқали келишиш жараёни доирасидаги ўзаро ҳамкорлиги схемаси иловага мувофиқ маъқуллансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда Инвестиция таклифларини ва истиқболли лойиҳалар паспортларини киритиш ва уларни «Инвестиция таклифларининг ягона электрон базаси» тизимида келишиш тартиби тўғрисидаги Низомни икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
4. Лойиҳа ташаббускорлари бўлган вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар:
ҳар йили Давлат инвестиция дастури ва ҳудудий инвестиция дастурлари тегишли равишда тасдиқлангандан кейин 30 кун мобайнида хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш талаб қилинадиган инвестиция таклифлари ва лойиҳалар паспортлари ишлаб чиқилишини ва Инвестиция таклифларининг ягона электрон базаси тизимига киритилишини;
мунтазам равишда инвестиция таклифлари ва лойиҳалар паспортлари параметрлари янгиланишини, кейинчалик уларнинг Инвестиция таклифларининг ягона электрон базаси тизимида давлат бошқаруви ваколатли органлари билан белгиланган тартибда келишилишини таъминласинлар.
5. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат алоқа қўмитаси билан биргаликда тизимли асосда:
лойиҳа ташаббускорлари бўлган вазирликлар ва идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар иштирокида Инвестиция таклифларининг ягона электрон базаси тизимидан фойдаланишнинг устунликлари тўғрисида тушунтириш ишларининг олиб борилишини;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш ҳамда ўзлаштириш жараёнини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2008 йил 24 июлдаги ПҚ-927-сон қарори талабларини сўзсиз бажариш учун Инвестиция таклифларининг ягона электрон базаси тизимини, уни Ўзбекистон Республикаси интерактив давлат хизматлари ягона портали билан интеграциялаштирган ҳолда электрон тарзда тўлдириш механизмининг амалда қўлланилиши, зарур даражада фаолият кўрсатиши ва такомиллаштирилиши юзасидан мониторинг олиб борилишини таъминласин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 4 август,
215-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 августдаги 215-сон қарорига
ИЛОВА
Лойиҳа ташаббускорларининг ҳамда давлат бошқаруви ваколатли органларининг хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этишни назарда тутувчи инвестиция таклифлари ва истиқболли лойиҳалар паспортларини Инвестиция таклифларининг ягона электрон базаси тизими орқали келишиш жараёни доирасидаги ўзаро ҳамкорлиги
СХЕМАСИ
Изоҳ: *ХМТ — халқаро молия ташкилотлари; ХҲМТ — хорижий Ҳукумат молия ташкилотлари.