Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 30-сон, 368-модда)
Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида», «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида», «Табиий монополиялар тўғрисида», «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Республиканинг иссиқлик ва сув таъминоти ташкилотларини молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2013 йил 6 ноябрдаги 300-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари 1-иловага мувофиқ;
Истеъмолчиларга сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари 2-иловага мувофиқ;
Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш қоидалари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда, белгиланган тартибда:
Қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;
ушбу қарор билан тасдиқланган қоидаларга мувофиқ намунавий шартномаларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 15 июль,
194-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сон қарорига
1-ИЛОВА
Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш
ҚОИДАЛАРИ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Қоидалар иссиқлик таъминоти ташкилотлари — иссиқлик энергиясини етказиб берувчилар билан кўп квартирали уйлардаги иссиқлик энергияси истеъмолчилари, шунингдек иссиқлик таъминоти жараёнига жалб қилинган манфаатдор томонлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солади, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликларини, улар ўртасида шартномалар тузиш ва иссиқлик сифатини назорат қилиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
авария — иссиқлик таъминотининг тўхтатилишига ёхуд ҳажмининг пасайишига ва иссиқлик таъминоти хизматлари сифатига таъсир кўрсатишга олиб келган иссиқлик таъминоти тизимларининг бузилиши ёки ишдан чиқиши;
иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизими — иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш учун мўлжалланган ва кўп квартирали уйнинг умумий фойдаланиладиган ички ва ташқи жойларидаги муҳандислик коммуникациялари ва асбоб-ускуналар (шу жумладан иссиқлик пунктлари), шу жумладан иситиш ва иссиқ сув таъминотининг квартира ичидаги тик қувурлари, шунингдек иситиш ва (ёки) иссиқ сув таъминоти хизматларини бажарувчи томонидан ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш учун тик қувурлар (марказлаштирилган иситиш ва ёки иссиқ сув таъминоти мавжуд бўлмаганда);
квартира ичидаги асбоб-ускуна — кўп квартирали уйнинг турар жой ёки нотурар жой хонасидаги ва кўп квартирали уйнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти уй ичидаги тизимлари таркибига кирмайдиган улардан фойдаланилган ҳолда иссиқлик таъминоти хизматларидан фойдаланиладиган муҳандислик коммуникациялари, механик, санитария-техник ускуна ва бошқа асбоб-ускуна (тармоқлар, жўмраклар ва иссиқ сув учун мўлжалланган аралаштиргичлар, радиаторлар ва шу кабилар);
иссиқ сув таъминоти — кўп квартирали уйларда Истеъмолчиларни тармоқни турар жой ва нотурар жой хонасига улаш бўйича зарур ҳажмларда бериладиган зарур сифатга эга бўлган иссиқ сув билан кеча-кундуз таъминлаш;
иссиқлик тармоғи ва фойдаланиш жавобгарлигининг баланс мансублилик чегараси (кейинги ўринларда баланс мансублилик чегараси деб аталади) — иссиқлик тармоғининг баланс мансублилиги билан белгиланадиган иссиқлик тармоқларидан фойдаланилганлиги учун жавобгарлик (мажбурият) белгиси бўйича иссиқлик тармоқларининг ажралиш линияси;
турар жой хонаси — белгиланган санитария, ёнғинга қарши, техник талабларга жавоб берадиган, фуқароларнинг доимий яшашига, шунингдек ихтисослаштирилган уйлар (ётоқхоналар, маневрлаштирилган турар жой фонди уйлари, ногиронлар, фахрийлар, ёлғиз кексалар учун интернат-уйлар, шунингдек болалар уйлари ва махсус мўлжалланган бошқа уйлар) сифатида белгиланган тартибда фойдаланиш учун мўлжалланган хона;
иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоблари (кейинги ўринларда индивидуал ҳисобга олиш асбоби деб аталади) — иссиқ сувнинг (унинг ҳарорати 50-75о С доирасида бўлиши керак) реал ҳажмини ёки унинг кўрсаткичлари бўйича Истеъмолчи иссиқ сув таъминоти хизматлари учун Етказиб берувчи билан ўзаро ҳисоб-китоб қиладиган техника хавфсизлиги, фойдаланиш, таъмирлашга яроқлилик, ўзаро алмаштириш, қурилмалар индикаторларига эркин яқинлашиш бўйича техник шартлар талабларини қондирадиган сувнинг турли миқдор оқимларини ўлчаш учун зарур ва етарли градациялар бўйича ишлаб чиқариладиган Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган ўлчов бирликларида ифодаланган шкалага эга бўлган қувур кесими орқали ўтадиган иссиқ сувдаги иссиқлик энергияси ҳисобининг сифат (миқдор) ҳисобини амалга оширувчи ўлчов воситаси;
Ижро этувчи — ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимларидан фойдаланган ҳолда Истеъмолчиларга иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиладиган уй ичидаги тизимларга хизмат кўрсатиш ва уларнинг техник ҳолати учун жавоб берувчи юридик шахс;
алоқа боғлаш йўллари — кўп квартирали уйларда Етказиб берувчи томонидан, шу жумладан телефон, электрон почта бўйича, Интернет-сайтлар орқали (коммунал соҳа учун ихтисослаштирилган сайтлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг сайтлари) ташкил этиладиган ва сақланадиган Етказиб берувчи ва Ижро этувчи (Истеъмолчи) ўртасидаги алоқа боғлаш йўллари, шунингдек алоқа боғлаш ва Ижро этувчиларни (Истеъмолчиларни) хабардор қилиш учун кўп квартирали уйлардаги Истеъмолчилар учун қулай бўлган бошқа алоқа боғлаш шакллари;
иссиқлик энергиясини истеъмол қилишнинг норматив ҳажми — кўп квартирали уйларда индивидуал ҳисобга олиш асбоблари мавжуд бўлмаганда иссиқлик энергиясидан фойдаланганлик учун тўлов миқдорини аниқлашда фойдаланиладиган Истеъмолчи томонидан иссиқлик энергияси истеъмоли ҳажми (сарфи);
иссиқлик энергиясини уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоби (кейинги ўринларда уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоби деб аталади) иссиқлик берувчи ва тескари қувурлар орқали ўтадиган, берилган иссиқлик энергиясини ва иссиқлик манбаини ўлчаш учун мўлжалланган ўлчов воситаси, Ижро этувчи, кўп квартирали уйдаги хоналарнинг мулкдорлари (бундай уй бевосита бошқарилган тақдирда) истеъмол қилинган иссиқлик энергияси учун Етказиб берувчи билан унинг кўрсаткичлари бўйича ўзаро ҳисоб-китоб қилади;
иситиш — уланган тармоқ орқали иситиладиган турар жой хонасида ҳаво ҳароратининг меъёрини сақлаш;
иситиладиган майдон — турар жой хоналарининг умумий майдони. Иситиш асбоблари (иситиладиган юзалар билан) ёки иссиқлик таъминотининг уй ички тизимларига уланган хоналарга бирлаштирилган ҳолда қайта режалаштирилган (иситиладиган юзалар билан) пешайвонлар, балконлар, айвонлар ва террасалар майдони иситиладиган майдон ҳажмига киради;
режали узиб қўйиш — Ижро этувчи ва Истеъмолчи билан белгиланган тартибда олдиндан келишилган ва хабардор қилинган ҳолда режали-огоҳлантирувчи таъмирлаш жадвали бўйича иссиқлик тармоқларини Етказиб берувчи томонидан таъмирлаш ва профилактика ишларини бажариш учун иситишлар оралиғи даврида Истеъмолчига иссиқлик энергияси етказиб беришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиш.
Етказиб берувчи — иссиқлик таъминоти шартномаси асосида иссиқлик энергиясини тақсимлаш ва сотиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс;
Истеъмолчи — кўп квартирали уйда иссиқлик таъминоти шартномаси бўйича ёки бошқа қонуний асосда хонага мулк эгаси ҳуқуқидан фойдаланувчи, иссиқлик таъминоти шартномаси бўйича иссиқлик таъминоти хизматларидан фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс;
профессионал бошқарувчи ташкилот (кейинги ўринларда бошқарувчи ташкилот деб аталади) — ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси асосида кўп квартирали уйни бошқарувчи юридик шахс;
лойиҳалаш ҳужжатлари — иссиқлик таъминоти тизимларига улаш лойиҳасининг техник шартларига мувофиқ лицензияга эга бўлган лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқиладиган ҳужжатлар;
ҳисоб-китоб даври — иссиқлик энергияси истеъмоли ҳажми (сарфи) аниқланиши керак бўлган вақт даври. Ҳисоб-китоб даври календарь ойга тенг этиб белгиланади;
иссиқлик таъминоти тизими — технологик жиҳатдан иссиқлик тармоқларига уланган иссиқлик энергияси манбалари ва иссиқлик истеъмоли тизимлари мажмуи;
хоналарнинг мулкдорлари — кўп квартирали уйда қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой ёки нотурар жойга мулкчилик ҳуқуқига эга бўлган жисмоний ёки юридик шахс;
иссиқлик таъминоти — турар жой ва нотурар жой хоналар мулкдорларининг иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимларини иссиқ сув (иссиқлик манбаи) билан таъминлаш;
иссиқлик пункти (элеватор боғламаси) — қуйидагилар учун мўлжалланган боғлама:
иссиқликдан истеъмол (иситиш, иссиқ сув таъминоти) турларига қараб иссиқлик манбаини тақсимлаш;
иссиқлик манбаи параметрларини, иссиқликни истеъмол қилиш режимини ҳисобга олиш ва назорат қилиш;
тезкор қайта улашларни амалга ошириш.
техник шартлар — марказлаштирилган коммунал иситиш тизимига уланиш учун иссиқлик билан таъминлаш ташкилотлари томонидан бериладиган рухсатнома.
3. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида амал қилади ҳамда мулкчилик шакллари ва идоравий мансублигидан қатъи назар, иссиқлик таъминотининг барча ташкилотлари Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, бошқарувчи ташкилотлар ва иссиқлик энергияси истеъмолчилари учун мажбурийдир, улар Истеъмолчилар томонидан коммунал-маиший эҳтиёжлар учун иссиқлик энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларга татбиқ этилади.
4. Етказиб берувчи иситиш учун иссиқлик энергияси етказиб бериш ва иссиқ сув билан таъминлашга Истеъмолчилар билан иссиқлик таъминоти шартномаси тузади ҳамда иссиқлик тармоғининг баланс мансублилиги чегарасида иссиқлик энергияси бериш режими ва сифати учун жавоб беради.
Кўп квартирали уйларда коммунал хизматлар Истеъмолчисининг номидан шартнома Ижро этувчи (уй-жой фондидан фойдаланувчи юридик шахс — хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, бошқарувчи ташкилот ва бошқалар) томонидан тузилиши мумкин.
5. Иситиш ва иссиқ сув таъминоти уй ичидаги тизимларга, шу жумладан иссиқлик пунктига (элеватор боғламасига) техник хизмат кўрсатиш Ижро этувчи (хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, бошқарувчи ташкилот ва шу кабилар) билан тузилган шартнома бўйича, тўлов асосида Етказиб берувчи ёки бошқа ташкилот томонидан амалга оширилади.
6. Иссиқлик таъминоти шартномасини тузиш учун Истеъмолчилар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:
турар жой ёки нотурар хонанинг мулкдори шахсини тасдиқловчи ҳужжат;
кўп квартирали уйда хонанинг мулкдори (фойдаланиш) ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ва ушбу ҳуқуқ пайдо бўлган сана;
ички ишлар бўлими паспорт бўлинмасидан берилган маълумотнома (ф-17) ёки уй дафтаридан кўчирма;
юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома (нотурар хонанинг мулкдори учун);
иссиқлик таъминоти тизимларига уланиш учун лойиҳа ҳужжатлари (нотурар хонанинг мулкдори учун);
7. Иссиқлик таъминоти шартномасида қуйидагилар назарда тутилади:
истеъмол ва иссиқлик энергияси сифати кўрсаткичларининг белгиланган режимларига риоя қилиш шартлари ва томонларнинг мажбуриятлари;
баланс мансублилик чегаралари;
иссиқлик энергияси билан таъминлашни тўхтатиш ёки чеклаш шартлари;
ҳақ тўлаш тартиби, вақти, тарифлар ва шартлар;
истеъмолчига иссиқлик энергиясини етказиб бермаган ёки тўлиқ ҳажмда етказиб берилмаган ҳолларда тўловларни қайта ҳисоб-китоб қилиш;
ҳисобга олиш асбоблари бўйича маълумотлар (иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбобининг тури);
иссиқлик энергиясини бериш ва истеъмол қилишнинг асосий шартлари;
томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
томонларнинг жавобгарлиги;
низоларни ҳал этиш тартиби;
томонларнинг реквизитлари;
қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар.
8. Иссиқлик таъминоти шартномасини тузиш, ўзгартириш, бекор қилиш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда томонлар қонун ҳужжатларига ва ушбу Қоидаларга амал қиладилар.
9. Ижро этувчи томонидан иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимни фойдаланиш учун техник жиҳатдан яроқли ҳолатда сақлаш шарти билан Етказиб берувчи Истеъмолчига сифатига кўра стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига, санитария нормалари ва қоидаларига ҳамда иссиқлик таъминоти шартномаси шартларига мувофиқ бўлган иссиқлик таъминоти бўйича хизматлар кўрсатиши шарт.
10. Кўп квартирали уйда хоналар мулкдорларининг умумий мулки таркибига кирувчи уй ичидаги иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимларининг тайёрлигини таъминлаш Ижро этувчига ёки кўп квартирали уйда хоналарнинг мулкдорларига (ушбу уй бевосита бошқарилган тақдирда) юкланади.
11. Иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимларининг техник ҳолати ва улардан фойдаланишга, асбоб-ускуналарга, асбобларга қўйиладиган талаблар, уларга риоя этилишини назорат қилиш коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
12. Истеъмол хоссалари ва иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш режими белгиланган меъёрларга мувофиқ бўлиши керак, яъни:
иситиш бўйича — белгиланган тартибга кўра хоналарни иситиш бўйича чора-тадбирларни (деразалар, балконлар ва кириш эшикларининг даҳлизларини зичлаштириш, иситиш тагсинчларини изоляциялаш) бажариш шарти билан иситиш мавсуми даврида 1995 йилгача қурилган кўп қаватли турар жой хоналаридаги ҳарорати камида 20о С, агар кўп қаватли уйлардаги иссиқлик тизими реконструкция қилинмаган бўлса — турар жой хоналаридаги ҳарорат камида 18о С бўлиши лозим;
иссиқ сув таъминоти бўйича — иссиқ сув таъминотининг марказлаштирилган тизимларини назорат қилишнинг санитария қоидаларига мувофиқ сув олиш жойларида иссиқ сувнинг ҳарорати 50 — 75о С бўлиши керак.
Бунда:
сувнинг эпидемия хавфсизлиги;
сувнинг қулай органолептик хоссалари;
сувнинг инсон организмига зарарли таъсирининг олдини олиш бўйича иссиқ сув таъминотининг марказлаштирилган тизимларини назорат қилишнинг санитария қоидалари талабларининг бажарилиши таъминланиши керак.
13. Хоналарни иситиш эҳтиёжлари учун иссиқлик энергиясини беришда Етказиб берувчи иситиш даврини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатларда бошлайди ва тамомлайди.
Иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8оСдан паст бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан бошланиши, 8оС юқори бўлганда эса тамомланиши керак.
14. Турар жой хоналарини иситиш тизими иссиқлик таъминоти соҳасидаги норматив-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши ҳамда улардан турар жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормалари талабларига мувофиқ фойдаланилиши керак.
15. Қуйидагилар:
кўп квартирали уйларнинг айрим турар жой ва нотурар жой хоналарини иситишнинг ушбу тизимларини иссиқлик жиҳатидан ва гидравлик қайта тартибга солмаслик учун иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимидан узиш;
иситиш асбобларига қўшимча секцияларни бирлаштириш ёки улар сонини камайтириш, шунингдек қайта жиҳозлаш бўйича талабларга риоя этмасдан иситиш учун радиаторларнинг камгайгини олиб ташлаш ва иситиш ҳамда санитария-техник асбоблар жойини ўзгартириш тақиқланади.
16. Истеъмолчи иссиқлик энергияси тўлиқ узиб қўйилиши ва иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатишдаги танаффус тўғрисида ёзма шаклда огоҳлантирилади (кўп квартирали уйнинг барча кириш жойларидаги эълонлар тахтасига ёки кўп квартирали уй жойлашган ер участкаси доирасида эълон жойлаштириш, шунингдек танаффуслар вақти кўрсатилган ҳолда оммавий ахборот воситалари орқали).
17. Одамларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган ишларни бажариш мақсадида иссиқлик тармоқларидаги ёхуд иссиқлик энергияси манбаларидаги ёки иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимларида аварияли ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, шунингдек уларни бартараф этиш бўйича Етказиб берувчи, бошқарувчи ташкилот томонидан кечиктириб бўлмайдиган зарур чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда ушбу Қоидаларга иловада келтирилган Иссиқлик таъминоти хизматлари сифатига қўйиладиган талабларга мувофиқ, келишмасдан ва Истеъмолчини огоҳлантирмасдан, бироқ уни 2 суткада дарҳол хабардор қилган ҳолда иссиқлик таъминотини тўхтатиш ёки чеклашга йўл қўйилади.
18. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва коммунал хизматлар, шу жумладан иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатилишини назорат қилувчи Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилувчи ва табиий монополиялар субъектлари фаолиятини тартибга солувчи ваколатли органлар ушбу Қоидалар доирасида истеъмол хоссалари параметрларини, хизматлар кўрсатиш режимини аниқлаштиришга ҳамда аҳоли пунктининг иқлим шароитларини ва бошқа маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда сифатнинг кафолатли даражасини белгилашга ҳақлидир.
19. Аҳолини марказлаштирилган иссиқлик таъминоти билан қамраб олиш имконияти мавжуд бўлмаганда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Истеъмолчиларни маҳаллий иссиқлик таъминоти (модуль, локал, буғ қозонхонаси, иситиш қурилмалари) билан таъминлаш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриши шарт.
Маҳаллий буғ қозонхонаси қуриш маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилади, кейинчалик Истеъмолчиларга иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш учун тезкор бошқариш ва хизмат кўрсатиш ҳуқуқи билан Етказиб берувчига (ёки бошқарувчи ташкилотда техник ва молиявий имкониятлар мавжуд бўлган тақдирда бошқарувчи ташкилотга) берилади.
II. Кўп квартирали уйларни Етказиб берувчининг иссиқлик тармоқларига улаш тартиби
20. Иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимларини реконструкция қилиш ёки кенгайтириш оқибатида янги кўп квартирали уйларни иссиқлик таъминотининг мавжуд тизимига бирлаштириш ёки мавжуд кўп квартирали уйларнинг шартномавий миқдорларига нисбатан иссиқлик юкламасини кўпайтириш учун кўп квартирали уйларни лойиҳалаштириш ва қуриш (реконструкция қилиш) бошлангунгача техник имкониятлар мавжуд бўлган тақдирда, бирлаштириладиган иссиқлик тармоқларининг баланс мансублигидан қатъи назар, Етказиб берувчидан техник шартлар олиниши зарур.
Техник шартлар тўлов ундирилмасдан берилади.
21. Техник шартлар Етказиб берувчи томонидан:
иссиқлик таъминотининг янги тизимлари бирлаштирилганда — буюртмачининг (қурувчининг) ёки унинг топшириғи бўйича бош лойиҳалаштирувчининг;
Ижро этувчининг, кўп квартирали уйдаги хоналар мулкдорларининг (бундай уй бевосита бошқарилган тақдирда) ёки кўп квартирали уйнинг иссиқлик таъминоти тизимлари реконструкция қилинганда ёки кенгайтирилганда — уларнинг топшириғига кўра бош лойиҳалаштирувчининг аризаси бўйича берилади.
Аризада лойиҳалаштирилаётган объектни, уни лойиҳалаштириш ва қуриш муддатини, жойлашган жойини (картография материали), иссиқлик таъминотининг ишончлилигини таъминлаш бўйича лойиҳа ечими ва талабларига асосланган иссиқлик истеъмоли турлари (иситиш, иссиқ сув таъминоти) бўйича иссиқлик юкламаларини тавсифловчи маълумотлар қисқача кўрсатилади.
22. Етказиб берувчи ушбу Қоидаларнинг 21-бандида кўрсатилган ариза олингандан кейин икки ҳафта муддатда янгидан қурилаётган кўп квартирали уйларнинг иссиқлик таъминотига дастлабки техник шартларни беради, улар учун уларни турли майдонларда жойлаштириш вариантларининг техник-иқтисодий қиёслашлари ёки қурилишни (реконструкция қилишни) асослаш бўйича техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар бажарилади. Ташқи иссиқлик таъминоти схемалари ўзгартирилишини талаб этувчи кўп квартирали уйларнинг иссиқлик таъминоти бўйича мўлжалланган лойиҳа ечимларини келишиш қурилиш учун майдонни танлашда Етказиб берувчи томонидан амалга оширилади.
23. Техник шартларда:
а) иссиқлик таъминоти манбаи ва ишончлилиги даражаси, асосий ва захира киритишлардан кейин иссиқлик тармоқларига ёки электр станциялар ва иссиқлик марказлари коллекторларига улаш нуқтаси, етказиб бериладиган иссиқлик энергияси миқдорини тартибга солиш усули;
б) бошқа истеъмолчиларнинг юкламалари ҳисобга олинган ҳолда асосий ва захира киритишларни бирлаштириш нуқталарида иссиқлик манбаи ва гидравлик режим параметрлари;
в) иситишга, вентиляцияга, иссиқ сув таъминотига ва технологик эҳтиёжларга аризада кўрсатилган тегишли миқдорларга бўлган ҳолда умумий максимал соатли иссиқлик юкламаси;
г) ҳисобга олишга ва ҳисобга олишнинг уйдаги умумий асбобини ўрнатишга қўйиладиган талаблар;
д) қувурлар ҳамда каналлар ва камералар (бўшлиқлар), тамба ва тартибга солувчи арматура ўрнатишга, қувурларни изоляциялашга, коррозияга қарши ҳимояга, иссиқлик пунктларининг асбоб-ускуналарига қўйиладиган талаблар;
е) иситиш-вентиляция ва технологик юкламаларни бирлаштиришнинг иссиқлик схемаси ва иссиқ сув таъминоти юкламаси;
ж) лойиҳалаштириш ва ишларни бажариш қанча давом этишининг амалдаги нормалари ҳисобга олинган ҳолда белгиланган техник шартларнинг амал қилиш муддати кўрсатилади.
24. Улашни назорат қилиш ва Истеъмолчиларнинг иссиқлик юкламасини аниқлаш мақсадида техник шартларнинг бир нусхаси рўйхатдан ўтказиш учун Етказиб берувчида қолади.
25. Етказиб берувчи томонидан берилган техник шартлар ариза берувчиларнинг, шунингдек иссиқлик таъминотининг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ушбу вазифа юкланган лойиҳа ташкилотларининг бажариши учун мажбурий ҳисобланади.
Техник шартлар 2 йил муддатга берилади. Белгиланган муддат тамом бўлгандан кейин, амал қилиш муддати тугаган ва бошқа муддатга узайтирилмаган техник шартлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Техник шартлар белгиланган тартибда ҳар гал 2 йилга узайтирилиши мумкин.
Етказиб берувчининг иссиқлик тармоқларига янги ёки қўшимча иссиқлик юкламаларини бирлаштиришга янги техник шартларни буюртмачи (қурувчи) ёки бошқарувчи ташкилот, Истеъмолчи ёки унинг топшириғига кўра лойиҳа ташкилоти ушбу Қоидаларда назарда тутилган тартибда оладилар.
26. Давлат ёки хусусий уй-жой фондининг мақсадлари ва вазифалари ўзгарганда берилган техник шартлар бекор қилинади, шундан кейин ушбу турар жой фондини бошқариш ҳуқуқи берилган уй-жой мулкдорлари ёки уларнинг топшириғига кўра лойиҳа ташкилоти ушбу Қоидаларнинг 21 ва 22-бандларида кўрсатилган тартибда ва муддатларда янги техник шартларни олишлари керак.
27. Техник шартларга мувофиқ лицензияланган лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган кўп квартирали уйнинг иссиқлик таъминоти лойиҳаси қурилиш ишлари бошлангунга қадар Етказиб берувчи билан келишилиши керак.
Иссиқлик таъминоти лойиҳасини кўриб чиқишда техник шартлар ва норматив ҳужжатлар талабларидан чекиниш аниқланган тақдирда ариза берувчига келишиш рад этилганлиги асосланган ҳолда хат юборилади.
Буюртмачи (қурувчи), бошқарувчи ташкилот, кўп квартирали уйдаги хоналарнинг мулкдорлари ёки уларнинг топшириғига кўра лойиҳа ташкилоти рад этишга сабаб бўлган аниқланган камчиликлар бартараф этилгандан кейин лойиҳани келишиш учун такроран тақдим этишга ҳақлидир.
28. Истеъмолчиларнинг қўшимча юкламалари билан боғлиқ бўлган иссиқлик таъминоти тизимининг ишлаб турган иншоотларини кенгайтириш ва реконструкция қилиш Етказиб берувчининг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
III. Кўп квартирали уйнинг иссиқлик таъминоти тизимидан фойдаланишга қўйиш
29. Кўп квартирали уйнинг янгидан бирлаштириладиган, реконструкция қилинадиган иссиқлик таъминоти тизими белгиланган тартибда келишилган лойиҳа ҳужжатларига, қурилиш соҳасидаги техник шартларга, норматив ҳужжатларга мувофиқ бажарилиши ҳамда турар жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормалари ҳамда техника хавфсизлиги нормаларига жавоб бериши керак.
30. Буюртмачи (қурувчи, бошқарувчи ташкилот, кўп квартирали уйдаги хоналарнинг мулкдорлари) пудрат ташкилотидан иссиқлик таъминоти тизимини ушбу Қоидаларга мувофиқ далолатнома бўйича қабул қиладилар.
Шундан кейин буюртмачи (қурувчи, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, бошқарувчи ташкилот, кўп квартирали уйлардаги хоналарнинг мулкдорлари) «Ўздавэнергоназорат» инспекциясининг ваколатли вакилига талабларга жавоб берадиган лойиҳа, техник ва фойдаланиш ҳужжатларини белгиланган тартибда, шунингдек улардан вақтинчалик ёки доимий фойдаланишга қўйиш имкониятини кўриб чиқиш мақсадида кўздан кечириш учун ўз иссиқлик таъминоти тизимларини тақдим этишга мажбурдирлар.
31. Истеъмолчиларнинг иссиқлик таъминоти тизимларида монтаж қилишда камчиликлар, берилган техник шартлардан ёки Етказиб берувчи ва «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси билан келишилган лойиҳа ҳужжатларидан чекиниш аниқланганда, шунингдек уларга хизмат кўрсатиш учун махсус тайёрланган ходимлар бўлмаган, ушбу Қоидалар ва техник тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилинмаган, улар техника хавфсизлиги ва ёнғинни ўчириш бўйича ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланмаган ҳолларда уларни фойдаланишга қўйиш санаб ўтилган камчиликлар бартараф этилгунга қадар тақиқланади.
Фақат «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси томонидан берилган истеъмолчиларнинг иссиқликдан фойдаланиш қурилмаларини ва иссиқлик тармоқларини фойдаланишга қўйиш учун берилган рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда кўп квартирали уйнинг иссиқлик таъминоти тизимидан фойдаланишга рухсат этилиши мумкин.
Кўп квартирали уйнинг махсус тайёрланган ходимларга эга бўлмаган иссиқлик таъминоти тизимидан фақат иссиқлик таъминотининг ушбу тизимлари шартнома асосида хизмат кўрсатиш учун бошқарувчи ташкилотга берилган тақдирда фойдаланишга рухсат этилиши мумкин.
32. Етказиб берувчи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси томонидан берилган истеъмолчиларнинг иссиқликдан фойдаланиш қурилмаларидан ва иссиқлик тармоқларидан фойдаланишга рухсат берувчи рухсатнома мавжуд бўлганда ва Истеъмолчилар билан белгиланган тартибда иссиқлик таъминоти шартномаси тузилгандан кейин Истеъмолчига иссиқлик энергиясини беради.
33. Иссиқликдан фойдаланиш қурилмалари ва иссиқлик тармоқлари техник кўрикдан ўтказилиши ва фойдаланишга рухсат берилиши учун «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси жавоб беради. Фойдаланиш жараёнида Истеъмолчиларнинг иссиқлик таъминоти тизимларини техник кўрикдан ўтказишнинг даврийлиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси томонидан, бироқ бир ойда камида бир марта белгиланади.
34. Иссиқлик таъминотининг ишлаб турган тизимларига ўзбошимчалик билан уланиш, шунингдек ушбу тизимлардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш тақиқланади, бундай тизимлар, ишларни бажаришга харажатлар суммасини тўлаш учун Истеъмолчига талаб қўйилган ҳолда, Етказиб берувчи ёки Ижро этувчининг ходимлари томонидан дарҳол узиб қўйилиши керак.
Иссиқлик таъминоти тизимларига ўзбошимчалик билан уланиш (юридик ва жисмоний шахслар) аниқланганда ёки шикастланиш ёхуд иссиқлик тизимидан сув оқиб кетиши натижасида иссиқ сув исроф қилинганда Етказиб берувчининг вакили томонидан икки нусхада далолатнома расмийлаштирилади, улардан бири уланишнинг эгасига ёки Истеъмолчига топширилади. Истеъмолчи имзолашни рад этганда далолатнома Ижро этувчининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили билан биргаликда Етказиб берувчининг вакили томонидан имзоланади. Ушбу ҳолатда далолатнома ҳақиқий ҳисобланади ва у Истеъмолчининг жавобгарлиги чораларини аниқлаш ва қуйидаги тартибда ҳисоблаб чиқилган фойдаланилган иссиқ сув ҳажми учун тўлашга кўчирма берилган ҳолда Етказиб берувчига етказилган зарарни қоплаш учун асос ҳисобланади:
ўзбошимчалик билан уланганда исроф қилинган ёки сув оқиши ёхуд шикастланиш сабабли йўқотиладиган сувнинг миқдори (м3) қуйидаги формула бўйича аниқланади:
G =7,76 х 10-3 х d2 х √Н х n, бунда:
7,76 — сув сарфини ўлчаш доимий коэффициенти;
d — ўзбошимчалик билан уланган қувурнинг диаметри ёки ундан сув оқиб чиқадиган тешикнинг эквивалент диаметри, мм;
Н — ўзбошимчалик билан уланган ёки қувурдаги тешикдан оқиб тушадиган иссиқ сув босими, сув столбаси метри;
n — қувурдан сув оққан муддат, соат.
Ўзбошимчалик билан уланишда, оқиш ёки шикастланишда йўқолган иссиқлик энергияси миқдори (Гкал) қуйидаги формула бўйича аниқланади:
Q = G X (tиссиқ с.-tсовуқ с.) х 10-3, бунда:
G — ўзбошимчалик билан уланишда, оқиш ёки шикастланишда йўқотиладиган сув миқдори, м3;
tиссиқ с. — ўзбошимчалик билан уланган қувурдаги ёки шикастланишда оқадиган иссиқ сув ҳарорати, 0С;
tсовуқ с. — иссиқлик манбаидаги совуқ сув ҳарорати, 0С.
Турар жой биноси нотурар жой бинога айлантирилганда Истеъмолчи етти кун муддатда иссиқлик таъминоти хизматларидан фойдаланиш учун шартнома тузиши, ҳисобга олиш асбобини ўрнатиши ва рўйхатдан ўтказиши керак. Иссиқ сув таъминотига зарурият бўлмаганда Истеъмолчи Етказиб берувчини ёзма шаклда хабардор қилиши ва узиб қўйишни тасдиқлаш учун унинг вакилини таклиф этиши шарт. Иссиқ сув таъминоти тикланганда ҳам Истеъмолчи бу ҳақда Етказиб берувчини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.
35. Иссиқлик тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка олиб келади.
IV. Уйдаги умумий ва индивидуал ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тартиби
36. Кўп квартирали уйлардаги иссиқлик таъминоти тизими иссиқлик энергиясининг умумий ва индивидуал (бир хонадаги) ҳажмини (сарфини) аниқлайдиган ва иссиқ сувнинг реал ҳажмини миқдорий ҳисобга оладиган, шунингдек унинг сифат кўрсаткичларини белгилайдиган умумий ва индивидуал ҳисобга олиш асбоблари билан таъминланади.
37. Кўп квартирали уйлардаги иссиқлик энергиясини уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбобидан уни балансида сақловчининг (кимнинг балансида эканлигига қараб Етказиб берувчи ёки Ижро этувчининг) маблағлари ҳисобига фойдаланилади ва қиёсловдан ўтказиш амалга оширилади.
38. Ўрнатилгандан кейин уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоби Ижро этувчи ва Етказиб берувчининг вакилларидан иборат бўлган таркибдаги комиссия томонидан ишга туширилади ҳамда Етказиб берувчи томонидан тамғаланади.
39. Ижро этувчилар Ижро этувчи ва Етказиб берувчи ўртасида тузилган шартнома асосида иссиқлик энергиясини ҳисобга олишнинг умумий асбоби кўрсаткичлари бўйича берилган иссиқлик энергияси учун Етказиб берувчи билан ҳисоб-китоб қиладилар.
40. Ижро этувчи иссиқлик энергиясини уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоби сақланишини таъминлаши керак.
41. Уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоблари:
Ўзбекистон Республикасининг ўлчов воситалари давлат реестрига киритилиши;
белгиланган тартибда қиёслашдан ўтказилиши;
индивидуал паспортига, қиёсловдан ўтказилганлиги тўғрисидаги сертификатларга ва текшириш тамғаларига эга бўлиши;
лицензияланган лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага мувофиқ ўрнатилиши;
Етказиб берувчи томонидан тамғаланган бўлиши;
Қиёслашдан ўтказиш муддатида қиёсловдан ўтказилган бўлиши керак.
42. Уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбобларини қиёслашдан ўтказиш оралиғи:
босимнинг ўзгарувчан даражаси электрон сарфларни ўлчагичлар (дифманометрлар) учун — 1 йилда 1 мартани;
ультратовуш, электромагнит, оқимли ва шу каби сарфни ўлчагичлар учун — 2 йилда 1 мартани ташкил этади.
индивидуал ҳисобга олиш асбоблари учун қиёслашдан ўтказиш оралиғи:
юридик шахслардаги иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоби учун — 2 йилда 1 мартани;
жисмоний шахслардаги иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоби учун — 4 йилда 1 мартани ташкил этади.
43. Ҳисобга олиш асбоблари ўз вақтида қиёслашдан ўтказилмаганда Етказиб берувчи томонидан иссиқ сувни ҳисоблаш, қиёсловни ўтказиш вақтигача ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари бўйича:
турар жой биноларида — соз ҳолатдаги ҳисобга олиш асбобининг охирги қайд этилган кўрсаткичлари вақтидан бошлаб қиёслов ўтказилгунгача рўйхатдан ўтказилган (яшовчи) одамларнинг сони бўйича;
нотурар жой хоналар бўйича — ҳисобга олиш асбоби қиёслов ўтказилгунга қадар ҳисоблаб чиқилган юклама бўйича амалга оширилади.
44. Уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоблари шкаласининг ўлчов бирлиги Халқаро бирликлар тизими (СИ) бўйича Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган қуйидаги физик миқдорларда ифодаланади:
иссиқлик энергияси сарфи — Гкал.да;
иссиқ сув ҳажми — куб метрларда;
иссиқлик манбаи ҳарорати — Цельсий бўйича даражаларда (0С);
атмосферадаги босим — кгс/см2 (атм)да ифодаланади.
45. Ижро этувчи, кўп квартирали уйлардаги хоналарнинг мулкдорлари (бундай уй бевосита бошқарилганда) уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоблари шикастланганлиги ҳолати аниқланганда ёки уларнинг кўрсаткичлари тўғрилигига шубҳа пайдо бўлганда Етказиб берувчини дарҳол хабардор қилади. Етказиб берувчи, ўз навбатида, бундай бузилиш ҳолати аниқланганда, белгиланган тартибда, Ижро этувчини, кўп квартирали уйдаги хоналарнинг мулкдорларини дарҳол хабардор қилади. Ушбу ҳолат бўйича қўшма далолатнома тузилади, кейинчалик уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоблари ишлашидаги бузилишларни бартараф этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
46. Таъмирлаш ўтказилиши ёки уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказиш даврида 30 суткагача иссиқлик энергияси ҳисоб-китоби асбоблари ишламай қолишидан олдинги иссиқлик таъминотининг охирги 30 суткаси учун унинг ўртача суткалик сарфи бўйича (иситиш давридаги ёки иситиш давридан бошқа даврда иссиқлик билан таъминлаш режимлари ҳисобга олинган ҳолда), 30 суткадан ортиғи учун — шартнома юкламаси миқдоридан ва иссиқлик энергияси етказиб бериш соатлари сонидан келиб чиқиб амалга оширилади.
Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати кўп квартирали уйдаги хоналар мулкдорларининг умумий йиғилиши ёки кўп квартирали уйдаги хоналар мулкдорлари (бундай уй бевосита бошқарилган тақдирда) қарори асосида таъмирлаш ёки уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказгунга қадар иссиқлик энергияси истеъмолини тўхтатишга ҳақлидир, бунда Етказиб берувчи тик қувур арматурасини тамғалайди, бу ҳақда қўшма далолатнома тузилади.
47. Кўп қаватли уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбобининг шикастланганлиги тўғрисида ўз вақтида огоҳлантирилмаган ҳолларда ушбу Қоидаларнинг 45-бандида қайд этилган тартибга мувофиқ иссиқлик энергияси учун ҳисоб-китоб:
Ижро этувчилар (Истеъмолчилар) томонидан Етказиб берувчи ўз вақтида огоҳлантирилмаганда — шартномавий юклама миқдоридан ва иссиқлик энергияси етказиб бериш соатлари сонидан келиб чиқиб;
Етказиб берувчи Ижро этувчини (Истеъмолчиларни) ўз вақтида огоҳлантирмаганда — иссиқлик таъминотининг олдинги 30 суткада аниқланган ўртача суткалик сарф бўйича (иссиқлик таъминоти режимлари ҳисобга олинган ҳолда иситиш даврида ёки иситиш мавсумидан бошқа даврда) амалга оширилади.
48. Иссиқлик энергияси беришнинг ҳисобини юритиш Етказиб берувчи билан Ижро этувчи ёки кўп қаватли уй мулкдорлари (бундай уй бевосита бошқарилган тақдирда) ўртасидаги баланс мансублилик чегарасида амалга оширилади ва кўп қаватли уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичларини кўриш Етказиб берувчи ва Ижро этувчининг вакиллари билан биргаликда амалга оширилади.
49. Истеъмолчиларнинг ҳисобга олиш асбобларини сотиб олиш, ўрнатиш, давлат қиёсловидан ўтказиш, фойдаланиш (таъмирлаш, алмаштириш) Етказиб берувчи томонидан Истеъмолчиларнинг (субистеъмолчиларнинг) маблағлари ҳисобига бажарилади. Бунда Етказиб берувчи кўрсатиб ўтилган хизматларни истеъмолчиларга бажариш учун нархни тартибга солиш органлари билан келишилган алоҳида тарифларни белгилаши лозим.
Истеъмолчининг (субистеъмолчининг) хоҳишига кўра ва унинг ҳисобига индивидуал ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш, давлат қиёсловидан ўтказиш, таъмирлаш ва алмаштириш «Ўзстандарт» агентлиги органларида аккредитациядан ўтган бошқа ташкилотлар томонидан ҳам бажарилиши мумкин.
50. Етказиб берувчи Истеъмолчига «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тақдим этиладиган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикасида қўллашга йўл қўйилган индивидуал ҳисобга олиш асбоблари турлари тўғрисидаги ахборотни тақдим этиши шарт.
51. Индивидуал ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш учун Истеъмолчи Етказиб берувчига буюртманома беради. Буюртманома тушгандан кейин Етказиб берувчи уч кун муддатда Истеъмолчи билан индивидуал ҳисобга олиш асбобларини сотиб олиш ва ўрнатишга шартнома тузади. Шартномада Истеъмолчи томонидан шартнома суммасининг 100 фоизини олдиндан тўлаш тўғрисидаги шарт назарда тутилади. Бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, нафақа олувчи кам таъминланган оилаларни иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоблари билан жиҳозлаш Етказиб берувчи ҳисобидан уй-жой мулкдоридан индивидуал ҳисобга олиш асбоб қийматини кейинги 12 ой мобайнида тўлаш шартномаси асосида, белгиланган тартибда амалга оширилади.
52. Етказиб берувчи ёки «Ўзстандарт» агентлигида аккредитациядан ўтган бошқа ташкилот Истеъмолчи томонидан иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоби ўрнатилган жойга бориш имкони берилиши шарти билан, тўлов амалга оширилгандан кейин 30 календарь кун мобайнида Истеъмолчига индивидуал ҳисобга олиш асбобини ўрнатиши шарт.
Етказиб берувчи томонидан индивидуал ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш муддатига риоя қилинмаган тақдирда Истеъмолчи қонун ҳужжатларида белгиланган оширувчи коэффициентни тўлашдан озод этилади.
53. Индивидуал ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш, таъмирлаш, давлат текширувидан ўтказиш ёки алмаштириш учун ечиб олиш бўйича хизматлар янгидан ўрнатиладиган индивидуал ҳисобга олиш асбобининг рақами ёки ўрнатиш ва ечиб олиш пайтидаги ҳисобга олиш кўрсаткичлари билан биргаликда ҳисобга олишнинг ечиб олинадиган индивидуал ҳисобга олиш асбоби рақами кўрсатиладиган икки томонлама далолатнома тузилган ҳолда, Истеъмолчи ёки унинг вакили иштирокида бажарилиши керак.
54. Индивидуал ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш ёки уни ечиб олиш тўғрисидаги далолатномаларни тузиш, шунингдек Етказиб берувчи томонидан уларни тамғалаш бепул амалга оширилади.
55. Индивидуал ҳисобга олиш асбобини ва улардаги тамғаларнинг сақланиши ва бутлиги учун жавобгарлик Истеъмолчига, ҳисобга олиш умумий асбобларининг сақланиши ва тамғаларининг бутлиги учун жавобгарлик — балансда сақловчига юкланади.
56. Индивидуал ҳисобга олиш асбобларининг шикастланганлиги, улардаги тамғаларнинг узилиши ёки унинг бутунлиги бузилган тақдирда, шунингдек текшириш муддати тамом бўлганда Истеъмолчи бу ҳақда дарҳол Етказиб берувчини хабардор қилиши шарт.
Ушбу ҳолат бўйича тарафлар томонидан тегишли қўшма далолатнома тузилади, кейинчалик индивидуал ҳисобга олиш асбоблари ишлашидаги бузилишларни бартараф этиш, шунингдек режали текширишни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
57. 56-бандда қайд этилган тартибга мувофиқ бир сутка мобайнида индивидуал ҳисобга олиш асбобининг шикастланганлиги тўғрисида огоҳлантирилмаган ҳолларда иссиқлик энергияси учун ҳисоб-китоб иссиқ сувни ҳисобга олишнинг соз ҳолатдаги асбоби кўрсаткичлари охирги марта қайд этилган пайтдан бошлаб текшириш ўтказилгунга қадар рўйхатдан ўтказилган (яшовчи) одамларнинг сони бўйича амалга оширилади.
58. Етказиб берувчи Истеъмолчиларнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимини йил чорагида бир марта текшириши, Истеъмолчилар томонидан индивидуал ҳисобга олиш асбоби ёзиб олинган кўрсаткичларининг тўғрилигини ўз маълумотлари билан текшириши ва улар томонидан иссиқ сувнинг истеъмол қилинган ҳажми тўғрисида маълумотлар тақдим этилиши шарт.
59. Истеъмолчилар (олдиндан келишув бўйича ёзма ёки оғзаки шаклда) Етказиб берувчининг вакиллари, уларда хизмат гувоҳномалари бўлган тақдирда, ҳисобга олишнинг умумий ёки индивидуал ҳисобга олиш асбоби, иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимларига, квартира ичидаги асбоб-ускунага уларни кўздан кечириш учун бошқарувчи ташкилот вакилининг мажбурий иштирокида тўсиқсиз кўздан кечиришларини таъминлаши шарт.
60. Индивидуал ҳисобга олиш асбобини текшириш, ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш, текшириш жойигача олиб бориш ва у ердан келтириш, ҳисобга олишнинг текширилган асбобини ўрнатиш ишларини, шунингдек текшириш бўйича метрология хизматларига ҳақ тўлашни ўз ичига олади.
61. Индивидуал ҳисобга олиш асбобидан фойдаланишнинг белгиланган чекланган муддати тамом бўлгунга қадар Етказиб берувчи олдиндан (камида 10 календарь кундан олдин) Истеъмолчига шартномада қайд этилган индивидуал ҳисобга олиш асбобидан фойдаланишнинг чекланган муддати тамом бўлганлиги тўғрисида белгиланган тартибда билдиришнома юборади.
Истеъмолчи билдиришнома олинган кундан бошлаб уч кун муддатда буюртманомани, ҳисобга олишнинг индивидуал ҳисобга олиш асбобини текшириш учун Етказиб берувчининг вакиллари томонидан чиқариб олинган кун ва вақтни ёзма ёки оғзаки шаклда (телефон орқали) келишади, кейинчалик ечиб олиш санаси, индивидуал ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари ва текширишни ўтказиш ва ҳисобга олишнинг текширилган индивидуал ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш муддатлари кўрсатиладиган икки томонлама далолатнома тузилади.
Истеъмолчи узрли сабаб билан (хизмат сафари, даволаниш, дам олиш) ҳозир бўлмаган тақдирда, тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда индивидуал ҳисобга олиш асбобини текшириш учун ечиб олиш тўғрисидаги кўрсатма олинган кундан бошлаб ҳозир бўлмаган даврга узайтирилади.
62. Етказиб берувчининг индивидуал ҳисобга олиш асбобини қиёсловдан ўтказиш ва таъмирлаш, уни ечиб олинган кундан бошлаб, қайта ўрнатиш ва тамғалаш 30 иш кунидан ортиқни ташкил этмаслиги лозим.
63. Индивидуал ҳисобга олиш асбобларини текшириш ёки таъмирлаш даврида, иссиқ сув таъминоти учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб олдинги уч ойлик индивидуал ҳисобга олиш асбобларининг ўртача суткалик кўрсаткичлари ёзиб олинган пайтдан бошлаб 30 календарь кун мобайнида амалга оширилади.
V. Иссиқлик таъминоти тизимларидан фойдаланиш
64. Кўп квартирали уйнинг пастки қисми Етказиб берувчи ва Ижро этувчи (бундай уй бевосита бошқариладиган тақдирда Истеъмолчи) ўртасидаги баланс мансублилик чегараси ҳисобланади. Иссиқлик пункти бинонинг ташқарисида жойлашган тақдирда иссиқлик тармоқлари томонидан элеватор боғламасининг кириш қопқоқлари гардишлари ажратиш чегараси ҳисобланади.
65. Уй ичидаги иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимларининг зарур техник ҳолати ва улардан фойдаланиш Ижро этувчи (Истеъмолчи — бундай уй бевосита бошқарилганда) томонидан таъминланади.
66. Хонадон ичидаги асбоб-ускунанинг зарур техник ҳолати ва улардан хавфсиз фойдаланиш Истеъмолчи томонидан таъминланади. Бунда уй-жой мулкдорига тегишли бўлган хонадондаги сув олинадиган тик қувурдан иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимларининг тармоқланиши, хонадон мулкдорининг фойдаланиш бўйича жавобгарлик жойи ҳисобланади.
67. Етказиб берувчига тегишли бўлган иссиқлик тармоқларида Истеъмолчига тегишли бўлган қурилмалар ва асбоб-ускуналар бўлмаслиги керак.
68. Иситиш даври тамом бўлгандан кейин Ижро этувчи (бундай уй бевосита бошқарилган тақдирда — Истеъмолчилар) Етказиб берувчининг вакили ҳозирлигида иситишнинг уй ичидаги тизимини гидравлик пресслаши ва кейинчалик уни тармоқдаги сув билан тўлдирган ҳолда ювиши керак, бу ҳақда тегишли далолатномалар тузилади. Тизимларни ювиш учун водопровод сувидан ёки техник сувдан фойдаланилади.
Ювишнинг қанча муддат давом этиши, ювиладиган тик қувурнинг диаметри, тармоқдаги босим тўғрисидаги маълумотлар Ижро этувчининг (бундай уй бевосита бошқариладиган тақдирда — Истеъмолчиларнинг) ва ювишни амалга оширувчи ташкилотнинг вакиллари томонидан тузиладиган далолатномага ёзилади.
Уйнинг ичидаги иситиш тизимини ювиш тўғрисидаги далолатнома Етказиб берувчи ва Ижро этувчининг (Истеъмолчиларнинг) вакиллари томонидан имзоланади.
69. Ювиш бўйича харажатлар Ижро этувчининг (Истеъмолчиларнинг) ҳисобига амалга оширилади ва умумий мулкни сақлаш ҳамда таъмирлашга мажбурий бадалларни шакллантиришда назарда тутилади.
70. Етказиб берувчининг иссиқлик тармоқларини режали-олдини олувчи таъмирлашларни бажаришда иссиқлик таъминотини бир йилда 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатга, белгиланган тартибда узиб қўйишга йўл қўйилади.
VI. Етказиб берувчининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги
71. Етказиб берувчи камида 2 сутка олдин Истеъмолчини ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ, қуйидаги ҳолларда иссиқлик энергияси беришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиш чора-тадбирларини кўриш ҳуқуқига эга:
тўловни иссиқлик таъминоти шартномасида назарда тутилган муддатларда иссиқлик энергияси учун тўлов ҳужжати бўйича амалга оширмаслик;
Истеъмолчиларнинг иссиқлик таъминоти тизимларига ўзбошимчалик билан уланиб олиш;
Етказиб берувчининг вакилларини ҳисобга олиш асбобини кўздан кечириш ва уларнинг кўрсаткичларини ёзиб олиш учун ҳисобга олишнинг умумий ва индивидуал ҳисобга олиш асбобларига сабабсиз қўймаслик.
72. Режали-олдини олувчи таъмирлашлар бажарилганда ёки янги Истеъмолчилар уланганда Етказиб берувчи кўп квартирали уйдаги мавжуд хоналарнинг иссиқлик таъминотини узиб қўйиш ҳуқуқига эга.
Истеъмолчиларни огоҳлантириш иссиқлик энергиясини беришдаги танаффусни келишиш учун 7 кун олдин амалга оширилади. Агар огоҳлантириш олингандан кейин 5 кун муддатда Ижро этувчи (Истеъмолчилар) иссиқлик энергиясини етказиб беришдаги танаффус вақтини келишиб олмасалар, Етказиб берувчи ушбу вақтни мустақил белгилаш ҳуқуқига эга.
73. Аварияларнинг олдини олиш ёки уларни бартараф этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўриш учун Етказиб берувчи Истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб беришни тўхтатиш ҳуқуқига эга, бироқ узиб қўйиш сабаблари тўғрисида дарҳол билдиришнома юборади.
74. Етказиб берувчи Истеъмолчилар олдида иссиқлик энергиясини етказиб беришдаги танаффуслар, иссиқлик бериш параметрларининг пасайиши ва иссиқлик энергиясини етказиб бермасликка сабаб бўлувчи қуйидаги ҳолатларда:
Етказиб берувчининг асбоб-ускунаси ишдан чиқишига сабаб бўлган табиий офатлар, шунингдек ёнғин ва ташқи ҳавонинг ҳарорати 30С дан паст ва ушбу жойда иситишни лойиҳалаштириш учун қабул қилинган ҳисоб-китобдаги ҳарорат 48 соатдан кўп давом этадиган узоқ муддатли совуқ тушиши, бирламчи сув сифатининг ёмонлашиши;
хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг ходимлари ва Истеъмолчилар томонидан иссиқлик таъминоти режими ўзгаришига сабаб бўлган бузилишлар;
бир неча сутка мобайнида Ижро этувчи ёки Истеъмолчилар томонидан шартномавий иссиқлик юкламалари оширилишига ёки иссиқлик манбаи параметрларининг пасайишига олиб келган унинг учун белгиланган иссиқлик истеъмоли режимларига риоя қилмасликка йўл қўйилиши туфайли иссиқлик энергияси тўлиқ берилмаслиги учун Истеъмолчилар олдида моддий жавоб бермайди.
75. Етказиб берувчи:
иссиқлик таъминоти шартномасида назарда тутилган ҳажмда, иссиқлик энергиясининг уланган тармоқ орқали узлуксиз етказиб берилишини таъминлашга ва томонлар билан келишилган режимига риоя этишга;
иссиқлик энергиясини стандартлаштириш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ сифат билан етказиб беришга;
Истеъмолчига кўп квартирали уйдаги турар жой ва нотурар жой хоналарининг ҳисоблаб чиқилган иссиқлик юкламалари бўйича маълумотларни беришга;
иссиқлик таъминоти шартномасига мувофиқ иссиқлик тармоқларининг баланс мансублилиги ажралиши чегарасида иссиқлик манбаи (иссиқ сув) параметрларини сақлашга ва:
ҳарорат бўйича камида 500С ва 750Сдан юқори бўлмаган;
аниқлаш нуқтасида иссиқ сув таъминоти тизимидаги босим бўйича 0,03 МПа (0,3 кгс/см2) дан 0,45 МПа (4,5 кгс/см2)гачадан четга чиқишга йўл қўймасликка;
ушбу Қоидаларнинг 12-бандида назарда тутилган иситиш даврида турар жой хоналарида ҳаво ҳароратини таъминлашга;
иссиқлик берувчи қувурда ҳаво ҳарорати бўйича иссиқлик манбаи параметрларининг (+/-) 3 %дан ортиқ, сув босими бўйича: иссиқлик берувчи қувурда -(+/-) 5 %, иссиқлик қайтадиган қувурда -(+/-) 20 КПАдан четга чиқишга йўл қўймасликка;
иссиқлик таъминоти бўйича амалдаги ва янги меъёрий ҳужжатлар жорий этилиши тўғрисида алоқа каналлари орқали Ижро этувчини ва Истеъмолчини хабардор қилишга;
тарифлардаги ўзгаришлар тўғрисида улар амалга киритилишидан 15 кун олдин оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилишга;
Истеъмолчиларга иссиқлик таъминоти хизматлари учун тўлов бўйича ҳисоб-китобларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек етказиб берилган иссиқлик энергияси учун тўлов бўйича қарзларнинг йўқлиги тўғрисидаги маълумотларни бепул беришга;
даъво муддати доирасида иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчиларнинг қарзларини ундириш бўйича барча чораларни кўришга мажбур.
76. Истеъмолчилар (Ижро этувчи) томонидан иссиқлик таъминоти йўқлиги ёки иссиқлик манбаи параметрларининг шартномавий параметрларга нисбатан пасайиши тўғрисида белгиланган тартибда ариза берилгандан кейин Етказиб берувчи 18 соат мобайнида ариза берувчининг вакиллари иштирокида тегишли далолатномани тузиш учун ўз вакили ҳозир бўлишини таъминлашга, шунингдек Етказиб берувчининг айби билан етказиб берилмаган иссиқлик энергиясининг қийматини қоплашга ёки етказиб берилмаган иссиқлик энергиясининг қийматини келгуси даврдаги ўзаро ҳисоб-китобларда ҳисобга олишга мажбур.
Етказиб берилмаган иссиқлик энергияси ҳажми Истеъмолчи ва Ижро этувчининг вакиллари иштирокида Етказиб берувчи томонидан аниқланади ва далолатнома билан расмийлаштирилади.
77. Етказиб берувчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар учун тўлиқ ҳажмда жавоб беради.
Етказиб берувчи, агар иссиқлик таъминотининг кўрсатиладиган хизматлари сифати пасайиши енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари ёки Истеъмолчи томонидан иссиқлик таъминоти шартномаси шартлари бузилиши оқибатида юз берганлигини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда исботлай олса, иссиқлик таъминотининг кўрсатиладиган хизматлар сифатининг бузилиши учун жавобгарликдан озод қилинади.
VII. Ижро этувчининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги
78. Ижро этувчи:
квартира ичидаги асбоб-ускуналарнинг техник ва санитария ҳолатини кўздан кечириш ва зарур таъмирлаш ишларини бажариш учун Истеъмолчилар билан олдиндан келишилган вақтда уларнинг квартирасига киришни, аварияларни бартараф этиш учун эса — исталган вақтда киришни талаб этиш, шунингдек Истеъмолчининг айби билан юзага келган зарарларни тўлиқ қоплашни ундан талаб қилиш;
квартира ичидаги асбоб-ускуналарнинг ҳолатини кўздан кечириш йўли билан иссиқлик таъминоти тизимларининг техник ҳолати (сақланиши)ни назорат қилиш ҳуқуқига эга.
Ижро этувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.
79. Ижро этувчи қуйидагиларга мажбур:
иссиқлик энергиясини тегишли ҳажмларда ва зарур сифатда бериш учун иссиқлик таъминотининг уй ичидаги тизимларини зарур тарзда сақлаш;
улардан фойдаланган ҳолда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиладиган иссиқлик таъминотининг уй ичидаги тизимларига мустақил равишда ёки бошқа шахсларни жалб этган ҳолда хизмат кўрсатиш;
аварияларни бартараф этиш, шунингдек Истеъмолчининг буюртманомаларини ўз вақтида бажариш, иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш режими ва сифати бўйича Истеъмолчиларнинг мурожаатлари (аризалари, таклифи, шикоятлари) ҳисобини юритиш;
иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимлари ва (ёки) иссиқлик тармоқлари ва асбоб-ускуналари ишида носозликлар аниқланган кундан бошлаб бир сутка мобайнида иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатишнинг мўлжалланаётган тўхтатиб турилиши даври ёки чекланишининг сабаблари тўғрисида Истеъмолчини хабардор қилиш;
Истеъмолчининг талабига кўра иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатилмаганлиги ёки зарур сифатда кўрсатилмаганлигининг сабабларини аниқлаш учун ўз вакилини юбориш (тегишли далолатнома тузилган ҳолда), шунингдек авариялар, табиий офатлар, иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатилмаганлиги ёки сифатсиз кўрсатилганлиги сабабли Истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарарни қайд этувчи далолатномани юбориш;
кўп квартирали уйдаги хонанинг ичкарисида режали ишлар ўтказилишидан олдин уч кундан кечикмай ушбу хонага кириш вақтини Истеъмолчи билан келишиш ёки Истеъмолчининг хонаси ичкарисида ишларни бажариш тўғрисида унга ёзма билдиришнома юбориш. Ёзма билдиришномада ишларнинг бажарилиши учун масъул ходим (фамилияси, исми ва отасининг исми, лавозими ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда), бажариладиган ишларнинг тури, санаси, вақти ва муддатлари кўрсатилади;
иситиш ва иссиқлик сув таъминотининг уй ичидаги тизимлари қайта жиҳозланишига йўл қўймаслик;
иситиш тизимидан тармоқ сувининг оқиши ва чиқиб кетишига йўл қўймаслик;
Етказиб берувчининг вакили билан биргаликда уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоби билан бирлаштириш штуцерларини тамғалаш, тамғаларнинг, шу жумладан завод тамғаларининг сақланишини таъминлаш;
кўп квартирали уйни иситиш тадбирига тайёрлаш, шу жумладан герметизация ҳамда дераза ва эшик ёриқларини (шу жумладан шахталар ва туйнукларни) ойна билан беркитиш ва иситиш йўли билан кўп квартирали уйнинг умумий хоналарини (квартиралар оралиғидаги майдончаларни) иситиш, кириш йўлакларида иситиш асбоблари, радиатор акс эттирувчилари ўрнатиш, томларни ёпиш материалларини тўплаш ишларини бажариш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш;
иситиш даври бошланишидан бир ой олдин Етказиб берувчига уйнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти уй ичидаги тизимларининг иситиш даврига тайёрлиги тўғрисидаги далолатномани тақдим этиш;
иссиқлик истеъмоли режимига нисбатан Етказиб берувчининг тезкор кўрсатмаларини бажариш;
Етказиб берувчи билан таъмирлашларнинг ҳажми, муддати ва жадвалларини келишган ҳолда режали-олдини олувчи таъмирлашни ва қувурларни, тик қувур ва тартибга солувчи арматурани синашни ўз вақтида бажариш;
иссиқлик ва иссиқ сув берилишидан ва тўхтатилишидан 7 кун олдин Истеъмолчини огоҳлантириш;
Етказиб берувчининг буюртманомалари бўйича унинг ваколатли вакилларининг иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимларига тўсиқсиз киришини таъминлаш;
етказувчининг балансидаги иссиқлик тармоқларини, асбоб-ускуналар ва уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбобларини таъмирлаш ва улардан фойдаланиш бўйича олдиндан келишилган ишларни бажариш учун ўз ҳудудига Етказиб берувчини киритиш;
уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоблари мавжуд бўлганда ҳар ойда ойнинг охирги ҳафтасида Етказиб берувчининг вакили билан биргаликда уларнинг кўрсаткичларини ёзиб олиш, уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичларини ҳисобга олиш дафтарига ёзиш, иссиқлик энергияси ҳажмини Истеъмолчилар ўртасида тақсимлаш, Истеъмолчининг талабига кўра мурожаат қилинган кундан кейинги бир иш куни мобайнида унга кўрсатиб ўтилган дафтарни тақдим этиш;
белгиланган тартибда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига бириктирилган ва иссиқлик тармоқларининг ер ости трассаси ўтадиган уй атрофидаги ҳудудда:
қурилишлар тикланишига;
материаллар уйилишига;
иссиқлик тармоқларидан камида 5 метр масофада дарахтлар ўтқазилишига;
аварияли таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилишига тўсқинлик қилувчи ер қазиш ишлари бажарилишига;
иссиқлик тармоқлари ўтадиган хоналарда одамлар доимий равишда бўлишига йўл қўймаслик, навбатчи ходимлар бундан мустасно.
Ижро этувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
80. Ижро этувчи, шунингдек кўп квартирали уйларнинг барча йўлакларида ёки кўп квартирали уйлар яқинида жойлашган эълонлар тахталарига қуйидагиларни жойлаштиришга мажбур:
диспетчерлик, авария ёки авария-диспетчерлик хизматларининг расмий номи, манзили, иш режими, телефонлари рақамлари, Етказиб берувчи раҳбарининг фамилияси, исми ва отасининг исми;
иссиқлик таъминоти хизматларига, иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти бўйича алоҳида тарифларнинг миқдорлари, улар асосида тарифлар қўлланиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, тарифлар ўзгарган тақдирда — ўзгарган тарифларнинг миқдорлари;
иссиқлик таъминоти хизматлари учун тўлов тартиби ва шакли.
81. Етказиб берувчи томонидан тақдим этилган торайтирувчи қурилмаларнинг ҳисоб-китоблари асосида Ижро этувчи уларни тайёрлашга ва Етказиб берувчининг вакили ҳозирлигида иссиқлик пунктига ўрнатишга мажбур. Ўрнатилган торайтирувчи қурилмалар Етказиб берувчининг вакили томонидан Ижро этувчи билан биргаликда тамғаланади ва сақлаш учун Ижро этувчига топширилади. Ушбу ҳолат бўйича тегишли қўшма далолатнома тузилади.
82. Ижро этувчи иссиқлик энергияси сифати кўрсаткичларига риоя қилиш юзасидан Етказиб берувчи томонидан, ўз шартномавий мажбуриятлари бажарилиши шарти билан, қонун ҳужжатларига, ушбу Қоидаларга, иссиқлик таъминоти шартномасига мувофиқ иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш сифати учун жавоб беради.
83. Ижро этувчи Истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар, қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда маънавий зарар, шунингдек иссиқлик пунктининг торайтирувчи қурилмаларидаги ва уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбобларидаги тамғалар бузилганлиги учун тўлиқ ҳажмда жавоб беради.
84. Ижро этувчи, агар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, иссиқлик таъминотининг кўрсатиладиган хизматлари сифати бузилиши енгиб бўлмайдиган куч оқибатида юз берганлигини ёки ушбу Қоидалар ва иссиқлик таъминоти шартномаси шартлари Истеъмолчи томонидан бузилганлигини исбот қилса, бундай бузилиш учун жавобгарликдан озод қилинади.
VIII. Истеъмолчининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги
85. Истеъмолчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
кўп квартирали уйда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида белгиланган сифатга, ҳажмга, унинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсиз бўлган, унинг мол-мулкига зарар етказмайдиган иссиқлик таъминоти хизматлари узлуксиз кўрсатилишини талаб этиш;
ушбу Қоидаларга ва иссиқлик таъминоти шартномасига мувофиқ, ушбу хизматлар кўрсатилмаган давр учун иссиқлик таъминоти хизматларига ҳақ тўлашдан тўлиқ ёки қисман озод этилган ҳолда, иссиқлик таъминоти шартномасида белгиланганидан ортиқча танаффуслар вақти учун иссиқлик таъминоти хизматларига ҳақ тўламаслик;
қонун ҳужжатларида, иссиқлик таъминоти шартномасида ёки иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган ҳолатларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатилмаганда ёки хизматлар зарур сифат ва тартибда кўрсатилмаганда неустойка (жарималар, пенялар) тўлашни, қайта ҳисоб-китоб амалга оширилишини талаб қилиш;
иссиқлик таъминоти хизматлари учун тўлов бўйича ҳисоб-китобларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни (шахсан ёки ўз вакили орқали), шунингдек Етказиб берилган иссиқлик энергияси учун тўлов бўйича қарзларнинг йўқлиги тўғрисидаги маълумотномаларни бепул олиш;
иссиқлик таъминоти хизматларининг ҳажми ва сифати, уни кўрсатиш шартлари, иссиқлик таъминоти учун тўлов миқдори ва уни тўлаш тартиби ўзгариши тўғрисидаги маълумотларни бепул олиш;
буюртманомалар юборилган пайтдан бошлаб иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатилмаганлиги ёки зарур сифатда кўрсатилмаганлиги ва аниқланган камчиликлар белгиланган муддатда бартараф этилганлиги тўғрисидаги далолатномани 18 соат мобайнида олиш.
Истеъмолчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин:
86. Истеъмолчи қуйидагиларга мажбур:
индивидуал ҳисобга олиш асбобларининг яққол кўриниб турган носозликлари аниқланганда бу тўғрида Ижро этувчи (Етказиб берувчи)га дарҳол хабар бериш, шу жумладан иссиқлик таъминоти бўйича хизматлар кўрсатишга тузилган шартномада қайд этилган телефон, электрон почта орқали хабар бериш;
квартира ичидаги асбоб-ускуналарнинг носозликлари (авариялар) аниқланганда уларни бартараф этиш юзасидан мумкин бўлган барча чораларни кўриш;
иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимларидаги авариялар, шунингдек иссиқлик энергиясидан фойдаланишда юзага келадиган бошқа бузилишлар тўғрисида тегишли равишда Ижро этувчига ёки Етказиб берувчига дарҳол хабар бериш;
иссиқлик таъминотининг фойдаланилган хизматлари учун тўловни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўлаш;
иссиқлик энергиясидан фойдаланишда техника хавфсизлиги чораларига риоя этиш;
иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичларини йиғиш учун кўп квартирали уйнинг ҳар бир йўлагида ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари биноларида ўрнатилган металл қутига солиш йўли билан индивидуал ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичларини Ижро этувчига (Етказиб берувчига) тақдим этиш;
индивидуал ҳисобга олиш асбобларидан назорат кўрсаткичларини ёзиб олиш учун Етказиб берувчининг вакилини, хизмат гувоҳномаси мавжуд бўлган тақдирда, олдиндан келишилган вақтда қўйишни таъминлаш;
юз берган ўзгаришлар (эгаси, одамлар сони, майдон ўзгариши, турар жой фондидан нотурар жой фондига ва нотурар жой фондидан турар жой фондига айлантириш) пайтидан (кунидан) бошлаб 10 иш кунидан кечикмай иссиқлик таъминоти хизматларидан фойдаланиш шартномаси шартлари ўзгарганлиги тўғрисида Етказиб берувчини ўз вақтида хабардор қилиш.
Истеъмолчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
87. Истеъмолчи иситиш ва иссиқ сув таъминоти хизматлари кўрсатишнинг сифатига таъсир кўрсатувчи иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимлари бузилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
88. Истеъмолчи учун қуйидагилар тақиқланади:
иситиш тизимидан иссиқлик манбаини чиқариб ташлаш;
уй ичидаги иссиқлик тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб олиш ёки ҳисобга олишнинг умумий ёки индивидуал ҳисобга олиш асбобларини четлаб ўтиб уларга уланиш, тегишли ўзгаришларни белгиланган тартибда киритмасдан иссиқлик таъминотининг уй ичидаги тизимларига ўзгартиришлар киритиш;
турар жой хонасида ўрнатилган иситиш асбобларининг иситиш юзасини хонанинг техник паспортида кўрсатилган параметрлардан ортиқ ўзбошимчалик билан кўпайтириш, шунингдек қўшимча тартибга солувчи ва тик қувур арматурасига ўрнатиш;
кўп қаватли уйнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимидан алоҳида турар ва нотурар жойларнинг иситиш асбобларини демонтаж қилиш орқали иситиш тизимидан узиб қўйиш;
индивидуал ҳисобга олиш асбобларидаги тамғаларни ўзбошимчалик билан бузиш, ҳисобга олишнинг умумий ёки индивидуал ҳисобга олиш асбобларини қисмларга ажратиш ва уларнинг кўрсаткичларини бузишга ёки шикастлашга йўналтирилган хатти-ҳаракатларни содир этиш;
иссиқлик энергиясидан унинг бевосита вазифасидан (иситиш, иссиқ сув таъминоти) бошқа мақсадда фойдаланиш;
иссиқлик таъминоти шартномасида ва ушбу Қоидаларда белгиланган иссиқлик энергиясидан фойдаланиш тартибини бузувчи хатти-ҳаракатларни содир этиш.
IX. Иссиқлик таъминотидан фойдаланганлик учун ҳисоб-китоблар
89. Истеъмол қилинган иссиқлик энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш:
иссиқлик таъминоти шартномаси асосида Истеъмолчиларнинг Етказиб берувчи билан;
уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоби мавжуд бўлганда — иссиқлик таъминоти тўғрисидаги шартнома асосида Ижро этувчи томонидан Етказиб берувчи билан ва, тегишли равишда, иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида Истеъмолчиларнинг Ижро этувчи билан ҳисоб-китоб қилиши йўли билан амалга оширилади.
90. Жисмоний шахсларга кўрсатиладиган иссиқлик таъминоти хизматларига тарифлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:
а) иситишга — иситиладиган майдоннинг бир квадрат метрига (сўм/кв.м/ой);
б) иссиқ сув таъминотига:
индивидуал ҳисобга олиш асбоблари бўлмаган тақдирда — бир одамга бир ойда (сўм/киши/ой);
индивидуал ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичлари бўйича, улар мавжуд бўлганда, иссиқ сувнинг бир куб метри учун (сўм/куб.м) тасдиқланади.
91. Етказиб берувчи билан Ижро этувчи (турар жой фондидан фойдаланувчи юридик шахс — хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, бошқарувчи ташкилот ва бошқалар) ўртасида иссиқлик таъминоти шартномаси тузилган тақдирда Истеъмолчи Ижро этувчига, Ижро этувчи эса Етказиб берувчига иссиқлик энергияси учун тўловни жисмоний шахслар (аҳоли) учун белгиланган тарифлар бўйича тўлайди.
92. Уйларда, ётоқхоналарда, идоравий турар жой фонди хонадонларида яшовчи истеъмолчилар иссиқлик энергияси учун тўловни ушбу идоранинг фойдаланиш органига жисмоний шахслар (аҳоли) учун белгиланган тарифлар бўйича тўлайдилар. Бунда тасарруфида ва балансида турар жой фонди бўлган давлат корхоналари, муассасалар, ташкилотлар уларнинг идоравий турар жой фондида яшовчи жисмоний шахсларга иссиқлик таъминотининг кўрсатилган хизматлари учун юридик шахслар учун тарифлар бўйича шартнома тузадилар ва тўловни Етказиб берувчига тўлайдилар.
93. Иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбобига эга бўлмаган жисмоний шахсларга етказиб берилган иссиқлик энергияси (иссиқ сув) қийматига ҳақ тўлаш иссиқ сув таъминоти хизматлари учун белгиланган тарифларга қонун ҳужжатларида белгиланган оширувчи коэффициент қўлланган ҳолда амалга оширилади.
Рўйхатдан ўтказилган фуқаролар бўлмаган турар жой хонадонларида иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоблари мавжуд бўлмаганда иссиқ сув таъминоти хизматлари учун ҳисоб-китоблар бир хонали ва икки хонали турар жой биносидаги бир кишига; уч хонали турар жой биносидаги икки кишига; тўрт хонали турар жой биносидаги уч кишига; беш хонали турар жой биносидаги тўрт кишига ҳисобидан, иссиқ сув таъминоти хизматларига белгиланган тарифларга қонун ҳужжатларида белгиланган оширувчи коэффициент қўлланган ҳолда, амалга оширилади.
94. Жисмоний шахсларга кўрсатиладиган марказий иситиш хизматлари учун ҳисоблаш календарь йил мобайнида ҳар ойда тенг равишда белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилади.
Жисмоний шахсларга кўрсатиладиган иссиқ сув таъминоти хизматлари учун ҳисоблаш йил мобайнида ҳар ойда белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилади.
Марказий иситиш манбаига эга бўлган уйга кўчиб кирган мулкдорлар ёки турар жойни ижарага олувчилар иситиш мавсуми тамом бўлгандан кейин марказий иситиш учун тўловларни, бошқа истеъмолчилар билан тенг равишда, белгиланган тариф бўйича тўлашга мажбур.
Уй-жой мулкдорлари ёки турар жойни ижарага олувчилар, истиқомат қилишидан ва/ёки рўйхатда туришидан қатъи назар, марказий иситиш учун тўловларни амалга ошириши шарт.
95. Иссиқлик энергияси таъминоти хизматларига тарифлар ўзгарганда, санадан қатъи назар, иссиқлик таъминоти шартномаси кучида қолади ва Истеъмолчи фойдаланилган иссиқлик таъминоти хизматларига улар жорий этилган кундан бошлаб янги тарифлар бўйича ҳақ тўлашга мажбур. Етказиб берувчи тариф ўзгаришидан ўн беш кун олдин оммавий ахборот воситаларида тегишли хабарни эълон қилиш йўли билан тарифлар ўзгариши тўғрисида Истеъмолчиларни хабардор қилиши шарт.
Бунда Истеъмолчи — жисмоний шахс ушбу даврда тегишли тарифлар ошган тақдирда иссиқлик таъминоти хизматларига аванс билан тўланган тўловларга (тўлов кунидан бошлаб ўн икки ойдан ошмайдиган даврга) қўшимча тўловлар тўлашдан озод этилади.
Истеъмолчи томонидан иссиқлик таъминоти хизматларига аванс тўланганда Етказиб берувчи иситиш ва иссиқ сув таъминотига тўлов пайтида амалда бўлган тарифлар бўйича тўлов ҳисобланади (аванс тўловлар муддатига, бироқ ўн икки ойдан ортиққа эмас).
96. Ҳисобот даври учун иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар Истеъмолчи томонидан тақдим этилмаган тақдирда Етказиб берувчи ҳисоб-китоб ойида амалда бўлган тариф бўйича ушбу ва кейинги ҳисоб-китоб даврлари учун тўловни кейинги кўрсаткичлар (ёхуд ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари Етказиб берувчининг вакили томонидан назорат тартибида ёзиб олингунгача) тақдим этиш пайтигача иссиқ сувнинг ўртача ойлик сарфи бўйича ҳисоблашга ҳақлидир.
Кейинги кўрсаткичлар (ёхуд ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари Етказиб берувчининг вакили томонидан назорат тартибида ёзиб олингунгача) тақдим этилганда Етказиб берувчи ҳисобга олиш асбобининг олдинги кўрсаткичидан бошланадиган давр учун ҳисобга олиш асбобининг амалдаги кўрсаткичлари бўйича истеъмол қилинган иссиқ сув миқдорининг қайта ҳисоб-китобини амалга ошириши шарт. Бунда қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳисоб-китоб қилинадиган даврнинг ҳисоб-китоб ойида амалда бўлган тариф бўйича амалга оширилади.
97. Истеъмолчи — нотурар жой мулкдори томонидан иссиқлик таъминоти тармоқларига уланиш санаси тўғрисидаги ҳужжат ўз вақтида тақдим этилмаган тақдирда, Етказиб берувчи мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатдан, ҳокимнинг қароридан келиб чиқиб, ҳисоблашни улашнинг ҳужжатлар билан тасдиқланган санаси бўйича амалга ошириш ҳуқуқига эга.
98. Иссиқлик таъминоти хизматлари учун тўловларни тўлаш Истеъмолчилар томонидан ҳар ойда қуйидаги тартибда амалга оширилиши керак:
юридик шахслар — кўп квартирали уйдаги нотурар жой хоналарининг мулкдорлари — кўрсатиладиган хизматлар қийматининг камида 15 фоизи миқдорида олдиндан ҳақ тўлаш ва кўрсатилган хизматлар учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш — календарь ой тамом бўлгандан кейин юридик шахслар учун белгиланган тарифлар бўйича 30 кун мобайнида;
жисмоний шахслар — тамом бўлган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечикмай.
99. Иссиқлик таъминоти хизматлари учун белгиланган муддатда тўловлар тўланмаган тақдирда муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун пеня тўланади, бироқ муддати ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда:
Истеъмолчилар — юридик шахслар томонидан 0,4 фоиз миқдорида;
Истеъмолчилар — аҳоли томонидан 0,1 фоиз миқдорида;
Ижро этувчи (турар жой фондидан фойдаланувчи юридик шахс — хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, бошқарувчи ташкилот ва бошқалар) томонидан, агар коммунал хизматларнинг Истеъмолчиси номидан Етказиб берувчи билан шартнома тузилган бўлса — 0,1 фоиз миқдорида тўланади.
Истеъмолчилар тўловларни уч ойдан ортиқ тўламаган тақдирда уларга иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш тўхтатилади.
100. Истеъмолчи истеъмол қилинган иссиқлик таъминоти хизмати учун икки ҳафта ўтгач тўлов тўланмаганда Етказиб берувчи қарздорлик ва 7 кундан кейин узиб қўйиш тўғрисида ёзма хабар беради, хабарнома муддати тамом бўлгач Етказиб берувчи иссиқ сув беришни узиб қўйишга ҳақлидир. Иссиқ сув бериш Истеъмолчи томонидан қарзлар тўлангандан ва Етказиб берувчи томонидан тасдиқланган калькуляцияга мувофиқ абонентни манбадан узиб қўйиш ва унга улаш ишлари учун қўшимча ҳисоб тўлангандан кейин тикланади.
101. Тўланиши лозим бўлган суммани нотўғри ёзилганлиги аниқланган кундан бошлаб, Истеъмолчи Етказиб берувчига эътирозни ёзма шаклда беш кундан кечикмай тақдим этади. Эътироз билдирилиши Истеъмолчининг иссиқлик таъминоти хизмати учун тўловни белгиланган муддатда тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.
Эътироз Етказиб берувчи томонидан 10 кун муддатда кўриб чиқилади ва унинг асосланганлиги аниқланганда ортиқча сумма кейинги иссиқлик энергияси учун тўловга ҳисобланади. Эътирозни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида Истеъмолчи 5 кундан кечикмай хабардор қилиниши керак.
102. Истеъмолчи Етказиб берувчининг қароридан рози бўлмаганда, бу уни иссиқлик таъминоти хизмати учун тўловни белгиланган муддатда тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди. Етказиб берувчи даъво қилинган суммани мажбурий тартибда ундириш тўғрисида даъво аризаси беради.
103. Ўзига ўзи хизмат кўрсатишда тўлов ҳужжатларини ёзиш ва тўлашда Истеъмолчи томонидан йўл қўйилган хатолар Етказиб берувчи томонидан улар аниқланишига қараб ҳисобга олинади. Ҳисобга олиш асбобини текшириш далолатномаси билан тасдиқланган амалдаги кўрсаткичлар бўйича иссиқ сув сарфини ҳисобга олишдаги хатолар аниқланганда қайта ҳисоб-китоб амалга оширилади.
104. Иссиқлик таъминоти хизматлари (иситиш ва иссиқ сув таъминоти) учун Истеъмолчи томонидан тўлов унинг танлашига кўра чеклашсиз, шу жумладан умумий иссиқлик таъминотининг кўрсатилган хизматлари учун Етказиб берувчининг ҳисоб-китоб рақамига маблағлар йўналтирилган ҳолда, пластик карточкадан фойдаланиб, шунингдек электрон тўловлар тизими орқали тўланади.
105. Ўтган ойдаги иссиқлик энергияси учун тўловни қисмларга бўлиб тўлашга, белгиланган муддатини бузмаган ҳолда йўл қўйилади.
106. Уй-жой мулкдори ўзгарганда олдинги мулкдор бу ҳақда Етказиб берувчига чиқиб кетишидан 7 кун олдин маълум қилишга мажбур, чиқиб кетгандан кейин тамғалар ва ҳисобга олиш асбобининг сақланиши учун жавобгарлик янги мулкдорга юкланади. Олдинги мулкдор хона янги мулкдорга берилгунга қадар иссиқлик таъминотининг истеъмол қилинган хизматлари учун қарзларни тўлиқ тўлаши шарт.
107. Қарзлар йўқлиги тўғрисида нотариал идорага тақдим этиш учун маълумотнома олишда Истеъмолчи Етказиб берувчига ушбу Қоидаларнинг 6-бандида кўрсатилган ҳужжатларни, шунингдек:
квартира ичидаги иссиқлик таъминоти тизимининг текшириш далолатномасини;
текшириш далолатномасини ва иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичларини тақдим этиши зарур.
108. Хонадон эгаси ўзгарган кундан бошлаб 7 кун муддатда унинг янги эгаси шартнома тузиши шарт.
109. Нотурар жой янги мулкдорга берилганда Истеъмолчи бу ҳақда Етказиб берувчига 7 кун муддатда хабар беради, янги эгаси эса нотурар жой хонасидан фойдаланиш бошлангунга қадар иссиқлик таъминоти хизматларидан фойдаланиш юзасидан янги шартнома тузади, нотурар жой хонадан фойдаланишни қайта ихтисослаштириш юз берган тақдирда эса янги мулкдор ҳам янги техник шартларни олиши шарт.
Техник шартлар ва кўрсатиб ўтилган шартнома мавжуд бўлмаган тақдирда иссиқлик таъминоти тизимларидан ўзбошимчалик билан фойдаланилган деб ҳисобланади.
110. Вақтинча яшовчилар (ижарага олувчилар) яшаганда тўлов амалда яшаган шахслар сони учун тўлиқ тўланади.
Турар жой хонаси ҳисобга олиш асбоби билан жиҳозланмаган тақдирда Истеъмолчи ўзи эгаллаб турган хонадонда яшовчи (шу жумладан вақтинча яшовчи) фуқаролар сони кўпайганлиги ёки камайганлиги тўғрисида) юз берган ўзгаришлар кунидан бошлаб 5 иш кунидан кечикмай Етказиб берувчини ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Бунда Етказиб берувчининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг вакиллари ва хонанинг мулкдори ўртасида уч томонлама далолатнома тузилади.
Х. Уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоблари билан жиҳозланмаган кўп қаватли уйларда истеъмолчилар томонидан иссиқлик таъминоти хизматлари учун тўлов миқдорини ҳисоблаш тартиби
111. Кўп квартирали уйда ҳисобга олишнинг умумий асбоби мавжуд бўлмаган тақдирда ҳисоб-китоб даврида фойдаланилган кўп квартирали уйларни иситиш ва иссиқ сув таъминоти эҳтиёжларига берилган иссиқлик энергияси учун Истеъмолчиларнинг Етказиб берувчи билан ҳисоб-китоби иситиш ва иссиқ сув таъминоти хизматлари учун жами ҳисоблаб чиқишдан келиб чиққан ҳолда ҳар ойда амалга оширилади.
112. Кўп квартирали уйларнинг турар жой хоналарида иситиш хизматлари учун тўловнинг ойлик миқдори қуйидаги тартибда ҳисоблаб чиқилади:
Пов = S x Тов, бунда:
Пов — иситиш хизматлари учун тўлов;
Тов — иситиш хизматларига тасдиқланган тариф (сўм/кв.м/ой);
S — иситиладиган майдон (кв.м).
113. Кўп квартирали уйларнинг нотурар жой биноларида иситиш хизматлари учун тўловнинг ойлик миқдори қуйидаги тартибда ҳисоблаб чиқилади:
Пнотурар жой хона ми = qнотурар жой ми x TГкал, бунда:
Пнотурар жой ми — нотурар жой хонада марказий иситиш учун тўлов (сўм);
TГкал — қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган иссиқлик энергиясига тариф, қўшилган қиймат солиғи билан (сўм/Гкал)
qнотурар жой ми — иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ нотурар жой хонасини иситишга ҳисоблаб чиқилган иссиқлик юкламаси (Гкал).
114. Кўп квартирали уйларнинг турар жой хоналарида иссиқ сув таъминоти хизматлари учун тўловнинг ойлик миқдори қуйидаги тартибда ҳисоблаб чиқилади:
а) иссиқ сувни ҳисобга олишнинг индивидуал асбоби мавжуд бўлганда;
Пист = Gамалдаист х Тист1, бунда:
Gамалдаист –индивидуал ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари бўйича аниқланган ҳисоб-китоб даври учун иссиқ сув сарфи (куб.м);
Тист1 — иссиқ сув таъминоти хизматларига тасдиқланган тариф (сўм/куб.м);
б) иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоби мавжуд бўлмаганда:
Пист = n x Тист2 x Ккиши, бунда:
n — квартирада яшовчи кишилар сони (киши);
Тист2 — иссиқ сув таъминоти хизматларига тариф (сўм/киши/бир ойда);
Ккиши — иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоби мавжуд бўлмаганда қўлланадиган 1,5 га тенг коэффициент.
115. Кўп квартирали уйларнинг нотурар жой хоналарида иссиқ сув таъминоти хизматлари учун тўлов миқдори ҳисобга олишнинг индивидуал асбоби кўрсаткичлари бўйича ҳисоблаб чиқилади:
Пист = Gамалдаист х Тист, бунда:
Gамалдаист–индивидуал ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари бўйича аниқланган ҳисоб-китоб даври учун иссиқ сув сарфи (куб.м);
Тист –иссиқ сув таъминоти хизматларига тасдиқланган тариф, қўшилган қиймат солиғи билан (сўм/куб.м).
116. Кўп квартирали уйларнинг иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоби билан жиҳозланмаган нотурар жой хоналарига иссиқ сув беришга йўл қўйилмайди.
Нотурар жой хоналарда 30 суткагача таъмирлаш ишлари ёки ҳисобга олишнинг якка тартибини текшириш ўтказилган тақдирда иссиқ сув учун ҳисоб-китоб асбоб тўхтатилган пайтдан олдинги охирги 30 сутка учун унинг ўртача суткалик сарфи бўйича, 30 суткадан ортиқ бўлганда — ҳисоблаб чиқилган иссиқлик юкламаси миқдоридан ва иссиқ сув етказиб берилган соатлар сонидан келиб чиқиб амалга оширилади.
XI. Уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоблари билан жиҳозланган кўп қаватли уйларда истеъмолчилар томонидан иссиқлик таъминоти хизматлари учун тўлов миқдорини ҳисоблаш тартиби
117. Кўп қаватли уйда уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоблари мавжуд бўлган тақдирда фойдаланилган ҳисоб-китоб даврида кўп қаватли уйларнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти эҳтиёжлари учун берилган иссиқлик энергияси учун Ижро этувчининг Етказиб берувчи билан ҳисоб-китоби иссиқлик энергияси уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган иссиқлик таъминоти хизматларига тарифлар асосида амалга оширилади.
Иссиқлик энергиясини турар жой ва нотурар жойлар ўртасида тақсимлаш қуйидаги формула бўйича аниқланади:
П = Qамалда уйлар (турар жой бино) х TГкал1 + Qамалдауйлар (нотурар жой бино) х TГкал2, бунда:
П — ҳисоб-китоб даврида кўп қаватли уйда фойдаланилган иссиқлик энергияси учун тўлов (сўм);
Qамалдауйлар (нотурар жой хона) — кўп квартирали уйнинг нотурар жой хоналарида сарфланган (Qҳақиқатдауйлар (нотурар жой)) иссиқлик энергияси ҳажми (Гкал) чиқариб ташланган ҳолда уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичлари бўйича аниқланган ҳисобот даври учун кўп қаватли уйнинг турар жой хоналарида сарфланган иссиқлик энергияси ҳажми (Гкал);
Qамалдауйлар (нотурар жой ) — Етказиб берувчининг маълумотлари (Гкал) ва нотурар жойларда иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичлари (куб.м) бўйича, уларни иссиқ сувнинг иссиқлик сақлашига кўпайтириш йўли билан Гкал.га айлантирилган (Гкал/куб.м) бўйича аниқланган ҳисоб-китоб даври учун кўп қаватли уйда нотурар жойларга сарфланган иссиқлик энергияси ҳажми (Гкал);
TГкал1 –иссиқлик энергиясининг амалдаги тарифи, қўшилган қиймат солиғисиз (сўм/Гкал);
TГкал2 –иссиқлик энергиясининг амалдаги тарифи, қўшилган қиймат солиғи билан (сўм/Гкал).
118. Кўп квартирали уйдаги i-турар жой хона (квартирада) марказий иситиш хизматлари учун тўловни ҳисоблаш (сўм) қуйидаги формула бўйича аниқланади:
Птурар жой хона миi = (q турар жой ми х TГкал) х Si, бунда:
Птурар жой хона миi — турар жой хонада марказий иситиш учун тўлов (сўм);
TГкал –қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган иссиқлик энергиясига тариф, қўшилган қиймат солиғисиз (сўм/Гкал);
Si — кўп квартирали уйда i-турар жой хонанинг (квартиранинг) иситиладиган майдони (м2);
qтурар жой ми — иситиладиган майдоннинг 1 квадрат метрни иситиш учун иссиқлик энергиясининг амалдаги солиштирма салмоғи (Гкал/м2), у қуйидаги формула бўйича аниқланади:
qми = (Qамалдами(уй) — Qамалдами(нотурар жой)) / SD(турар жойларининг иситиладиган майдони), бунда:
Qамалдами (уй) — уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичлари бўйича аниқланадиган кўп квартирали уйни марказий иситиш эҳтиёжларига ҳисоб-китоб даврида сарфланган иссиқлик энергияси ҳажми (Гкал);
Qамалдами (нотурар жой) — иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ ҳисоблаб чиқилган иссиқлик юкламалари бўйича аниқланадиган кўп квартирали уйда нотурар жой хоналарни марказий иситишга ҳисоб-китоб даврида сарфланган иссиқлик энергиясининг жами ҳажми (Гкал). Кўп квартирали уйдаги нотурар жой хоналар бўйича ҳисоблаб чиқилган юкламалар Етказиб берувчилар томонидан Ижро этувчиларга берилади;
SD (турар жой хоналарнинг иситиладиган майдони) — кўп квартирали уйдаги турар жой хоналарининг жами иситиладиган майдони.
119. Кўп квартирали уйдаги 1-нотурар жойнинг марказий иситиш хизматлари учун тўловни ҳисоблаш (сўм) қуйидаги формула бўйича аниқланади
Пi нотурар жой ми = qi нотурар жой ми х ТГкал, бунда:
Пi нотурар жой ми — 1-нотурар жой хонани марказий иситиш учун тўлов (сўм);
ТГкал –қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган иссиқлик энергияси тарифи, қўшилган қиймат солиғи билан (сўм/Гкал);
qi нотурар жой ми — иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ 1-нотурар жойни иситишга ҳисоблаб чиқилган иссиқлик юкламаси (Гкал);
120. Иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоби билан жиҳозланмаган 1-турар жой хоналарда (квартираларда) иссиқ сув таъминоти хизматлари учун ҳисобланган тўлов қуйидаги формула бўйича амалга оширилади:
Пi турар жой хона ист = (qтурар жой иссиқ сув таъминоти х Тист х Каҳоли) х №киши i, бунда:
Пi турар жой хона ист — турар жой хонасида иссиқ сув таъминоти хизматлари учун тўлов (сўм);
Тист — қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган аҳоли учун иссиқ сув таъминоти хизмати тарифи (сўм/куб.м);
Ккиши — иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоби мавжуд бўлмаганда қўлланадиган 1,5 га тенг коэффициент;
i киши — кўп квартирали уйдаги i-турар жой хоналарида иссиқ сув таъминоти хизматларидан фойдаланувчи кишилар сони;
qтурар жой иссиқлик таъминоти (ит) — иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоблари билан жиҳозланмаган турар жой хоналарида ҳисобот даврида 1 киши ҳисобига иссиқ сув сарфи (куб.м/киши), у қуйидаги формула бўйича аниқланади:
Qамалдаист (уй) — кўп квартирали уйда ҳисобот даврида сарфланган иссиқ сув ҳажми, у уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичлари бўйича аниқланади (куб.м);
Qамалдатурар жой ит (ИҲОП билан) — кўп квартирали уйдаги турар жой хоналарида иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоби билан жиҳозланган ҳисобот даврида сарфланган иссиқ сувнинг жами ҳажми (куб.м);
Qамалданотурар жой ит (ИҲОП билан) — иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичлари билан аниқланадиган кўп квартирали уйдаги нотурар жойда иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоблари билан жиҳозланган ҳисобот даврида сарфланган иссиқ сувнинг жами ҳажми, (куб.м);
уй (киши) — иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоблари билан жиҳозланмаган кўп квартирали уйдаги турар жой хоналарида иссиқ сув таъминоти хизматларидан фойдаланувчи одамларнинг жами сони.
121. Иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоблари билан жиҳозланган i-турар жой хоналарда (квартираларда) иссиқ сув таъминоти хизматлари учун тўловни ҳисоблаш қуйидаги формула бўйича амалга оширилади:
Пист i = qамалда ист х Тист, бунда:
qамалдаист i — индивидуал ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари бўйича аниқланган ҳисобот даври учун иссиқ сув сарфи (куб.м);
Тист — аҳоли учун иссиқ сув таъминоти хизматига тасдиқланган тариф (сўм/куб.м).
122. Иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоби билан жиҳозланган i нотурар жойда иссиқ сув таъминоти хизматлари учун тўловни ҳисоблаш қуйидаги формула бўйича амалга оширилади:
Пiист = qамалдаiист х Тист, бунда:
qамалдаi ист — индивидуал ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари бўйича аниқланган ҳисобот даври учун иссиқ сув сарфи (куб. м);
Тист –иссиқ сув таъминоти хизматига тасдиқланган тариф, қўшилган қиймат солиғи билан (сўм/куб.м) .
XII. Белгиланган давомийликдан ошувчи танаффуслар билан етказиб беришда иссиқлик таъминоти хизматлари учун тўлов миқдорини ўзгартириш тартиби
123. Зарур сифатга эга бўлмаган ва (ёки) белгиланган давомийликдан ортиқ бўлган танаффуслар билан иссиқлик энергияси етказиб беришда Истеъмолчилар томонидан иссиқлик энергияси учун тўлов миқдори ушбу Қоидаларга иловага мувофиқ қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Агар иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатишдаги танаффус фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғига хавфни бартараф этиш, мол-мулкка зарар етказишнинг олдини олиш ёки енгиб бўлмайдиган куч оқибати билан боғлиқ бўлса, тўлов миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилишга йўл қўйилмайди.
124. Иссиқлик энергияси етказиб беришдаги танаффусларда ёки белгиланган давомийликдан ортиқ бўлган иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатилганда, шунингдек олдини олиш ишларини бажаришда умумий ёки индивидуал ҳисобга олиш асбоблари мавжуд бўлмаганда иссиқлик энергияси учун тўлов етказиб берилмаган иссиқлик энергияси миқдорига камайтирилади.
125. Етказиб берилмаган иссиқлик энергиясининг ҳажми иссиқлик энергияси истеъмоли меъёридан, истеъмолчиларнинг сонидан ёки турар жой хоналарининг иситиладиган майдонидан, шунингдек иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги вақтидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади.
XIII. Иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ва зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги ҳолатини аниқлаш тартиби
126. Иссиқлик энергияси етказиб берилмаган, шунингдек зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилган тақдирда Истеъмолчи Етказиб берувчини ва Ижро этувчини хабардор қилади.
127. Иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги тўғрисидаги хабар Истеъмолчи томонидан ёзма шаклда ёки оғзаки (шу жумладан телефон орқали) берилиши мумкин ва Етказиб берувчи (Ижро этувчи) томонидан албатта рўйхатдан ўтказилиши керак. Бунда Истеъмолчи ўз фамилияси, исми ва отасининг исмини, аниқ яшаш манзилини, шунингдек етказиб берилмаган иссиқлик энергияси турини (иситиш, иссиқ сув таъминоти) ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлигини маълум қилиши шарт. Етказиб берувчи (Ижро этувчи) Истеъмолчига буюртманомани олган шахс тўғрисидаги маълумотларни (фамилияси, исми ва отасининг исмини), буюртманомани рўйхатдан ўтказиш рақамини ва уни қабул қилиш вақтини хабар қилиши шарт.
128. Агар иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлигининг сабаблари маълум бўлса, Етказиб берувчи (Ижро этувчи) бу ҳақда дарҳол (Истеъмолчига) хабар бериши ва буюртмаларни рўйхатдан ўтказиш дафтарида тегишли ёзувни қайд этиши шарт. Ушбу белги иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги ҳолати Етказиб берувчи (Ижро этувчи) томонидан эътироф этилиши учун асос ҳисобланади.
129. Агар иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги сабаблари Етказиб берувчига (Ижро этувчига) маълум бўлмаса, Етказиб берувчи (Ижро этувчи) кўрсатиб ўтилган ҳолатларни аниқлашнинг ва иссиқлик энергияси сифатини текширишнинг аниқ вақти ва санасини Истеъмолчи билан келишиши шарт. Текшириш натижалари бўйича далолатнома тузилади. Далолатнома Истеъмолчи (ёки унинг вакили), Етказиб берувчи (ёки унинг вакили), Ижро этувчи (ёки унинг вакили) томонидан имзоланади.
130. Агар Истеъмолчи (ёки унинг вакили), Етказиб берувчи (ёки унинг вакили), Ижро этувчи (ёки унинг вакили) иссиқлик энергияси сифатига ёки иссиқлик таъминоти кўрсатилишига нисбатан ягона қарорга келмасалар, у ҳолда улар томонидан иссиқлик энергияси сифатини баҳолашнинг янги вақти ва санаси белгиланади, унга маҳаллий давлат ҳокимияти органи, стандартлаштириш органлари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоат ташкилотлари, ваколатли давлат органлари вакиллари ҳамда Етказиб берувчи ва Ижро этувчининг вакиллари таклиф этилади.
Иссиқлик энергиясининг сифатини такроран баҳолаш натижалари бўйича иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги тўғрисида далолатнома тузилади. Далолатнома Истеъмолчи (ёки унинг вакили), Етказиб берувчи (ёки унинг вакили), Ижро этувчи (ёки унинг вакили) томонидан имзоланади. Кўрсатиб ўтилган шахслар билан биргаликда далолатномани маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари имзолаши мумкин.
131. Иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги тўғрисидаги далолатномада сифат параметрлари бузилиши, иссиқлик энергиясини етказиб бериш тўхтатилиши бошланишининг ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлигининг вақти ва санаси кўрсатилади.
132. Иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги тўғрисидаги далолатнома иссиқлик таъминоти бўйича хизматлар учун тўлов миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилиш учун асос ҳисобланади.
133. Етказиб берувчи ёки Ижро этувчи ёки учинчи шахслар томонидан Истеъмолчининг ёки у билан бирга яшайдиган шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига, кўп квартирали уйдаги хоналарнинг мулкдорлари умумий мулкига зарар етказилган тақдирда Етказиб берувчи (ёки унинг вакили), Ижро этувчи (ёки унинг вакили) ва Истеъмолчи (ёки унинг вакили) далолатнома тузадилар ва уни имзолайдилар. Далолатномада бундай зарар етказилганлиги ҳолати қайд этилади. Мазкур далолатнома Истеъмолчи мурожаат қилган пайтдан бошлаб 12 соатдан кечикмай Етказиб берувчи (Ижро этувчи) томонидан тузилиши ва тегишли равишда унинг ваколатли вакили томонидан имзоланиши керак. Далолатномани Истеъмолчи (ёки унинг вакили) томонидан имзолаш имконияти бўлмаган тақдирда у фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг вакиллари томонидан имзоланиши керак.
134. Иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги тўғрисидаги далолатнома ёки Истеъмолчига (ёки у билан бирга яшайдиган шахсларнинг) ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига, кўп квартирали уйдаги хоналарнинг мулкдорлари умумий мол-мулкига зарар етказилганлиги тўғрисидаги далолатнома 2 нусхада тузилади, улардан бири Истеъмолчига (ёки унинг вакилига) берилади, иккинчи нусхаси — тегишли равишда Етказиб берувчида (Ижро этувчида) қолади.
135. Зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб бериш даври:
а) иссиқлик энергияси етказиб бериш ёки иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатишдаги камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги далолатнома Истеъмолчи (ёки унинг вакили) томонидан имзоланган пайтдан (кундан) бошлаб:
б) ҳисобга олиш асбобида қайд этилган зарур сифатга эга бўлган иссиқлик энергиясини етказиб бериш тикланган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
136. Амалга оширилган қайта ҳисоб-китоб қилиш кейинги ҳисоб-китоб даврининг истеъмол қилинган иссиқлик энергияси учун навбатдаги тўлов ҳужжатини ёзишда ҳисобга олинади.
XIV. Якунловчи қоидалар
137. Ушбу Қоидалар талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
138. Томонлар ўртасида юзага келадиган барча низолар ва келишмовчиликлар музокаралар олиб бориш йўли билан ҳал этилади. Томонларнинг музокаралар олиб бориши йўли билан ҳал этилмаган барча низолар ва келишмовчиликлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларига
ИЛОВА
Иссиқлик таъминоти хизматлари сифатига қўйиладиган
ТАЛАБЛАР

Талабнинг тури

Хизматлар кўрсатишда танаффусларнинг йўл қўйиладиган давомийлиги ва уларнинг сифатида йўл қўйиладиган четга чиқишлар

Зарур сифатга эга бўлмаган ва (ёки) белгиланган давомийликдан ортиқ танаффуслар билан хизматлар кўрсатишда хизматлар учун тўлов миқдори ўзгаришининг шартлари ва тартиби

I. Иссиқ сув таъминоти

1. Иссиқлик таъминоти шартномасига мувофиқ йил мобайнида ёки фақат иситиш мавсумида хизматлар кўрсатилганда кеча-кундуз, узлуксиз иссиқ сув билан таъминлаш.

Иссиқ сув беришда танаффуснинг йўл қўйиладиган давомийлиги:

боши берк магистралда авария юз берганда — узлуксиз 24 соат;
иссиқ сув таъминотининг муҳандислик — марказлаштирилган техникавий таъминлаш тармоқларида ҳар йилги таъмирлаш ва олдини олиш ишларини бажариш учун — 15 сутка.

Иссиқ сув беришда танаффуснинг йўл қўйиладиган давомийлиги ошишининг ҳар бир соати учун Етказиб берувчи томонидан иссиқ сув таъминоти учун қўшимча тўлов ҳисобланмайди.

2. Ўзбекистон Республикаси шароитларида иссиқ сув таъминотининг марказий тизимларини назорат қилишнинг санитария қоидалари талабларига мувофиқ сув олиш нуқтасида иссиқ сув ҳароратининг 50-75°Сга мувофиқ бўлишини таъминлаш.

Сув олиш нуқтасида иссиқ сув ҳароратининг йўл қўйиладиган четга чиқиши (элеватор боғламаси):

тунги вақтда (соат 0:00 дан соат 05:00 гача) — 5°Сдан ортиқ эмас;

кундузги вақтда (соат 05:00 дан соат 00:00 гача) — 3°Сдан ортиқ эмас**.

Иссиқ сув ҳароратининг йўл қўйиладиган четга чиқишларидан ҳар бир 3°С орқага қайтиш учун кўрсатиб ўтилган чекиниш юз берган ҳисоб-китоб даври учун иссиқ сув таъминоти хизмати учун тўлов миқдори ушбу Қоидаларга мувофиқ бундай ҳисоб-китоб даври учун белгиланган тўлов миқдорининг 0,1 фоизига, йўл қўйиладиган четга чиқишлардан чекинишнинг ҳар бир соати учун ушбу Қоидаларнинг IX-XI бўлимлари ҳисобга олинган ҳолда ҳисоб-китоб даври мобайнида жамланган ҳолда пасаяди. Сув олиш нуқтасида ҳарорат 40°Сдан паст бўлган иссиқ сув берилишининг ҳар бир соати учун ҳисоб-китоб даври давомида жами истеъмол қилинган сув учун тўлов ичимлик сув таъминоти хизматлари учун истеъмолчиларнинг тегишли гуруҳлари учун тариф бўйича амалга оширилади.

3. Хўжалик-ичиш эҳтиёжлари учун бериладиган иссиқ сув сифати O’z DSt 950:2011 «Ичимлик сув»га мувофиқ бўлиши керак.

Иссиқ сув таркиби ва хоссаларининг O’z DSt 950:2011 «Ичимлик сув» талабларидан четга чиқишига йўл қўйилмайди.

Иссиқ сувнинг таркиби ва хоссалари ушбу Қоидаларга мувофиқ ҳисоб-китоб даври учун белгиланган хизмат учун тўлов миқдори зарур сифатга эга бўлмаган иссиқ сув таъминоти хизматлари кўрсатилган ҳар бир кун учун жамлаб ҳисоблаб чиқилган тўлов миқдорига пасайтирилади (ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларидан қатъи назар).

4. Сув олиш нуқтасида иссиқ сув таъминоти тизимидаги босим (элеватор боғламаси) 0,03 МПа (0,3 кгс/кв. см) дан 0,45 МПа (4,5 кгс/кв. см)гача*.

Иссиқ сув таъминоти тизимида босимдан четга чиқишга йўл қўйилмайди.

Босимдан четга чиқиш юз берган ҳисоб-китоб даври мобайнида жами иссиқ сув берилишининг ҳар бир соати учун:
белгиланганидан 25 фоиздан ортиқ бўлмаган фарқланадиган босимда кўрсатиб ўтилган ҳисоб-китоб даври учун коммунал хизматга тўлов миқдори ушбу Қоидаларнинг IX—XI бўлимларига мувофиқ, бундай ҳисоб-китоб даври учун белгиланган тўлов миқдорининг 0,1 фоизига камаяди;

белгиланганидан 25 фоиздан ортиқ фарқланадиган босимда ушбу Қоидаларнинг IX бўлимига мувофиқ, ҳисоб-китоб даври учун белгиланган иссиқ сув таъминоти хизматига тўлов миқдори зарур сифатга эга бўлмаган иссиқ сув таъминоти хизматлари кўрсатилган ҳар бир кун учун жамлаб ҳисоблаб чиқилган тўлов миқдорига камаяди (ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларидан қатъи назар).

II. Иситиш **

5. Иситиш даври мобайнида кеча-кундуз узлуксиз иситиш***

Иситишда йўл қўйиладиган танаффуснинг давомийлиги:

1 ой мобайнида 24 соатдан ортиқ эмас (жамланган ҳолда).

Кўрсатиб ўтилган ошиш юз берган ҳисоб-китоб даври учун жамлаб ҳисоблаб чиқилган иситишнинг йўл қўйиладиган танаффуси давом этиши ошишининг ҳар бир соати учун бундай ҳисоб-китоб даври учун хизматга тўлов миқдори ушбу Қоидаларнинг IX—XI бўлимларига мувофиқ, бундай ҳисоб-китоб даври учун белгиланган тўлов миқдорининг 0,15 фоизига камаяди.

6.Иситиш даврида турар жой хоналари ҳавосининг норматив ҳарорати камида 20°С бўлишини белгиланган тартибда таъминлаш, хоналарда иссиқликни сақлаш тадбирлари (деразалар, балконлар ва кириш эшикларининг даҳлизларини зичлаштириш).

Сутканинг тунги вақтида (соат 22:00 дан соат 06:00 гача) норматив ҳароратнинг йўл қўйиладиган пасайиши — 3°Cдан ортиқ эмас;

кундузи (соат 05:00 дан соат 0:00 гача) турар жой хонасида ҳаво ҳароратининг пасайишига йўл қўйилмайди.

Кўрсатиб ўтилган четга чиқиш йўл қўйилган ҳисоб-китоб даври мобайнида турар жой хонасида жамланган ҳолда ҳаво ҳароратидан четга чиқилган ҳар бир соат учун бундай ҳисоб-китоб даври учун коммунал хизматга тўлов миқдори ушбу Қоидаларнинг IX-XI бўлимларига мувофиқ, бундай ҳисоб-китоб даври учун белгиланган ҳароратдан четга чиқишнинг ҳар бир даражаси учун тўлов миқдорининг 0,15 фоизига камаяди.

* Иссиқ сув таъминоти тизимларида босимни ўлчашни сув олиш нуқтасида (элеватор боғламаси) эрталабки максимум (соат 7.00 дан соат 9.00гача) ёки кечки максимум (соат 19.00 дан соат 22.00гача) соатларида амалга ошириш керак.
** Иссиқ сув ҳароратини аниқлашдан олдин сув олиш нуқтасида (элеватор боғламаси) 3 минутдан ортиқ бўлмаган вақт мобайнида сув оқизиб юборилади.
*** Кўрсатиб ўтилган талаблар ташқи ҳавонинг ҳарорати хоналарни иссиқ сақлаш тадбирлари бажарилиши шарти билан иситиш тизимини лойиҳалаштиришда қабул қилинган ҳисоблаб чиқилган ҳароратдан паст бўлмаганда қўлланади.
**** Ушбу илованинг 5-банди қўлланган тақдирда 6-банд иситишдаги танаффус бошланган пайтдан эътиборан қўлланмайди.
***** Турар жой хоналарида ҳаво ҳароратини ўлчаш 1 метрдан кам бўлмаган баландликда хонада (бир неча хоналар мавжуд бўлганда — майдонига кўра энг катта бўлган турар жой хонада), ташқи деворнинг ички юзасидан ва иситадиган элементдан 0,5 м узоқликдаги юзалар марказида ва хонанинг марказида (хона диагонал чизиқларининг кесишиш нуқтасида) амалга оширилади. Бунда ўлчов асбоблари тегишли стандартлар талабларига мувофиқ бўлиши керак.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сон қарорига
2-ИЛОВА
Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш
ҚОИДАЛАРИ
I.Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидалар «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида», «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Табиий монополиялар тўғрисида», «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ, коммунал сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш марказлаштирилган тизимларидан фойдаланиш соҳасида сув қувурлари — канализация хўжалиги (кейинги ўринларда ИСКХ ташкилоти деб аталади) ташкилотлари билан истеъмолчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни белгилайди.
2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги тушунчалар қўлланади:
авария — марказлашган коммунал сув таъминоти ёки оқова сувни чиқариш тизимлари, алоҳида иншоотлар, ускуналар, қурилмаларнинг шикастланиши ёки ишдан чиқиши натижасида сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юборишнинг тўхташига ёхуд улар ҳажмининг камайишига, шунингдек ичимлик сув сифатининг пасайишига олиб келган ҳолатлар;
сув истеъмоли ва оқова сувни чиқариш баланси — барча сув таъминоти манбаларидан амалда олинган сув ҳажми билан оқова сувларни чиқариш ҳажмлари ўртасидаги нисбат;
маиший оқова сувлар — инсон ҳаёт фаолияти (таом тайёрлаш, ҳожат, кир ювиш ва ҳоказо) жараёнида юзага келадиган барча оқова сув турлари;
сув истеъмоли — истеъмолчи (субистеъмолчи) томонидан ўзининг шахсий, коммунал-маиший эҳтиёжларини қондириши, шунингдек ишлаб чиқаришда технологик эҳтиёжларни қондириш мақсадида ичимлик сувдан фойдаланиш ҳолатлари;
сув таъминоти — ичимлик ва технологик сувни олиш, тайёрлаш, узатиш ва истеъмолчи(субистеъмолчи)га етказишни таъминлайдиган технологик жараён;
оқова сувни чиқариш — истеъмолчи(субистеъмолчи)лардан оқова сувларни қабул қилиб олиш, кейинчалик уни канализация тозалаш иншоотларига узатишни таъминлайдиган технологик жараён;
ичимлик сув ва канализация тармоғи — ичимлик сувларни тўплаш, улар билан таъминлаш ва оқова сувларни чиқариш учун мўлжалланган қувурлар, коллекторлар, каналлар ва иншоотлар тизими;
истеъмол қилинадиган ичимлик сув ҳисобини олиб бориш боғланмаси (сув ўлчаш боғланмаси) — истеъмол қилинадиган (олинадиган) ичимлик сув ва чиқариб юбориладиган (қабул қилинадиган) оқова сув ҳажмини ўлчашни таъминлайдиган асбоб ва қурилмалар мажмуи;
фойдаланиш учун жавобгарлик чегараси — томонларнинг келишуви билан белгиланадиган сув таъминоти ва (ёки) канализация тизимлари (сув қувури ва канализация тармоқлари ҳамда улардаги иншоотлар) элементларини сув таъминоти ва (ёки) канализация тизимларидан фойдаланиш юзасидан мажбуриятлар (жавобгарлик) белгиларига кўра чегаралаш чизиғи;
буюртмачи — истеъмолчи ёки субистеъмолчи бўлиш ниятидаги юридик ёки жисмоний шахс;
алоқа воситалари — ИСКХ ташкилоти билан истеъмолчи ўртасидаги алоқа воситалари ИСКХ ташкилоти томонидан шакллантирилиб, қўллаб турилади, улар жумласига телефон, факс, электрон почта, интернет сайт (ИСКХ ташкилотининг веб-сайти, коммунал соҳанинг ихтисослаштирилган сайтлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг сайтлари), шунингдек истеъмолчини зарур маълумотлар билан таъминлаб турувчи, унинг учун қулай ва имконияти даражасидаги алоқа ва ўзаро муносабатларнинг бошқа шакллари;
канализация назорат қудуғи — истеъмолчининг оқова сувларини ҳисобга олиш ва улардан намуналар олишга мўлжалланган қудуқ ёки истеъмолчининг канализация тизимидаги канализация тармоғига уланадиган жойдан олдинги охирги қудуқ;
коммунал-экологик норматив — истеъмолчилар ва субистеъмолчилар учун сув оқизишнинг йўл қўйиладиган чекланган миқдорларини тартибга соладиган ҳужжат;
сув истеъмоли лимити — ИСКХ ташкилоти томонидан «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ истеъмолчига ҳар суткада бериладиган сув ҳажмининг чекланган миқдори;
локал тозалаш иншоотлари — истеъмолчи (субистеъмолчи)нинг оқова сувларини коммунал канализация тизимига оқизишдан (қабул қилишдан) олдин уларни тозалаш учун мўлжалланган иншоотлар ва қурилмалар;
рухсат этилмаган оқова сувни оқизиш — канализация тизимида авария ҳолатини юзага келтирадиган ёки келтириши мумкин бўлган, зарар етказадиган, ушбу тизимнинг нормал ишлаб туришини бузадиган ва атроф муҳитни ифлослантиришга олиб келадиган оқизилиши тақиқланган оқова сувлар ва ифлослантирувчи моддалар;
сув қувури-канализация хўжалиги (ИСКХ) ташкилоти — коммунал сув таъминоти тизимидан сув билан таъминлашни ва (ёки) коммунал канализация тизимига оқова сувларни қабул қилишни амалга оширувчи ҳамда ушбу тизимлардан фойдаланувчи ташкилот;
истеъмолчи — ИСКХ ташкилоти билан сув олиш ва (ёки) оқова сувларни оқизиб юбориш хизматлари олиш юзасидан белгиланган тартибда шартнома тузган юридик ва жисмоний шахслар. Шунингдек, хўжалик юритувида ва (ёки) оператив бошқарувида уй-жой фонди ҳамда муҳандислик инфратузилмаси объектлари бўлган ташкилотлар ва давлат (идоравий) уй-жой фондида жойлашган жисмоний шахсларга коммунал хизматлар кўрсатишга ваколати бўлган ташкилотлар;
канализация тармоғига оқизиладиган оқова сувнинг чекланган ҳажми (ЙҚЧҲ) — назорат пунктида сув сифати меъёрларини таъминлаш мақсадида белгиланган вақт, режимда, маълум бир жойдан, максимал оқизилиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш оқова сувидаги модда массаси. Сувдан фойдаланиш жойларида моддалар концентрациясининг рухсат этилган даражаси, сув объектининг ассимиляциялашуви имкониятлари ҳамда истеъмолчилар томонидан ташланаётган моддаларнинг мақбул тақсимланиши каби ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади;
ичимлик сув — белгиланган санитария нормалари ва норматив ҳужжатларнинг талабларига жавоб берадиган, истеъмолчи (субистеъмолчи)ларнинг ичимлик сувга ва коммунал-маиший эҳтиёжлари талабларига жавоб берадиган, ёнғинларни ўчириш, шунингдек ичимлик сувни ишлатиш зарур бўлган технологик ва ишлаб чиқариш жараёнлари учун мўлжалланган сув;
сув ўтказиш имконияти — ичимлик сув (канализация) уланмасининг муайян вақт ичида белгиланган режимда сувнинг (оқова сувнинг) ҳисобли миқдорини ўтказиш (оқизиш) имконияти;
ишлаб чиқариш оқова сувлари — барча гуруҳдаги истеъмолчиларининг бирор-бир маҳсулот ишлаб чиқариши ёки хизмат кўрсатиши, ишлаб чиқариш фаолиятини юритиши жараёнида ҳосил бўладиган ишлаб чиқариш оқова сувлари;
техник шартлар — марказлаштирилган коммунал ичимлик суви ва оқова сув тармоқларига уланиш учун ИСХК ташкилоти томонидан қонунчиликка мувофиқ бериладиган рухсатнома;
лойиҳа — марказлаштирилган коммунал ичимлик сув ва оқова сув тармоқларига уланиш учун бериладиган техник шартларга мувофиқ ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатлари;
сувни ҳисобга олиш асбобларини рўйхатдан ўтказиш — ушбу асбоб ўрнатилганлиги тўғрисидаги икки томонлама тасдиқланган далолатнома асосида сув ўлчаш бўғинига назорат пломбаларини ўрнатиш;
марказлаштирилган коммунал сув таъминоти ёки канализация тизимларига ўзбошимчалик билан уланиш — жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг техник шартларсиз ёхуд техник шартларни бажармасдан ёки уларни бузган ҳолда ичимлик сув ва оқова сув тармоқларига уланиб олиши;
ўзбошимчалик билан фойдаланиш — сув таъминоти ва канализация тизимларидан сув бериш (олиш) ва оқова сувларни қабул қилиш (оқизиш) юзасидан тузилган шартномасиз фойдаланиш, шунингдек истеъмолчи (субистеъмолчи) томонидан шартнома шартларини бузган ҳолда фойдаланиш;
оқова сувлар таркиби — ифлослантирувчи моддалар ва уларнинг концентрациясини ўз ичига олувчи оқова сувлар тавсифи;
оқова сувларни меъёрдан ортиқча оқизиш — сувни чиқариб юборишнинг ҳажм ва таркиб бўйича меъёрлари билан белгиланган ОЙҚЧМ (оқизишнинг йўл қўйиладиган чекланган миқдори)дан ортиқча оқова сувлар ва ифлослантирувчи моддаларнинг чиқарилиши;
сувнинг лимитдан ортиқча истеъмоли — истеъмолчи (субистеъмолчи)нинг маиший ва коммунал-хўжалик эҳтиёжлари учун белгиланган лимитдан ташқари фойдаланган сув таъминотига кўрсатиладиган хизматлар ҳажми;
ихтисослашган истеъмолчи — технологик ва ишлаб чиқариш жараёнида ичимлик сувдан фойдаланишни талаб этадиган истеъмолчи;
сувни ҳисобга олиш асбоби ёки сув ҳисоблагич — юборилган ичимлик сувни ўлчаш учун мўлжалланган, меъёрий метрологик тавсифга эга бўлган, ўлчови муайян вақт мобайнида ўзгармас деб қабул қилинган (белгиланган нуқсон чегаралари доирасида) физик ўлчам бирлигини ҳосил қиладиган ва сақлайдиган, тижорат ҳисоби учун фойдаланишга рухсат этилган техник восита;
субистеъмолчи — истеъмолчи билан сув тармоғидан фойдаланишга ва оқова сувларни чиқариб ташлашга шартномаси мавжуд бўлган, сув таъминоти ташкилотининг розилиги билан истеъмолчининг ичимлик сув-канализация тармоқларига бевосита уланиб олган юридик ёки жисмоний шахс;
техник сув — ишлаб чиқариш технологиясига риоя этишни талаб қиладиган, ичиш учун мўлжалланмаган сув;
кўчадан сув олиш қурилмаси — ичимлик сувни бевосита сув қувури тармоғидан ажратиб оладиган қурилма;
марказий коммунал сув таъминоти ва канализация тизимига уланиш мосламаси ёки иншооти — истеъмолчи томонидан ичимлик сувни оладиган ва (ёки) оқова сувни чиқарадиган марказий коммунал сув таъминоти ва (ёки) оқова сувни чиқариш мосламаси ва иншооти;
марказлаштирилган коммунал сув таъминоти тизими — истеъмолчиларга ичимлик сувни чиқариш, йиғиш, тайёрлаш, ташиш ва узатиш учун мўлжалланган аҳоли пунктларидаги муҳандислик иншоотлари мажмуи;
марказлаштирилган коммунал канализация тизими — чўкиндиларни йиғиш, тозалаш, қайта ишлаш ҳамда истеъмолчиларнинг оқова сувларини чиқариш учун мўлжалланган аҳоли пунктларидаги муҳандислик иншоотлари мажмуи.
3. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилади ва мулкий ва идоравий мансублигидан қатъи назар, барча ИСКХ ташкилотлари ҳамда истеъмолчилари учун мажбурий ҳисобланади.
4. Фавқулодда вазиятларда сув таъминоти тизимларидан фойдаланиш тартиби маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан, ИСКХ ташкилотлари билан келишилган ҳолда белгиланади.
5. Сув сифати ИСКХ ташкилотларининг кимё-бактериология ва кимё-технология лабораториялари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат санитария-эпидемиология хизмати (кейинги ўринларда «Давсанэпидназорат» деб аталади) ҳамкорликда назорат қилинади.
6. Коммунал сув таъминоти тизимларидаги ичимлик сув истеъмолчи (субистеъмолчи)ларнинг истеъмол ва коммунал-маиший эҳтиёжлари, ёнғинларни ўчириш, шунингдек ичимлик сувдан фойдаланиш талаб этиладиган технологик ва ишлаб чиқариш жараёнлари учун мўлжалланган.
7. ИСКХ ташкилотлари томонидан ичимлик сув билан таъминлашнинг техник имкониятлари мавжуд бўлган ҳолатларда, ихтисослашган истеъмолчилар учун марказий коммунал сув таъминоти тизимларидаги ичимлик сувдан фойдаланишга йўл қўйилади.
8. Марказлаштирилган коммунал канализация тизимлари истеъмолчилардан маиший оқова сувларни қабул қилиб олиш, чиқариб юбориш ва тозалаш учун мўлжалланган. Канализация тизимига оқизилаётган ишлаб чиқариш оқова сувларини истеъмолчилар томонидан ташлаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 3 февралдаги 11-сон қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқариш оқова сувларини қабул қилиш қоидалари ҳамда ифлослантирувчи моддаларнинг Ўзбекистон Республикаси шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тармоқларига нормативдан ортиқча оқизилганлиги учун компенсация тўловларини ҳисоблаш тартибида, шунингдек ИСКХ ташкилоти билан истеъмолчи ўртасида тузилган шартномада белгиланади.
9. Мавжуд коммунал дренажлар тизимида шаҳар, аҳоли пункти ва саноат майдончалари ҳудудидаги дренаж сувлар ва ер усти оқова (шу жумладан ёмғир) сувларининг коммунал канализация тизимига оқизилишига йўл қўйилмайди.
10. Сув таъминоти ва ташлаш тизимларидан фойдаланиш ва тезкор-техник бошқариш учун ИСКХ ташкилотлари техник, фойдаланиш ва ижро ҳужжатларининг, шунингдек хатлов ва паспортлаштириш материалларининг доимий равишда, комплект ҳолда сақланишини таъминлаши шарт.
11. Қуйидагилар ИСКХ ташкилотлари билан истеъмолчилар, шу жумладан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўртасидаги, коммунал сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш элементлари (ичимлик сув ва канализация тармоқлари, иншоотлари, қурилмалари)га хизмат кўрсатиш, уларнинг техник ҳолатини сақлаш ва фойдаланиш юзасидан жавобгарлик чегаралари ҳисобланади:
а) сув истеъмоли учун — коммунал тармоққа уланишини узиб қўювчи кириш қулфи. Кириш қулфи билан ичимлик сувга уланиш, истеъмолчининг ички ичимлик суви тизимининг бир қисми ҳисобланади;
б) канализация учун — истеъмолчи канализация тизимининг ички қисми ҳисобланувчи, магистрал канализация тармоғига уланиш нуқтасидаги чиқарув қудуғи. Агар чиқарувчи канализация қудуғи (камераси) магистрал канализация тармоғида жойлашган бўлса, ушбу қудуқ ИСКХ ташкилоти коммунал канализация тармоғининг бир қисми ҳисоблананиб, унга туташтирувчи фойдаланиш чизиғи эса истеъмолчининг маблағи ва воситалари ҳисобидан амалга оширилади.
12. «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ичимлик сувдан оқилона фойдаланиш мақсадини кўзлаган ҳолда, истеъмолчилар (субистеъмолчилар) учун сувдан фойдаланиш лимитлари белгиланади, жисмоний ва юридик шахсларга иккиламчи хизмат турларини кўрсатувчи бюджет, иссиқлик ва сув таъминоти ташкилотлари бундан мустасно.
Коммунал сув таъминоти тизимидан ичимлик сув истеъмоли учун лимитлар ИСКХнинг тегишли ташкилотлари томонидан йилига бир марта белгиланади, уларнинг махсус буйруғи билан тасдиқланади ва истеъмолчилар (субистеъмолчилар) учун мажбурий ҳисобланади.
13. ИСКХ ташкилоти:
маҳаллий давлат ҳокимияти органларини — белгиланган сув истеъмоли лимитларининг саноат корхоналари томонидан бузилиш ҳолатлари тўғрисида;
«Давсанэпидназорат» органларини — ўткир ошқозон-ичак ва бошқа инфекциялар пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш, ўз вақтида профилактика чоралари кўриш мақсадида ичимлик сув ва канализация магистрал тармоқларидаги авария ҳолатлари тўғрисида;
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органларини — саноат корхоналари томонидан оқизилаётган оқова сувларнинг ифлосланиш даражаси ва миқдорига бўлган талабларга риоя этилмаётгани тўғрисида хабардор қилиб туради.
II. ИСКХ ташкилотларининг истеъмолчилари гуруҳлари
14. ИСКХ ташкилоти истеъмолчилари қуйидаги уч гуруҳга бўлинади:
а) I гуруҳга — хусусий уй-жойларда ва кўп квартирали уйдаги хонадонларда яшайдиган жисмоний шахслар киради;
б) II гуруҳга қуйидагилар киради:
иссиқлик таъминоти ташкилотлари;
ИСКХ ташкилотлари;
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва бошқа ташкилотларнинг идоравий уй-жой фонди ва ётоқхоналари;
бюджет ташкилотлари;
диний ташкилотлар;
элчихоналар ва дипломатик ваколатхоналар;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;
хусусий уй-жой эгалари ширкатлари;
в) III гуруҳга I ва II гуруҳга кирмаган бошқа ташкилотлардан иборат бўлади.
III. Ичимлик сув таъминоти ва (ёки) оқова сувларни чиқариш хизматлари кўрсатиш юзасидан шартнома
15. Истеъмолчиларга (субистеъмолчиларга) сув бериш ва улардан оқова сувларни қабул қилиш фақат ИСКХ ташкилоти билан истеъмолчи (субистеъмолчи) ўртасида тузилган шартнома мавжуд бўлгандагина амалга оширилади. ИСКХ ташкилоти билан истеъмолчи (субистеъмолчи) ўртасида тузилган шартнома ушбу Қоидаларга мувофиқ тузилган бўлиши, томонларнинг барча ҳуқуқ, вазифа ва мажбуриятларини акс эттириши керак.
16. Истеъмолчи билан сув таъминоти хизматлари юзасидан шартнома тузишда, марказий коммунал оқова сув тармоғига уланиш ҳолатлари мавжуд бўлса, мажбурий равишда, оқова сув(канализация) хизматлари учун ҳам шартнома тузилади.
17. I гуруҳ истеъмолчиси шартнома тузиш учун ИСКХ ташкилотига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт:
турар жой эгаси паспортининг нусхаси;
мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан доимий ва вақтинчалик истиқомат қилувчилар сони ҳақида берилган маълумотнома;
уланиш учун янги қурилган турар жойнинг лойиҳа (техник) ҳужжати.
18. II ва III гуруҳ истеъмолчиси (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидан ташқари) шартнома тузиш учун ИСКХ ташкилотига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт:
истеъмолчи ва субистеъмолчининг бевосита сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш тизимларига уланган (уланувчи) объектлари кўрсатилган буюртманома;
уланиш учун зарур бўлган лойиҳа (техник) ҳужжат;
сув таъминоти ва канализация схемалари;
сув таъминоти ва оқова сув баланси;
лойиҳа ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган, истеъмол қилинадиган ва ташланадиган оқова сувларнинг миқдори, сифати таркибини меъёрий асословчи ҳисоб ҳужжати, шунингдек коммунал-экологик нормативлар.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати шартнома тузиш учун ИСХК ташкилотига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари шарт:
истеъмолчи ва субистеъмолчининг марказий коммунал сув таъминоти ва оқова тизимларига бевосита уланган (уланадиган) объектлари кўрсатилган буюртманома;
мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори, кадастр ҳужжатлари, ижара шартномаси).
19. Объект эгаси автоном сув таъминоти (қудуқ, очиқ сув олиш ҳавзаси, ирригация тизими)га ва (ёки) марказий коммунал оқова тизимидан бошқа оқова ташлаш манбаларига эга бўлган ҳолатларда, ИСКХ ташкилоти билан шартнома тузиш учун махсус табиий сув объектларидан махсус сув олиш ёки истеъмол қилиш учун рухсатномани қўшимча равишда тақдим этиши зарур.
20. Сув таъминотининг хусусий автоном манбаи (қудуқ, очиқ сув олиш ҳавзаси, ирригация тизими ва ҳ.к.) мавжуд бўлганда коммунал канализация тизимига оқоваларни оқизиш ҳажми ўрнатилган насоснинг ишлаб чиқариш қуввати ёки ўрнатилган ва рўйхатдан ўтказилган ҳисоблаш асбобининг кўрсаткичлари бўйича аниқланади.
Истеъмолчига қарашли бўлган автоном сув таъминоти манбаининг ички тизими марказий сув таъминоти тизими билан туташмаган бўлиши керак.
21. Оқова сувлардаги ифлосланиш миқдори ва концентрациясининг шартномада белгиланган меъёрлардан ортиши, янги ичимлик сув ва оқова сув тармоқлари, иншоот ва мосламаларнинг ишга туширилиши ёки қайта таъмирланиши, янги субистеъмолчиларнинг қўшилиши, сув ўлчаш бўғими ечими ва тархларининг, сувни ҳисобга олиш асбобининг ўзгартирилиши кабилар фақат ИСКХ ташкилоти рухсати билан, илгари ёки янги тузилган шартномага қўшимчалар киритиш, зарур ҳолларда, янги техник шартлар олиш йўли билангина амалга оширилади.
22. Шартномада унинг предмети, яъни ичимлик сув билан таъминлаш ва (ёки) оқова сувларни чиқариш (оқизиш) кўрсатилиб, қуйидаги алоҳида шароитлар ҳам назарда тутилади:
ичимлик сувни олиш тартиби, шу жумладан ўт ўчириш ва оқова сувларни чиқариш ҳолатларида (II ва III гуруҳ истеъмолчилари учун);
ичимлик сув сифатига талаблар;
истеъмолчи ичимлик сув билан таъминланмаган ёки тўлиқ таъминланмаган ҳолатларда қайта ҳисоб-китоб қилиш;
ичимлик сув таъминотини ва оқова сувларни чиқаришни тўхтатиш ёки чеклаш шартлари;
олинган ичимлик сув ва чиқарилган оқова сувлар ҳисоби,
тўлов тартиби, муддатлари, тарифлари ва шартлари;
томонларнинг сув таъминоти ва канализация тармоғидан фойдаланиш бўйича жавобгарлик чегаралари;
томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
томонлардан бирининг аризасига кўра келишувга асос бўлиши мумкин бўлган бошқа шартлар;
шартномани бекор қилиш тартиби.
IV. Коммунал сув таъминоти ва оқова сув тармоқлари тизимига объектларни улаш тартиби
23. Янги, реконструкция қилинаётган, қайта ихтисослаштирилаётган ёки кенгайтирилаётган объектларни (кейинги ўринларда уланувчи объектлар деб аталади) марказий сув таъминоти ва канализация тизимларига улаш ҳамда сув муҳофазасига оид тадбирларни бажариш учун II ва III гуруҳ истеъмолчилари (буюртмачи) ИСКХ ташкилоти томонидан икки кун мобайнида бериладиган техник шартларга эга бўлиши керак, улар асосида кўрсатиб ўтилган истеъмолчилар норматив-техник ҳужжатларга мувофиқ лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқади.
Техник талабларни бериш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолатларда (тизимларнинг жуда бандлиги, муҳандислик коммуникацияларининг объект жойлашган ҳудудда йўқлиги, жойнинг ноқулай рельефи ва бошқа сабабларга кўра), ИСКХ ташкилоти 3 кун мобайнида истеъмолчига коммунал сув таъминоти ва канализация тизимларига уланиш имконияти йўқлиги ҳақида, асосланган, масала ечимига оид муқобил вариантларни таклиф этган ҳолда, ёзма равишда раддия тақдим этиши керак.
ИСКХ ташкилоти билан шартномавий муносабатларга эга бўлган истеъмолчи, ИСКХ ташкилоти рухсати билан ва у техник имкониятларни мавжуд деб топган ҳолатларда, ўз тасарруфидаги сув таъминоти ва канализация тармоқларига, иншоот ва қурилмаларга субистеъмолчиларнинг уланишига рухсат бериш ҳуқуқига эга.
Турар жой биноларининг ертўла қисмидан транзит сифатида ўтадиган магистрал тармоқлар ИСКХ ташкилоти тасарруфида бўлади, унинг томонидан техник хизмат кўрсатилади.
24. Техник шартларни олиш учун II ва III гуруҳ истеъмолчилари (буюртмачи) ИСКХ ташкилотига қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда буюртманома топширадилар:
архитектура ва қурилиш ҳудудий органлари томонидан берилган, объектнинг аҳоли яшаш жойи ҳудудига нисбатан жойлашиши акс эттирилган вазият режаси;
уланаётган объектнинг сувдан фойдаланиш турлари бўйича кўрсаткичлари акс эттирилган (жумладан, ўт ўчиришда ҳам) сувдан фойдаланиш ва оқова сувни чиқариш баланси;
канализация тизимига оқизишга мўлжалланган оқова сувлар таркиби ҳақидаги маълумот;
иморатнинг баландлиги, қаватлари ва қандай мақсадларда фойдаланилиши ҳақидаги маълумотлар;
субистеъмолчилар ҳақидаги маълумотлар.
ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари.
25. ИСКХ ташкилоти, буюртманома ва унга тегишли иловалар топширилгандан сўнг, 2 иш куни мобайнида техник шартларни истеъмолчига бепул тақдим этади.
26. Саноат корхоналарининг техник эҳтиёжлари учун (ишлаётган ёки лойиҳалаштирилаётган) бошқа сув манбаларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ деб топилган ҳолатларда, истеъмолчи, ўз куч ва маблағлари ҳисобига, локал (маҳаллий) ишлаб чиқариш сув тармоғини қуриши мумкин.
27. Техник шартларда уларнинг амал қилиш муддати, ичимлик сув ва канализация тизимига уланиш жойи, уланиш иншооти ва ускуналарига нисбатан қўйиладиган махсус техник талаблар, манзил кўрсатилиши шарт.
Бундан ташқари, қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
а) сув таъминоти бўйича:
уланиш жойидаги кафолатланган эркин босим;
келишилган миқдордаги ичимлик сувни қабул қилиш ҳажми ва сувдан фойдаланиш тартиби;
ичимлик сувни ўлчаш воситалари ва ҳисоблаш жойи (узели);
маҳаллий шарт-шароитлардан келиб чиқадиган махсус талаблар;
б) оқова сувларни чиқариш бўйича:
сув ташлаш нормативлари (оқова сувларни чиқариш тартиби);
оқова сувлардан намуна олиш ва ҳисобини юритиш ускуналарига қўйиладиган талаблар;
ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлашнинг олдини олишга ва йўл қўйиладиган концентрациялар даражасини назорат қилишга оид талаблар;
маҳаллий шарт-шароитлардан келиб чиқадиган махсус талаблар.
28. Бириктирилаётган объектларнинг сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш лойиҳалари берилган техник шартлар талабларига мувофиқ бўлиши зарур.
Лойиҳалаш жараёнида юзага келган техник талаблардан чекиниш зарурияти ИСКХ ташкилоти билан қўшимча равишда келишилади.
29. ИСКХ ташкилотидан олинган уланишга техник шартлар асосида лойиҳалаштириш ташкилоти II ёки III гуруҳ истеъмолчилари буюртмаси бўйича нормалар, қоидалар ва бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқ уланиш лойиҳасини ишлаб чиқади.
ИСКХ ташкилоти томонидан берилган техник шартларни бажариш II ва III гуруҳ истеъмолчи (буюртмачи)лари ҳамда сув таъминоти ва оқова сувни оқизиш лойиҳаларини ишлаб чиқувчи ташкилотлар учун ҳам мажбурий ҳисобланади.
Барча лойиҳалар келишилиши ва улар бўйича, белгиланган тартибда давлат экспертиза органларининг хулосаси олиниши шарт.
30. Ишлаб чиқилган лойиҳани лойиҳа ташкилоти ёки II ва III гуруҳ истеъмолчи(буюртмачи)си икки нусхада ИСКХ ташкилотига келишиш учун топшириши шарт.
31. Марказий коммунал сув таъминоти тизимига уланиш лойиҳаси топографик сурат асосида лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилиши ва унда қуйидагилар мавжуд бўлиши шарт:
участканинг барча мавжуд ва лойиҳалаштирилаётган ер ости иншоотлари акс эттирилган, уларнинг жойлашиш чуқурлиги кўрсатилган, 1:500 масштабдан кам бўлмаган бош режаси;
сув ўлчаш узеллари жойлаштирилган хонанинг ичимлик сув тизимлари ва қурилмалари билан 1:50 — 1:100 масштабда акс эттирилган режаси;
ичимлик сув қувурини киритиш ва сув ўлчаш узеллари ҳамда қудуқ ва камераларининг 1:10 — 1:20 масштабдаги иш чизмалари;
хўжалик-маиший, ёнғин хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш-техник эҳтиёжлар учун максимал кунлик ва соатлик сув сарфи баланси кўрсатилган ҳисоб-тушунтириш хати.
32. Марказий коммунал сув ташлаш тизимига уланиш лойиҳаси топографик сурат асосида лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилиши, у қуйидагиларни қамраб олган бўлиши лозим:
участканинг барча мавжуд ва лойиҳалаштирилаётган ер ости иншоотлари акс эттирилган, уларнинг жойлашиш чуқурлиги кўрсатилган, 1:500 масштабдан кам бўлмаган бош режаси;
қувурлар диаметри, ер юзаси белгилари кўрсатилган, мавжуд ёки ўтказилиши режалаштирилаётган қувурлар, лойиҳалаштирилаётган канализация линияларининг ён томондан кўриниш кесмаси;
ер ости иншоотлари (диаметри билан кўрсатилган ҳолда) билан кесишиш нуқталари ва белгилари. Кўндаланг кесмалар вертикал бўйича 1:100 масштабда ва горизонтал бўйича 1:100дан 1:1000гача бўлган масштабда тақдим этилади;
саноат ишлаб чиқариш корхоналари оқоваларини тозалашнинг лойиҳалаштирилаётган локал тозалаш ва бошқа канализация иншоотларининг иш чизмалари;
оқова сувларнинг миқдори, таркиби ва ифлосланиш даражаси, қувурларнинг мўлжалланган диаметри ва уларнинг нишаби, шунингдек оқова сувларнинг тўлиши ва оқиш тезлиги кўрсатилган ҳисоб-тушунтириш хати.
33. ИСКХ ташкилоти уланиш учун келишувга тақдим этилган лойиҳани, белгиланган тартибда икки ҳафта муддатда кўриб чиқиши шарт. Бунда ИСКХ ташкилоти тақдим этилган лойиҳанинг илгари берилган техник шарт талабларига ва ушбу Қоидаларга мувофиқ эканлигини текшириб чиқиши зарур.
34. Лойиҳалаштириш жараёнида лойиҳавий ечимларга киритилган барча ўзгаришлар, уланишга берилган техник шартлардан четга чиқишлар ИСКХ ташкилоти билан қўшимча равишда келишилиши зарур.
35. Техник шартлар 2 йил муддатга берилади. Белгиланган муддат тугагач буюртмачи (объектни лойиҳалаштириш ва қуришни бошлаш учун) лойиҳа муддатини чўздириши ёки янги техник шартларни олиши зарур.
36. Уланиш учун тасдиқланган лойиҳанинг бир нусхаси ИСКХ ташкилотига топширилади. Мазкур нусхадан марказий сув тармоғи ва канализация тизимларига уланиш билан боғлиқ қурилиш ишлари боришини техник назорат қилишда, сув таъминоти ва канализация тизимларига уланувчи қурилма ва иншоотларни фойдаланишга топшириш ва қабул қилишда фойдаланилади. II ёки III гуруҳ истеъмолчиларининг куч ва маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган уланиш ва уни реконструкция қилиш бўйича барча ишлар техник назоратда бўлади.
37. Коммунал сув тармоғи ва оқова сув тармоғига улаш учун қурилма ва иншоотлар фойдаланишга топширилишидан олдин истеъмолчи (буюртмачи ёки қурилиш ташкилоти)дан ИСКХ ташкилоти вакили томонидан, уларнинг берилган техник шартларга мувофиқлигини текшириб қабул қилиниши керак.
Объект ишга туширилгунгача коммунал сув таъминоти ва оқова сув тармоғига уланиш учун, истеъмолчи қурилма ва иншоотлар ижро ҳужжатларининг бир нусхасини ИСКХ ташкилотига топширади.
38. Барча ичимлик сув ва канализация тармоқлари ҳамда иншоотлари фойдаланишга топширилишидан олдин истеъмолчи (буюртмачи ёки қурилиш ташкилоти) томонидан мажбурий тарзда ИСКХ ташкилотига топшириш учун қуйидаги ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади:
асослар, пойдеворлар, тиргаклар қуриш, тупроқни зичлаш, изоляциялаш ва бошқа яширин ишлар бўйича далолатномалар;
электр-кимё ҳимояси бўйича ҳужжатлар тўплами (зарурат бўлса);
агар улар учун мажбурий сертификатлаштириш назарда тутилган бўлса, сув таъминотида (сув чиқариб юборишда) фойдаланиладиган қувурлар, ускуналар, конструкцияларга сертификат ва паспортлар ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар;
агар товар бетон ишлатилган бўлса, бетон кубикларининг пишиқлигини синаш қайдномалари;
қувурлар ва иншоотларнинг санитария ишлови далолатномалари;
коммуникациялар ва иншоотларнинг пишиқлиги ҳамда герметиклиги тўғрисида гидравлик синаш далолатномаси;
чиқарилиш самарадорлиги тўғрисида далолатномалар;
тегишли ташкилотлар билан келишилган ижро чизмалари;
қувурларни коррозиядан ҳимоялаш бўйича ишлар бажарилганлиги тўғрисидаги далолатномалар (зарур ҳолатларда);
лойиҳалаш ташкилоти, буюртмачи ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан келишилган лойиҳадан чекинишлар қайдномалари;
қурилиш ташкилотининг топширилаётган объектга кафолат паспортлари, унда яширин нуқсонлар учун қурилиш ташкилотининг жавобгарлиги муддати ҳам кўрсатилади;
бажарилган ишларни қайд этиш дафтари;
сув ўлчаш узелининг тайёрлиги ҳақидаги далолатнома.
39. Сув қувурлари ва канализация тармоқларини, иншоотлар ва қурилмаларни вазирликлар ва идоралар ташкилотлардан ИСКХ ташкилотларига ўтказиш истеъмолчи (буюртмачи) ёки уларга эгалик қилувчи томонидан, қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
40. Қуриб битказилган сув қувурлари, канализация тармоқлари ва иншоотларни қабул қилиб олиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
41. Сув таъминоти тизимига уланиш учун сув қувурлари қурилмалари ва иншоотлари фойдаланишга топширилишидан олдин истеъмолчи томонидан тегишли далолатномалар тузилган ҳолда, ИСКХ ташкилоти ва Давлат санитария ва эпидемиология назорати ҳудудий органлари вакиллари иштирокида, сувнинг санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган таҳлиллар натижаларига эришгунга қадар ювилиши ҳамда дезинфекцияланиши (зарарсизлантирилиши) зарур (кўп квартирали уйлардан ташқари). Талаблар бажарилмаган тақдирда истеъмолчи сув таъминоти тизимига ўзбошимчалик билан уланиб олган ҳисобланади ҳамда ИСКХ ташкилоти абонент истеъмол қилган сув миқдорини аниқлаш учун мазкур Қоидаларнинг 42-бандида кўрсатилган формулани қўллаш ҳуқуқига эга.
42. Ичимлик сув тармоғининг ювилиши ҳамда дезинфекцияланиши (зарарсизлантирилиши), ИСКХ ташкилотининг вакили иштирокида, пудратчи ёки қурилиш ташкилоти ҳисобидан амалга оширилади. Харажатлар қурилиш қийматида назарда тутилган бўлиши лозим. Сувни ҳисобга олиш асбоби мавжуд бўлган тақдирда харажат сув ўлчагич бўйича аниқланади, акс ҳолда ювиш учун сарфланган сув миқдори қуйидаги формула бўйича аниқланади:
М — 0,60-0,62 га тенг бўлган зулфин орқали сув сарфи коэффициенти;
F — суюқлик оқиб ўтадиган қувур ёки тешик кесими майдони (ички диаметр бўйича), м2;
g — 9,8 м/секунд2га тенг бўлган эркин тушиш тезлиги;
Н — коммунал сув тармоғига уланиш ёки сув олиш нуқтасидаги сувнинг метр ҳисобидаги босими;
t — секунд ҳисобидаги вақт.
Ювишнинг қанча давом этиши, ювиш устуни диаметри, тармоқдаги босим тўғрисидаги маълумотлар ИСКХ ташкилоти ва ювишни амалга ошираётган ташкилот вакиллари томонидан тузиладиган далолатномага киритилади.
43. Уланиш учун ичимлик сув тармоғи қурилмалари ва иншоотларини ювиш тўғрисидаги далолатнома ИСКХ ташкилоти, истеъмолчи (буюртмачи ёки қурилиш ташкилоти), пудрат ташкилоти ва Давлат санитария-эпидемиология назорати вакиллари томонидан тузилади ва имзоланади. Ушбу далолатномада ювишга сарфланган ва ўлчаш воситалари билан аниқланадиган ичимлик сув миқдори тўғрисидаги маълумотлар бўлади. Сув ўлчаш воситалари бўлмаган ҳолатларда эса ушбу Қоидаларнинг 42-бандида кўрсатилган формула бўйича ҳисоб-китоб қилинади.
44. Истеъмолчи (мулкдор)нинг ичимлик сув тармоғи ва канализация чиқиш жойлари уланмаларини ювиш, дезинфекциялаш (зарарсизлантириш), улаш бўйича ишлари ИСКХ ташкилотлари томонидан алоҳида шартнома асосида амалга оширилиши ва бу хизматлар учун ҳақ истеъмолчи ёки пудратчи томонидан тўланиши мумкин.
Назорат канализация қудуғи мавжуд бўлмаган тақдирда буюртмачи (якка тартибда уй-жой қурувчи) уни ИСКХ ташкилоти томонидан белгиланган муддатда қуриши шарт.
45. Фуқароларга шахсий мулк ҳуқуқи бўйича тегишли бўлган ичимлик сув тармоғи ва канализация чиқиш жойлари уланмаларини ювиш ва улаш ИСКХ ташкилоти томонидан, мулкдорлар ҳисобига амалга оширилади.
46. Қурилган уланмалар ИСКХ ташкилоти томонидан истеъмолчи ва қурилиш ташкилоти вакиллари иштирокида, томонлар ўртасида шартнома тузилгач, фойдаланишга топширилади.
47. Сувни бериш ҳамда оқова сувларни қабул қилишга рухсат берувчи далолатнома тузилиб, ИСКХ ташкилотидан уланма фойдаланишга топширилгани тўғрисидаги маълумотнома олингач, барча аниқланган нуқсонлар бартараф этилгандан кейин, шунингдек истеъмолчи ИСКХ ташкилотига коммунал сув таъминоти ва канализация тизимларига уланиш учун тегишли ариза берганини ҳисобга олган ҳолда рухсат этилади.
48. Истеъмолчи (буюртмачи ёки қурилиш ташкилоти) ИСКХ ташкилотига ўтказилаётган ичимлик сув ва канализация тармоқлари ҳамда иншоотларининг ишлаш ҳолатида туриши учун улар топширилган кундан бошлаб кафолат паспортида кўрсатилган муддат давомида (объект топширилган кундан бошлаб камида бир йил давомида) жавобгар ҳисобланади ва бу муддат мобайнида ИСКХ ташкилоти кўрсатмасига биноан, барча аниқланган техник носозликларни ўз кучи ва маблағлари ҳисобидан бартараф этади.
49. Фаолият кўрсатаётган коммунал сув таъминоти ва канализация тизимларига (шу жумладан, сув олиш колонкалари ва ўт ўчириш гидрантлари, уйнинг киритма ва чиқувларига ҳам) ўзбошимчалик билан уланиб олиш, шунингдек ушбу тизимлардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш тақиқланади.
Коммунал сув таъминоти ва канализация тизимларига (юридик ва жисмоний шахслар томонидан) ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, ИСКХ ташкилоти вакили томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, улардан бир нусхаси ўзбошимчалик билан уланиб олган субъектга шахсан топширилади, ИСКХ ташкилотида қоладиган нусхага имзо қўйдирилади. Ушбу далолатнома ўзбошимчалик билан уланганнинг жавобгарлик даражасини ва ИСКХ ташкилотига етказилган зарарни аниқлаш учун асос бўлади ҳамда ИСКХ ташкилоти ушбу Қоидаларнинг 94-бандига мувофиқ сув сарфи ва оқова сувларни чиқарганлик учун тўлов суммаларини тўлаш учун уланма эгасига тўлов ҳужжатини ёзиб беради.
50. Коммунал сув таъминоти ва канализация тизимларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолати аниқланган тақдирда ушбу уланиш истеъмолчи ёки ИСКХ ташкилоти ходими томонидан дарҳол узиб қўйилиши лозим, бажарилган ишларнинг харажатларини қоплаш истеъмолчи зиммасига юкланади.
51. Хона турар жойдан нотурар жой тоифасига ўтказилганда истеъмолчи сувни бериш ва оқова сувларни қабул қилишга етти кун муддатда шартнома тузиши, ҳисоблаш асбобини ўрнатиши ва рўйхатдан ўтказиши шарт. Истеъмолчини II ёки III гуруҳга ўтказиш унинг асосий иш фаолиятидан келиб чиқиб амалга оширилади. Сув таъминотига ва (ёки) оқова сувни чиқаришга эҳтиёж мавжуд бўлмаган тақдирда истеъмолчи ИСКХ ташкилотини ёзма шаклда хабардор қилиб қўйиши ва узиб қўйилганликни тасдиқлаш учун унинг вакилини таклиф этиши шарт. Сув таъминоти ва (ёки) оқова сувни чиқариш қайтадан тикланганда ҳам истеъмолчи ИСКХ ташкилотини бу ҳақда ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.
52. Кўча ва ҳовлилардаги умумий фойдаланиладиган сув олиш колонкаларидан фойдаланиш, баланс бўйича мансублигидан келиб чиққан ҳолда ИСКХ ташкилоти ёки истеъмолчи томонидан амалга оширилади.
53. ИСКХ ташкилоти техник имконият ва зарурий ҳисоб-китоблар билан бирга буюртманома мавжуд бўлган тақдирда фуқароларнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан рухсат берилган жойларда қурилаётган объектлар, хўжаликлар ва ободонлаштириш объектларини сув таъминоти ва канализация тизимларига улашни вақтинчалик схема бўйича, сувни ҳисоблагичлар мавжуд бўлган ҳолатларда амалга оширади.
54. ИСКХ ташкилотига ёки истеъмолчига тегишли бўлган ичимлик сув тармоғи ва қурилмаларига вақтинчалик уланиш ИСКХ ташкилоти рухсати билан амалга оширилиши мумкин. Бинолардан ташқаридаги ичимлик сув қувурлари ер остига ётқизилиши керак. Қувурларни очиқ ҳолда ўтказишга фақат ёзги ичимлик сув қувурларига рухсат этилади. Бунда кўчадаги ирригация лотокларига ва йўл четидаги ариқларга қувурларни ётқизишга йўл қўйилмайди.
55. Вақтинчалик сув тармоғини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш манфаатдор ташкилотларнинг ўз кучи ва маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Фойдаланаётган ташкилот сув тармоғини шартномага мувофиқ ўз вақтида узиб қўйилмаганлиги учун моддий жавобгар ҳисобланади.
V. Етказиб берилган сувни ўлчаш учун ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш
56. Марказий коммунал сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш тизимига уланган ёки янгидан уланаётган истеъмолчилар (субистеъмолчилар)га хизмат кўрсатиш ИСКХ ташкилоти томонидан, мажбурий тартибда, сарфланган ва чиқариб юборилган оқова сувни ҳисоблаш учун зарур сувни ҳисобга олиш асбоблари ўрнатилган ҳолда амалга оширилади. Янги истеъмолчиларни ИСКХ ташкилоти томонидан сувни ҳисобга олиш асбобларини ўрнатмасдан коммунал сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш тизимига улаш қатъиян тақиқланади.
57. Истеъмолчиларнинг II ёки III гуруҳ истеъмолчилари учун сувни ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш ушбу мақсадлар учун махсус лойиҳалаштирилган сув ўлчаш узели хоналарида амалга оширилиши керак.
Сув ўлчаш узели сунъий (табиий) ёруғликка эга бўлиши ва вентиляция қурилмаси (етарли даражадаги асосда — табиий вентиляция) билан жиҳозланган, қиш вақтида ҳаво ҳарорати 4 0С даражадан паст бўлмаган, шунингдек узел ичида ҳимояланган электр розеткаси бўлиши керак. Сув ўлчаш узелининг ўлчами режада икки кишининг бир вақтнинг ўзида эркин, тиқилинчсиз ишлашини таъминлаши, шунингдек, сув ўлчаш узелини сув босган тақдирда уларнинг ишдан чиқиши, бузилишининг олдини олиш учун моддий қийматга эга буюмлар сақланаётган жойдан мустаҳкам изоляцияланган бўлиши керак. Сув ўлчаш узели хонаси ер ости ва ёмғир сувлари тушишидан ҳимоялайдиган ташқи гидроизоляцияга эга бўлиши керак.
Сув ўлчаш узели зарурий тарзда деталлаштирилиши, шу жумладан, сувни ҳисобга олиш асбоби (сув ўлчагич ёки диафрагмали манометр) ўрнатиш ва монтаж қилишнинг батафсил схемаси лойиҳа билан расмийлаштирилган ва ИСКХ ташкилотлари билан келишилган бўлиши керак.
Сув ўлчаш узели мустақил зулфинли қурилмага эга бўлиши, унинг калитлари ташкилот буйруғи билан белгиланган масъул шахсда сақланиши керак.
Узел жойлашган хонада транзит канализация линиялари, устунлар ва чиқаргичлар ўрнатиш, бошқа муҳандислик коммуникацияларини ўтказиш тақиқланади.
58. Сув ўлчаш узели хонасини озода сақлаш зарур. Истеъмолчи билан ИСКХ ташкилоти ўртасида тузиладиган сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномада хона, узел ускуналари сақланиши, сув ҳисоблагичдаги пломба ҳамда стволли зулфин (ёнғинга қарши)нинг бутлиги ва кириш эшиги калитларининг сақлаш жойига масъул бўлган шахснинг фамилияси кўрсатилиши керак.
59. Фақат сув ўлчаш узели хонаси ва ускуналари тўлиқ соз ҳолатга келтирилгандан ва барча қурилиш-монтаж ишлари тугаллангандан сўнг сувни ҳисобга олиш асбобини ўрнатишга рухсат этилади.
60. Узатилган сувнинг ҳисобини юритиш учун давлат синовидан ва рўйхатидан ўтказилган сув ҳисоблагичлар ишлатилиши лозим ва улар тегишли тартибда берилган метрологик аттестация ва синовлардан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши шарт.
61. Сув ҳисоблагичлар:
ушбу турдаги ишларни олиб бориш учун «Ўзстандарт» агентлигида аккредитациядан ўтган тегишли органлар томонидан текширилган ва пломбаланган бўлиши;
сувни ҳисобга олиш асбоби паспортида текшириш сертификати, метрологик аттестациядан ўтгазилганлик тўғрисидаги қайдлар бўлиши лозим.
62. Совуқ сувни ҳисобга олишнинг мақбул усуллари ва ўлчаш воситаларини танлаш, сувни ҳисобга олиш асбобларини назоратдан ўтказиш ишлари норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилиши керак. Сув ўлчагичдан фойдаланишнинг белгиланган чегарали текширишлараро муддати тугаганда ёки унинг ҳақиқий ҳолати бўйича текширув ўтказишнинг имконияти бўлмаганда ИСКХ ташкилоти ёки ушбу асбобни таъмирлаш ва текшириш ишлари учун рухсатномаси бор, аккредитациядан ўтган тегишли органлар хулосасига кўра уни алмаштириш чора-тадбирлари кўрилади.
Сувни ҳисобга олиш асбобини текширишлар оралиғи:
жисмоний шахсларнинг ҳисоблаш асбоби учун — 4 йилни;
юридик шахсларнинг ҳисоблаш асбоби учун — 2 йилни ташкил қилади.
Босимнинг ўзгарувчан фарқи сарфларини аниқловчи электрон ҳисоблагичлар (дифманометрлар), ультратовушли, электр магнитли, уюрмали ва бошқа турдаги ҳисоблагичлар учун текширишлар оралиғи — 1 йилдан иборат бўлади.
63.Сув ўлчаш узели ИСКХ ташкилоти томонидан пломбаланиши лозим. Пломбаланмаган ҳисоблаш асбобларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади.
64. II ва III гуруҳ истеъмолчиларида ўрнатиладиган сув ҳисоблагич шартли ўтказмаси (калибри)нинг диаметри ҳисоб-китоб билан аниқланади, объектнинг максимал ва минимал сув истеъмоли текширилади ҳамда ИСКХ ташкилоти билан келишилади.
II ва III гуруҳ истеъмолчиларида сувни ҳисобга олиш асбобларининг ишлаши назорат қилинганда, ўлчовларнинг техник тавсифномасида йўл қўйиладиган минимал чегарадан кам миқдорда сув истеъмол қилинган тақдирда ИСКХ ташкилоти сув ўлчаш узелини амалда сарфланаётган сув ҳажмига мос, кичикроқ диаметрдаги асбобга (берилган кундан кейинги 30 календарь кун ичида) қайта жиҳозлашга кўрсатма беради. Бу кўрсатма бажарилмаган тақдирда сувдан фойдаланиш ва оқова сувларни чиқариш учун тўловлар ушбу Қоидалар 87-бандининг «б» кичик бандига мувофиқ амалга оширилади.
Сувни ҳисобга олиш асбобининг йўл қўйиладиган минимал чегарасидан кам миқдордаги ўлчовларда ишлашини аниқлаш II ва III гуруҳ истеъмолчиларида илгариги олти ой мобайнида сув истеъмол қилинишининг мониторинг ҳисобига кўра, фаслларга кўра нотекис тақсимланишини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.
65. I, II ва III гуруҳ истеъмолчилари учун сувни ҳисобга олиш асбобларини харид қилиш, ўрнатиш, давлат назоратидан ўтказиш, фойдаланиш (таъмирлаш, алмаштириш) ишлари ИСКХ ташкилоти томонидан, истеъмолчи (субистеъмолчи)нинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Бунда ИСКХ ташкилоти истеъмолчиларга мазкур хизматларни бажариш учун нархни тартибга солиш органи билан келишилган алоҳида тарифлар белгилаши керак.
Истеъмолчи (субистеъмолчи)нинг хоҳишига кўра индивидуал сувни ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш, давлат назоратидан ўтказиш, таъмирлаш ва алмаштириш ишлари «Ўзстандарт» агентлигида аккредитациядан ўтган бошқа ташкилотлар томонидан, истеъмолчининг маблағлари ҳисобига амалга оширилиши мумкин.
66. ИСКХ ташкилоти «Ўзстандарт» агентлиги томонидан берилган рўйхатга кўра Ўзбекистон Республикасида қўллашга рухсат этилган сувни ҳисобга олиш асбобларининг турлари ҳақидаги маълумотни истеъмолчиларга тақдим этиши шарт.
67. Сувни ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш учун истеъмолчи ИСКХ ташкилотига буюртманома беради. Буюртманома тушгач, ИСКХ ташкилоти уч кун муддатда истеъмолчи билан сувни ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш юзасидан шартнома тузади ва унда шартномада кўрсатилган сумманинг 100 фоизи миқдорида олдиндан тўлов ўтказилиши назарда тутилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан қонунчиликка мувофиқ нафақа олувчи кам таъминланган оилаларнинг уйини сувни ҳисобга олиш асбоблари билан таъминлаш ИСКХ ташкилоти маблағлари ҳисобига амалга оширилади, бу маблағ кейинчалик уй эгаси томонидан шартномага асосан, белгиланган тартибда 12 ой муддатда тўланади.
ИСКХ ташкилоти, истеъмолчи томонидан шартномада кўрсатилган тўлов суммаси тўлиқ тўлангач, 30 календарь куни мобайнида сувни ҳисобга олиш асбобини ўрнатиши шарт.
Шу билан бирга, истеъмолчи ИСКХ ташкилоти вакили ўз хизмат гувоҳномасини кўрсатгач, унга белгиланган тартибда сувни ҳисобга олиш асбоби ўрнатилган жойга бориш шароитини яратиб бериши, сувни ҳисобга олиш асбоби ўрнатиладиган ерни ҳозирлаши, назорат винтели ва зулфинларнинг ишлашини таъминлаши, иш олиб боришга халақит берувчи омилларни бартараф этиши шарт.
Истеъмолчи сувни ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш учун зарур шарт-шароитларни яратиб бермаган ҳолатларда ва бу сабаблар ИСКХ ташкилотига боғлиқ бўлмаган бўлса, икки томонлама далолатнома тузилади, унга асосан сувни ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш муддати узайтирилади.
ИСКХ ташкилоти сувни ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш муддатларига амал қилмаган тақдирда, истеъмолчи сувни ҳисобга олиш асбоби йўқлиги сабабли тўлаши лозим бўлган ортиқча коэффициентли тўловлардан озод этилади. Шунингдек, ИСКХ ташкилоти сувни ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш муддатларига амал қилмагани учун, кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,1% миқдорида пеня тўлайди, лекин унинг миқдори шартнома суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги керак.
68. ИСКХ ташкилоти вакили томонидан сувни ҳисобга олиш асбобининг ишламаётганлиги аниқланса ёки унинг иш тартибига рухсатсиз аралашилган ёки назорат пломбалари узилган бўлса, ИСКХ ташкилоти истеъмолчига субистеъмолчига) сувни ҳисобга олиш асбобини 30 кун муддатда навбатдан ташқари текширувдан ўтказишга кўрсатма беради. Муддат кўрсатма тақдим этилган санадан бошлаб ҳисобга олинади.
Берилган кўрсатма 30 кун муддатда бажарилмаган тақдирда I гуруҳ истеъмолчилари тўловларни ушбу Қоидалар 87-бандининг «а» кичик бандига кўра, II ва III гуруҳ истеъмолчилари эса 87-банднинг «б» кичик бандига кўра амалга оширадилар ва бу ҳолат сувни ҳисобга олиш асбобидаги камчиликлар бартараф этилмагунгача ёки янги сувни ҳисобга олиш асбоби ўрнатилмагунгача давом этади.
69. Сувни ҳисобга олиш асбобидан фойдаланишнинг чекланган муддати тугашидан камида 30 календарь кун аввал ИСКХ ташкилоти истеъмолчига шартномада кўрсатилган тартибда (почта орқали, шахсан, электрон почта воситасида, ижтимоий тармоқлар ёрдамида ва ҳоказо) огоҳлантириш хати жўнатади. Унда сувни ҳисобга олиш асбобидан фойдаланиш муддати тугаётганлиги қайд этилади, истеъмолчи учрашиши керак бўлган шахс, манзил, телефон рақами ва электрон манзили кўрсатилади.
Истеъмолчи огоҳлантириш хатини олган кундан бошлаб уч кун муддатда ИСКХ ташкилоти вакили билан ёзма, оғзаки ёки телефон орқали боғланиб, ушбу корхона вакили томонидан сувни ҳисобга олиш асбобини текширишга олиб кетиш, икки томонлама далолатнома тузиш санаси, вақтини келишиб олади. Бунда далолатнома тузилган сана, сувни ҳисобга олиш асбобини текшириш ва қайта ўрнатиш учун кетадиган вақт, унинг кўрсаткичлари қайд этилиши лозим.
I гуруҳ истеъмолчиси узрли сабабга кўра (хизмат сафарида, касалхонада бўлиш) ўз вақтида сувни ҳисобга олиш асбобини назоратдан ўтказа олмаган ҳолларда (тегишли ҳужжатлар тақдим этилганда) огоҳлантириш хати берилган кундан кейинги муддат узрли сабаб кўрсатилган муддатга узайтирилади.
70. ИСКХ ташкилоти сувни ҳисобга олиш асбобининг ўз вақтида назоратдан ўтказилиши учун истеъмолчига олдиндан хабар бериш, уни ечиш, ўрнатиш, кўрсаткичларини назорат қилиш юзасидан масъул ҳисобланади.
Сувни ҳисобга олиш асбобини текшириш (таъмирлаш) муддати унинг ечилган вақтидан бошлаб пломбаланиб, қайта қўйилгунгача 30 календарь кундан ошмаслиги керак.
Совуқ сувни ҳисобга олиш асбобини текшириш ёки таъмирлаш муддати давомида барча гуруҳ истеъмолчилари асбоб ечилганидан кейинги 30 календарь кун мобайнида тўловларни олдинги уч ойдаги кўрсаткичларнинг ўртача суткалик ҳисобидан келиб чиққан ҳолда амалга оширадилар.
71. Барча гуруҳ истеъмолчиларининг сувни ҳисобга олиш асбобларини таъмирлаш, давлат назоратидан ўтказиш ёки алмаштириш ишлари ИСКХ ташкилоти томонидан, истеъмолчи ёки унинг вакили иштирокида ўтказилади. Икки томонлама далолатнома тузилади, унда ечилган ва янгидан ўрнатилган сувни ҳисобга олиш асбобининг тартиб рақами, ечиб олиш ва ўрнатиш вақтидаги кўрсаткичлари қайд қилинади.
ИСКХ ташкилоти вакили томонидан сувни ҳисобга олиш асбобининг ўрнатилгани ёки ечилгани ҳақидаги икки томонлама далолатномаларнинг тузилиши ва уларнинг пломбаланиши бепул бажарилади.
Сувни ҳисобга олиш асбобларининг сақланиши, бутлиги ва пломбаларнинг бузилмаганлиги юзасидан жавобгарлик истеъмолчига юкланади.
72. I, II ва III гуруҳ истеъмолчилари учун сувни ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш, давлат назоратидан ўтказиш, фойдаланиш (таъмирлаш) хизматлари учун тўловлар ИСКХ ташкилоти томонидан, белгиланган нархни тартибга солиш органи билан келишилган алоҳида тарифлар асосида амалга оширилади. Улар монтаж (алмаштирилганда — эскисини демонтаж) қилишда, таъмирлаш, ўрнатиш (ечиш) жойигача, у ердан қайтишгача бўлган транспорт харажатларини, текшириш зарурати туғилганда, стандарт органлари хизмати ва асбобни ўрнатиш хизматлари учун тўловни ўз ичига олади.
73. Истеъмолчи сувни ҳисобга олиш асбобидаги пломбага шикаст етгани, узилгани ёки бутун эмаслиги каби ҳолатларни аниқлаганда, 2 сутка мобайнида ИСКХ ташкилотини бу ҳақда огоҳлантириши лозим.
Ушбу факт бўйича икки томонлама далолатнома тузилади, ундаги камчилик ва носозликларни бартараф этиш юзасидан қарор қабул қилинади ва асбоб режадан ташқари қайта назоратдан ўтказилади.
Сувни ҳисобга олиш асбоби ишдан чиққанлиги тўғрисида огоҳлатирилмаган ҳолатларда I гуруҳ истеъмолчилари сарфланган совуқ сув учун ушбу Қоидалар 87-бандининг «а» кичик банди бўйича, II ва III гуруҳ истеъмолчилари эса ушбу Қоидалар 87-бандининг «б» кичик банди бўйича, сувни ҳисобга олиш асбоби текширилганлиги тўғрисида тузилган сўнгги далолатнома санасидан бошлаб асбоб ишидаги носозликлар бартараф этилган ёки янгиси ўрнатилган санагача бўлган муддат ҳисобидан тўловларни амалга оширадилар.
Сувни ҳисобга олиш электрон асбоблари ишида электр энергияси ўчирилиши ёки вақт кўрсаткичлари тўхтатилиши билан боғлиқ танаффуслар борлиги аниқланса ва бу ҳолатлар электр таъминоти идораларидан берилган маълумотномалар билан тасдиқланмаган бўлса, ушбу давр учун тўловлар ўрнатилган асбобнинг юқори (максимал) кўрсаткичлари бўйича ёки сув ўтказиш қурилмасининг ўтказиш имкониятидан келиб чиқиб, ушбу Қоидалар 87-бандининг «б» кичик банди бўйича амалга оширилади
74. Истеъмолчининг айби билан сувни ҳисобга олиш асбобидаги пломба узилгани аниқланганда ва бу ҳақда икки томонлама далолатнома тузилиб, тасдиқланган бўлса, асбоб аккредитацияланган органлар (метрологик хизматлар)га навбатдан ташқари текширишга юборилади. Текшириш давомида сувни ҳисобга олиш асбобининг носозлиги аниқланса, асбоб аккредитацияланган органлар (метрологик хизматлар)га таъмирлаш учун жўнатилади. Таъмирдан сўнг асбоб талабларга жавоб бермаса ва таъмир учун яроқсиз деб топилса янгиси ўрнатилади.
75. ИСКХ ташкилоти билан бўладиган ўзаро ҳисоб-китобларда инобатга олинмайдиган (бир гуруҳдаги истеъмолчи ва субистеъмолчи ўртасидаги ҳисоб-китобларни олиб бориш учун ўрнатилган) сувни ҳисобга олиш асбоблари истеъмолчи ёки субистеъмолчи томонидан ишлатилади ва назорат қилиб турилади. Бу асбоблар кўрсаткичлари ИСКХ ташкилоти билан бўладиган ҳисоб-китобларда ҳисобга олинмайди.
76. Истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб қилишга асос бўладиган сувни ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичлари ҳар чоракда 1 марта олиниб, тегишли далолатнома билан расмийлаштирилади.
Сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичларини қайд қилиш, шартнома шартларига мувофиқ сарфланган сув ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби ва муддатларини белгилаш ҳуқуқи истеъмолчининг ўзига берилиши мумкин.
ИСКХ ташкилоти маълумотларини тақдим этиш шартномада кўрсатилган алоқа каналлари орқали амалга оширилади.
77. ИСКХ ташкилоти истеъмолчи томонидан тақдим этилаётган сув сарфи ҳақидаги маълумотларни, сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичларининг тўғри олинаётганлигини мунтазам равишда назорат қилиб туриши лозим. Агар истеъмолчи тақдим этган сув сарфи ҳақидаги маълумотлар билан сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари ўртасида тафовут пайдо бўлса, сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичларига асосланган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинади.
78. ИСКХ ташкилоти вакили сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичларини қайд этиш вақтида истеъмолчи ҳудудидаги ва унга тегишли барча сувни ҳисобга олиш асбоблари, зулфин, гидрант ва бошқа сув узатиш қурилмаларидаги пломбаларнинг борлиги ва бутлигини текшириши шарт.
79. Сувни ҳисобга олиш асбобидаги пломбаларнинг узилиш ҳолатлари қайд қилинганда улар «Ўзстандарт» агентлигида аккредитациядан ўтган ташкилотларга навбатдан ташқари текширувдан ўтказиш учун жўнатилади. Текшириш натижаларига кўра сувни ҳисобга олиш асбоби ишлатишга яроқсиз деб топилса, у таъмирлаш учун жўнатилиб, «Ўзстандарт» агентлигида аккредитациядан ўтган ташкилотда қайта текширилади. Сувни ҳисобга олиш асбоби носоз деб топилган истеъмолчи эксперт текшируви харажатларини тўлайди ҳамда сувни ҳисобга олиш асбоби ечилганидан то ўрнатилган даврдаги сарфланган ичимлик сув учун — I гуруҳ истеъмолчилари ушбу Қоидалар 87-бандининг «а» кичик банди бўйича, II ва III гуруҳ истеъмолчилари эса — ушбу Қоидалар 87-бандининг «б» кичик банди бўйича тўловларни амалга оширадилар.
80. Истеъмолчилар (аввалдан оғзаки ёки ёзма равишда келишилган ҳолда) ИСКХ ташкилоти вакилининг, у хизмат гувоҳномасини тақдим этгач, белгиланган тартибда ўз ҳудуди ёки тасарруфидаги сувни ҳисобга олиш асбоблари, узеллари, ичимлик сув ва оқова сув тармоқлари, қурилма ва иншоотлари олдига тўсиқсиз боришини таъминлаши шарт.
81. ИСКХ ташкилоти вакили ичимлик сув ва канализация тармоқларида, иншоотларида, сувни ҳисобга олиш асбобларини ечиш ёки янгилаш ишларини олиб бориш учун нарядга ва хизмат гувоҳномасига эга бўлиши керак. Кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолатларда истеъмолчи ёки унинг вакили, фойдаланувчи ташкилот сув ўлчаш узеллари, ичимлик сув ва канализация тармоқлари, иншоотларида текшириш ёки бошқа ишларнинг амалга оширилишига рухсат бермасликлари керак.
VI. Сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш тизимларида кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини ҳисобга олиш
82. Истеъмолчи томонидан сарфланган сув ҳажми ушбу Қоидаларга мувофиқ ўрнатилган сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари бўйича аниқланиши лозим.
83. Мулк эгаси ўзгарганда янги мулкдор сувни ҳисобга олиш асбобини қайта рўйхатдан ўтказиши шарт. Сувни ҳисобга олиш асбоби қайта рўйхатдан ўтказилмаган ҳолатларда II ёки III гуруҳ истеъмолчилари ёзма огоҳлантирилиб, сувни ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари ўзаро ҳисоб-китоблар учун қабул қилинмайди. Ҳисоб-китоб ушбу Қоидалар 87-бандининг «б» кичик банди бўйича амалга оширилади.
84. Сувни ҳисобга олиш асбоби истеъмолчининг айбисиз носоз бўлган тақдирда сарфланган сув миқдори олдинги уч ҳисоб-китоб ойидаги ўртача сарф бўйича аниқланади. Ҳисоб-китобнинг бундай тартиби бир ойдан кўп қўлланилиши мумкин эмас. Агар сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсатилган муддат мобайнида ўрнатилмаса, сарфланган сув миқдори I гуруҳ истеъмолчилари учун — ушбу Қоидалар 87-бандининг «а» кичик банди бўйича, II ва III гуруҳ истеъмолчилари учун ушбу Қоидалар 87-бандининг «б» кичик банди бўйича ҳисоб-китоб қилинади.
85. Сувни ҳисобга олиш асбоби истеъмолчи айби билан ишдан чиққан, синган, бузилган ва бу ҳақда ИСКХ ташкилоти хабардор қилинмаган тақдирда сарфланган сув миқдори, сўнгги тузилган далолатнома санасидан то янги сувни ҳисобга олиш асбобининг ўрнатилиш санасигача, I гуруҳ истеъмолчилари учун — ушбу Қоидалар 87-бандининг «а» кичик банди бўйича, II ва III гуруҳ истеъмолчилари учун — ушбу Қоидалар 87-бандининг «б» кичик банди бўйича ҳисоб-китоб қилинади.
86. Барча гуруҳ истеъмолчилари асоссиз равишда ИСКХ ташкилоти вакилининг сувни ҳисобга олиш асбобини кўздан кечиришини таъминламаганларида, сув сарфи аввалги уч ой учун ўртача сарф бўйича ҳисоблаб чиқилади. Агар сувни ҳисобга олиш асбобининг кейинги (навбатдаги) кўрсаткичи ёзиб олиниши вақтига келиб истеъмолчи(лар) такроран ИСКХ ташкилоти вакилининг сувни ҳисобга олиш асбобини кўздан кечиришига йўл қўймасалар, сарфланган сув миқдори I гуруҳ истеъмолчилари учун — ушбу Қоидалар 87-бандининг «а» кичик банди бўйича, II ва III гуруҳ истеъмолчилари учун ушбу Қоидалар 87-бандининг «б» кичик банди бўйича ҳисоб-китоб қилинади.
87. Сувни ҳисобга олиш асбоби билан таъминланмаган истеъмолчилар томонидан сарфланган сув миқдори қуйидагича аниқланади:
а) I гуруҳ истеъмолчилари учун — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган амалдаги сув истеъмоли нормаларига мувофиқ, сув бериш жадвалидан қатъи назар.
Сув истеъмоли нормаси қуйидаги ҳолларда кўпайтирилади:
дов-дарахтларни суғоришда, қуйидаги формула бўйича ҳисобланган сув миқдорига:
Q — суткасига бир марта суғориш шарти билан, дов-дарахтларни суғоришга сарфланган сув миқдори;
S — суғориладиган майдон, кв.м.;
n — маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда тасдиқланган бир м2 ни суғориш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган бир м2 ни суғориш нормаси;
тротуар ва йўлакларга сув сепилганда, қуйидаги формула бўйича ҳисобланган сув миқдорига:
Q — тротуар ва йўлакларга суткасига бир марта сув сепилганда сарфланган сув миқдори;
S — сув сепиладиган майдон, кв.м.;
n — маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган амалдаги сув истеъмоли бир м2га сув сепиш нормаси;
ичимлик сувдан ёзги душ учун фойдаланилганда қуйидаги формула бўйича ҳисобланган сув миқдорига:
n — КМК (СНиП) 2.04.02 — 97.га кўра сув сарфи нормаси;
N — кишилар сони;
машиналарни ювишга ичимлик сув ишлатилган тақдирда, қуйидаги формула бўйича ҳисобланган сув миқдорига:
n — сув сарфи нормаси;
N — машиналар сони;
ичимлик сувдан чорва молларини сақлашда фойдаланилган тақдирда қуйидаги формула бўйича ҳисобланган сув миқдорига:
n — КМК (СНиП) 2.04.02 — 97.га кўра сув сарфи меъёри;
N — чорва моллари бош сони;
ичимлик сувдан ҳовлидаги ҳовузларни тўлдириш учун фойдаланилган тақдирда қуйидаги формула бўйича ҳисобланган сув миқдорига:
V — ҳовуз ҳажми, куб.м;
n — ҳар суткада ҳовуз умумий ҳажмининг 10 фоизи миқдорида етказиб берган ҳолда ойига уч марта ҳисобидан ҳар ойдаги ойлик тўлдириш миқдори;
б) II ва III гуруҳ истеъмолчилари учун ҳисоблаш асосий ичимлик сув тармоғи уланмасининг сув ўтказиш қуввати бўйича қуйидаги формула билан амалга оширилади:
М — 0,60-0,62 га тенг бўлган зулфин орқали сув сарфи коэффициенти;
F — суюқлик оқиб ўтадиган қувур ёки тешик кесими майдони (ички диаметр бўйича), м2 ;
g — 9,8 м/секунд2 га тенг бўлган эркин тушиш тезлиги;
Н — сув тақсимоти ёки коммунал сув тармоғига уланиш жойидаги сувнинг бир метрдаги босими;
t — ойнинг календарь кунлари, 24 соат мобайнидаги секундлардаги вақт.
88. Техник фойдаланиш шартномаси бўйича кўп квартирали уйларда фойдаланиш ва таъмирлашни амалга ошираётган ташкилотлар айби билан кўп квартирали уйларнинг умумий фойдаланиладиган жойларида сув оқиб чиқиб кетиши аниқланган тақдирда йўқолган сув миқдори мазкур Қоидалар 87-бандининг «б» кичик банди бўйича ҳисоб-китоб қилинади ва айбдор томонидан қопланади.
89. I гуруҳ истеъмолчилари учун қуриш ёки реконструкция қилиш даврида, турар жойга (ер участкасига) эгалик ҳуқуқи бошланган вақтдан бошлаб 1 ой муддатда ўрнатиш мажбурий бўлганда, сув таъминоти ва (ёки) оқова сувни чиқариш хизматлари учун тўловларни ҳисоблаш сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичларига мувофиқ амалга оширилади. Сувни ҳисобга олиш асбоби бўлмаган ёки у 1 ой муддатда ўрнатилмаган ҳолатларда сув таъминоти (оқова сувни чиқариш) учун тўловлар мазкур Қоидалар 87-бандининг «б» кичик бандига мувофиқ ичимлик сув тармоғининг ўтказиш қувватига кўра амалга оширилади.
90. Сув ўлчаш асбоблари билан таъминланмаган II ва III гуруҳ истеъмолчилари томонидан нотўғри маълумотлар тақдим этилган тақдирда, ИСКХ ташкилоти нотўғри маълумотлар тақдим этилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан кўп бўлмаган вақт учун истеъмолчилар томонидан сарфланган сув миқдорини қайта ҳисоблаб чиқишга ҳақлидир.
91. Истеъмолчиларнинг коммунал канализация тизимига чиқариладиган оқова сувлари миқдори коммунал сув таъминоти тизимидан сарфланган сув миқдорига тенг деб қабул қилинади.
Марказлаштирилган иссиқ сув таъминоти мавжуд турар жой ва нотурар жой хоналаридан чиқадиган оқова сув миқдори истеъмолчилари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган қарор билан белгиланган коэффициентга кўра, (жисмоний шахслар учун 2 коэффициентдан ошмаган ҳолда), маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб белгиланади.
92. Оқизилаётган оқова сувлар миқдори коммунал сув таъминоти тизимидан сарфланган сув миқдоридан кам бўлса, истеъмолчи ИСКХ ташкилоти томонидан белгиланган муддатда унга, оқизилаётган оқова сувлар ҳажмини асослаган ҳолда, зарурий ҳисоб-китобларни тақдим этишга ҳақли.
93. Коммунал сув таъминоти тизимига уланмаган, шунингдек бошқа сув қувурларидан (манбалардан) ўз эҳтиёжлари учун қўшимча сув ишлатадиган истеъмолчилар ИСКХ ташкилотига техник кўрсатмалар билан бирга мавжуд сув олиш қурилмалари ҳақидаги маълумотларни тақдим этишлари шарт.
Мазкур маълумотлар истеъмолчи томонидан тақдим этилмаган тақдирда ИСКХ ташкилоти улар томонидан коммунал канализация тизимига уланишнинг ўтказиш қуввати бўйича қабул қилинаётган оқова сувлар миқдорини қуйидаги формула бўйича аниқлашга ҳақлидир:
Q = F * h * v * t, бунда:
Q — қабул қилинаётган оқова сувлар миқдори;
F — чиқиш кесмаси майдони(ички диаметр бўйича), м2;
h — оқова сув чиқиш (йўли)нинг тўлдирилиши 1га тенг этиб қабул қилинади;
v — оқова сувнинг оқиш тезлиги — 1,5 м/сек;
t — оқова сувнинг чиқарилиш вақти, суткасига 24 соат этиб қабул қилинади.
94. Ичимлик сув ва канализация тармоқлари ҳамда қурилмаларига ўзбошимчалик билан уланиб олинганлик аниқланган тақдирда, сарфланган сув ва қабул қилинган оқова сувлар миқдори мазкур Қоидаларнинг 87-бандига мувофиқ, уланишнинг сув узатиш қуввати бўйича қуйидаги кундан бошлаб ҳисоб-китоб қилинади:
ўзбошимчалик билан уланиш аниқлангунга қадар охирги текшириш далолатномаси тузилган кундан;
агар ўзбошимчалик билан уланиш ИСКХ ташкилотига тегишли тармоқ ва қурилмаларга нисбатан бўлган бўлса, ўзбошимчалик билан уланиш кунидан бошлаб у аниқлангунга қадар, бироқ даъво муддатидан кўп бўлмаган ҳолда ҳисобланади. Агар ўзбошимчалик билан уланиш санасини ҳужжат билан тасдиқлашнинг имкони бўлмаса, у ҳолда ўзбошимчалик билан уланиб фойдаланиш даври даъво даври муддатига тенг бўлади.
95. Объектлар сув билан вақтинчалик жадвал бўйича таъминланган, сувни ҳисобга олиш асбоби ўрнатилмаган ҳолатларда, жисмоний шахсларнинг вақтинчалик сув таъминоти учун сарфланган сув миқдори сув истеъмолининг амалдаги нормаларига мувофиқ ҳисобланади ва тузилган шартномада қайд этилади, юридик шахслар учун — сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичларига кўра, у бўлмаган тақдирда — ушбу Қоидалар 87-бандининг «б» кичик бандига мувофиқ ҳисобланади.
96. Ичимлик сувдан дов-дарахтларни суғориш учун фойдаланилишига қуйидаги истисно ҳолатларда йўл қўйилади: ирригация суви бўлмаганда, ИСКХ ташкилоти қуввати мавжуд бўлганда ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланган жадвал бўйича, фақат тунги вақтда (соат 00–00 дан соат 05–00 гача) йўл қўйилади.
Дов-дарахтлар расмий рухсатсиз ёки кўрсатилган вақтдан бошқа вақтда суғорилган ҳолатларда, бир ойда фойдаланилган сув учун тўлов — I гуруҳ истеъмолчилари учун ушбу Қоидалар 87-бандининг «а» кичик банди бўйича, II ва III гуруҳ истеъмолчилари учун ушбу Қоидалар 87-бандининг «б» кичик банди бўйича ҳисобланади.
97. Кўп квартирали турар жойларнинг юқори қаватларидаги хонадонлар доимий ичимлик сув билан таъминланмаган ва сувни ҳисобга олиш асбоблари ўрнатилмаган ҳолатларда, бу хонадон эгаларининг сув сарфи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланган кўчадаги сув манбаларидан сув олиш нормалари бўйича, хусусий уй-жой эгалари ширкатлари ва ИСКХ ташкилоти вакиллари иштирокида сув бўлмаган кунлар учун тузилган далолатнома асосида ҳисобланади.
VII. Сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш тизимларида кўрсатилган хизматлар учун ҳисоб-китоб қилиш
98. ИСКХ ташкилотининг истеъмолчилар билан, шунингдек истеъмолчиларнинг субистеъмолчилар билан етказиб берилган сув ва қабул қилинган оқова сувлар учун ҳисоб-китоблари тузилган шартнома асосида, истеъмолчиларнинг тегишли гуруҳлари учун қонунчиликка мувофиқ белгиланган тарифлар бўйича, ҳисоб-китоб даври учун сувни ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичлари асосида амалга оширилади.
Сув ҳисобга олиш асбоби мавжуд бўлмаган ҳолатларда сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш тизимларида кўрсатилган хизматлар учун ҳисоб-китоблар қуйидагича амалга оширилади:
I гуруҳ истеъмолчилари билан — мазкур Қоидалар 87-бандининг «а» кичик банди бўйича, I гуруҳ истеъмолчилари учун белгиланган тарифларга қонунчиликда белгиланган орттирилувчи коэффициентни қўллаш йўли билан;
II ва III гуруҳ истеъмолчилари билан — ушбу Қоидалар 87-бандининг «б» кичик бандида белгиланган тартибда, истеъмолчиларнинг тегишли гуруҳлари учун белгиланган тарифларни қўллаш йўли билан.
Иссиқлик таъминоти, ИСКХ ташкилотлари, идоралар турар жой фонди ва ётоқхоналар (Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бундан истисно), бюджет ташкилотлари, диний ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хусусий уй-жой эгалари ширкатлари (ўз эҳтиёжлари учун) ичимлик сув ва оқова сувни чиқариш хизматлари учун тўловларни жисмоний шахслар учун белгиланган тарифлар бўйича, қўшимча қиймат солиғини қўллаган ҳолда амалга оширадилар.
Давлат ва идора турар жой фонди (турар жойлар, ётоқхоналар)да истиқомат қилувчи жисмоний шахслар, ичимлик сув ва оқова сувни чиқариш хизматлари учун тўловларни ушбу идораларнинг фойдаланувчи органлари орқали, ўзлари мансуб бўлган гуруҳ тарифларига мувофиқ амалга оширадилар.
99. Фуқаролар пропискадан ўтказилмаган хонадонларда, сувни ҳисобга олиш асбоби мавжуд бўлмаганда, ичимлик сув ва канализация хизматлари учун тўловлар қонунчиликда кўрсатилган истеъмол нормаларига кўра, белгиланган тарифларнинг орттирилувчи коэффициентини қўллаш йўли билан: бир ва икки хонали уйларда — бир киши ҳисобидан; уч хонали уйларда — икки киши ҳисобидан; тўрт хонали уйларда — уч киши ҳисобидан; беш хонали уйларда — тўрт киши ҳисобидан амалга оширилади.
100. Ҳисоб-китоб даврида сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари истеъмолчи томонидан тақдим этилмаган ҳолатларда ИСКХ ташкилоти ушбу ва кейинги давр ҳисоб-китобларини ичимлик сув ва оқова сув сарфининг ўртача суткалик нормаси асосида, шу ойда амалда бўлган тарифлар бўйича истеъмолчи томонидан кейинги кўрсаткичлар тақдим этилгунгача (ёки ИСКХ вакили томонидан сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари назорат учун олиниб, қайд қилингунгача)амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Истеъмолчи томонидан кейинги кўрсаткичлар тақдим этилган ёки ИСКХ вакили томонидан сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари назорат учун олиниб, қайд қилинган тақдирда ИСКХ ташкилоти ишлатилган ичимлик сув ва чиқарилган оқова сув ҳажмини ўртача суткалик сарф ҳисобида, сувни ҳисобга олиш асбобининг аввалги қайд қилинган кўрсаткичи давридан бошлаб қайта ҳисоб-китоб қилиши лозим. Бунда тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинаётган ойдаги тарифлар асосида ҳисоблаб чиқилади.
101. Истеъмолчи коммунал сув таъминоти ва оқова сувни чиқариб юбориш тармоқларига уланиш санаси ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этмаган ҳолатларда ИСКХ ташкилоти томонидан ҳоким қарори, кадастр ҳужжатлари ва шу кабилар асосида, ҳужжат билан тасдиқланган уланиш санаси бўйича ҳисоб-китоб қилишга ҳақлидир.
102. Юридик шахслардан, лимитдан ортиқча сув истеъмол қилинган ҳолатларда, ИСКХ ташкилоти томонидан белгиланган тарифларга нисбатан 10,0 орттирилувчи коэффициентни қўллаш йўли билан ҳақ ундирилади.
103. Агар истеъмолчи ва унга уланган субистеъмолчи турли гуруҳ истеъмолчиларига мансуб бўлса, ИСКХ ташкилоти билан шартномани истеъмолчи ҳам, субистеъмолчи ҳам тузади ва сувни ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш ҳар иккаласи учун ҳам мажбурий ҳисобланади.
Истеъмолчи (субистеъмолчи)га берилган ичимлик сув ҳажми учун тўловлар ИСКХ корхонасига, уларнинг сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари бўйича ва улар мансуб бўлган гуруҳ учун белгиланган тарифлар асосида тўланади.
ИСКХ ташкилоти билан шартнома тузган истеъмолчи ўзи мансуб гуруҳдаги субистеъмолчиларга уланган бўлса, субистеъмолчиларга етказиб берилган сув ва чиқарилган оқова сув хизматлари учун тўловлар асосий истеъмолчи билан, у мансуб бўлган гуруҳ учун белгиланган тарифлар асосида амалга оширилади.
Ўз навбатида, истеъмолчи, ўзи ишлатган сув учун ИСКХ ташкилотига амалдаги тарифлар асосида тўловларни амалга оширишда субистеъмолчиларга етказиб берилган сув ҳажмларини ҳам инобатга олган ҳолда ҳисоб-китоб қилади.
Истеъмолчи ўзига тегишли бўлган ичимлик сув ва канализация тармоқларининг техник ҳолатини сақлаш мақсадида, фойдаланиш сарф-харажатлари учун субистеъмолчидан, у билан алоҳида тузилган шартнома асосида, истеъмолчи оладиган умумий сув ҳажмининг субистеъмолчига тегишли қисмига пропорционал равишда компенсация олиши мумкин. Бунда субистеъмолчи истеъмолчидан ўзига юкланаётган компенсация тўловларининг келиб чиқиш усул ва манбалари тўғрисида маълумот талаб қилиш ва уларга ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга.
104. Истеъмолчининг ичимлик сув тармоғидан сув олиб, канализация тармоқларига оқова сув чиқарувчи субистеъмолчилар ушбу ҳолат юзасидан истеъмолчи билан шартнома тузадилар. Асосий истеъмолчи билан ИСКХ ташкилоти ўртасида тузилган шартнома иловасида истеъмолчининг тармоқларига уланган барча субистеъмолчилар, уларнинг номланиши, қайси идорага тегишли эканлиги, улар сарф қиладиган ва оқизадиган сув ҳажмига доир маълумотлар, сувни ҳисобга олиш асбобларининг бор-йўқлиги каби маълумотлар қайд этилиши лозим.
Асосий истеъмолчи тўлайдиган суммани субистеъмолчилар ўртасида тақсимлаш асосий истеъмолчи томонидан амалга оширилади.
Субистеъмолчилар ўзлари жойлашган ҳудуддаги бюджетдан молиявий таъминланувчи истеъмолчи-ташкилотлар билан ишлатилган сув ва чиқарилган оқова сув хизматлари учун ўзаро тўловларни амалга оширишда ИСКХ ташкилоти билан етказиб берилган ичимлик сув ва чиқарилган оқова сув учун шартнома тузишни ўзлари мансуб бўлган истеъмолчилар гуруҳи учун белгиланган тарифлар асосида, сувни ҳисобга олиш асбобларидаги кўрсаткичлар фарқини инобатга олиш йўли билан амалга оширадилар. Агар субистеъмолчи бюджет ташкилоти бўлса, бу ҳолда ҳам тўловларнинг ушбу тартиби сақланиб қолади.
Истеъмолчи билан субистеъмолчи ўртасида тўлов масалаларида пайдо бўладиган низолар ИСКХ ташкилоти томонидан кўриб чиқилмайди.
105. Истеъмолчига етказилган сув ва қабул қилинган оқова сувлар учун ҳисоб-китоблар қуйидаги тартибда амалга оширилади:
истеъмолчиларнинг II гуруҳи (бюджет ташкилотлардан ташқари) ва III гуруҳи билан — аванс тўловлари тартибида, белгиланган муддатда тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш шарти билан ёки ИСКХ ташкилоти томонидан ҳисоб варақаси (счёт-фактура)лар тақдим этиш орқали;
истеъмолчиларнинг I гуруҳи билан — ИСКХ ташкилоти томонидан ишлатилган ичимлик сув ва чиқарилган оқова сувлар учун тўлов талабномалари ёки ҳисобварақаларини тақдим этиш ёхуд, истеъмолчиларнинг ўзлари (ўз-ўзига хизмат орқали), ойма-ой ҳисоб тўловларини расмийлаштириш йўли билан;
кўчадаги сув манбаларидан фойдаланувчи фуқаролар билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланган муддатлар асосида ИСКХ ташкилоти томонидан тўлов талабномаларини тақдим этиш орқали. Фуқаролар маҳаллий манбадан сув истеъмол қилаётган бўлсалар ва бу сув тегишли органлар томонидан ичишга яроқли деб ҳисобланган бўлса, улар кўчада сув манбаларидан фойдаланганлик учун тўловлардан озод қилиниши мумкин;
истеъмолчиларнинг II гуруҳи билан — сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигининг ҳудудий бўлинмалари орқали ўзаро ҳисоб-китоб қилишга ўтказилган бюджет ташкилотлари томонидан, ИСКХ ташкилоти тақдим этадиган счёт-фактуралар бўйича ҳар ойда амалга оширилади.
106. Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тарифлар ўзгарганда, санасидан қатъи назар, ушбу хизматлар юзасидан истеъмолчи билан тузилган шартнома ўз кучини сақлаб қолади ва истеъмолчи кўрсатилган хизматлар учун, янги тарифлар асосида, улар киритилган санадан эътиборан тўловларни амалга ошириши шарт.
Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тўловлар истеъмолчининг танлови бўйича чекланмаган равишда, нақд ёки пул ўтказиш (тўлов ҳужжати ёки тўлов топшириқномаси бўйича) орқали пул маблағлари билан, шунингдек пластик карточкалардан почта ёки электрон алоқа тизимлари воситасида пул ўтказиш йўли билан ҳам амалга оширилади.
107. ИСКХ ташкилотларининг касса орқали ўтказмасдан, аҳолидан мустақил равишда нақд пул йиғиши тақиқланади.
108. I гуруҳ истеъмолчилари, аванс тариқасида, коммунал хизматлар учун 12 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўловларни аввалдан амалга ошириб қўйган бўлсалар, улар шу вақт мобайнида тарифларнинг ўзгариши туфайли тўланадиган қўшимча тўловлардан озод этиладилар. Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тўловлар I гуруҳ истеъмолчилари тарафидан ҳар ойда, (ўтган ой учун) ойнинг 10-кунидан бошлаб амалга оширилиши лозим.
II ва III гуруҳ истеъмолчилари ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун календарь ой тугагандан кейин 30 кун мобайнида тўловларни тўлиқ амалга оширишлари лозим.
Тўловнинг шартномада белгилангандан кечиктирилган ҳар бир куни учун — юридик шахслар 0,4%, жисмоний шахслар эса 0,1% пеня тўлайдилар. Аммо бу кўрсаткич жами кечиктирилган сумманинг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.
109. II ва III гуруҳ истеъмолчилари тўлов ҳужжатлари бўйича икки ҳафта давомида тўловларни амалга оширмасалар, ИСКХ ташкилоти қолган 7 кун давомида қарздорлик тўловларини амалга ошириш шартлиги ҳақида уларни ёзма огоҳлантиради. Огоҳлантириш муддати ўтгач қарз қопланмаса, ИСКХ ташкилоти истеъмолчининг кириш қувурини ёпиш ҳуқуқига эга. Истеъмолчи, аввал мавжуд бўлган қарзларини тўлагандан сўнг, нархларни тартибга солиш органи ва калькуляциянинг монополияга қарши органи томонидан белгиланган тартибда кириш қувурини ўчириш ва ёқиш хизматлари учун тўловларни амалга оширгач, ичимлик сув бериш қайта тикланади.
110. Ҳисоб-китобларнинг нотўғри қилинганлиги (тарифларнинг нотўғри ҳисобга олинганлиги ва шу каби ҳолатлар) тўғрисида ёзиладиган эътирознома тўлов ҳужжати олингандан кейин 5 кун муддатда ИСКХ ташкилотига тақдим этилиши керак. Эътирознома истеъмолчини тўлов ҳужжатида кўрсатилган суммани тўлиқ ва белгиланган муддатда тўлашдан озод қилмайди.
111. Эътирознома ИСКХ ташкилоти томонидан 10 кун муддатда кўриб чиқилади. Улар асосли деб топилса, тўланган ортиқча сумма кейинги тўлов ҳужжати ҳисобига ўтказилади. Истеъмолчи эътирознома кўриб чиқилганлиги тўғрисидаги маълумотдан, алоқа воситалари орқали, эътироз кўриб чиқилиши лозим бўлган муддат тугагандан кейин 3 кун муддатда хабардор қилиниши лозим. Кўрсатилган муддат ичида истеъмолчи хабардор қилинмаса, масала истеъмолчи фойдасига ҳал қилинган ҳисобланади.
112. Истеъмолчининг ўз-ўзига хизмат қилиш тартибида тўлов ҳужжатларини ёзиш ва тўлдиришда йўл қўйган хатолари ИСКХ ташкилоти томонидан аниқланган вақтида ҳисобга олинади. Сув сарфи ҳисобини юритишда хато аниқланган тақдирда ИСКХ ташкилоти қайта ҳисоб-китобни охирги ҳисоб-китоб даври учун ёки сув ҳисоблагич кўрсаткичларининг олдинги текширув кунидан бошлаб, бироқ даъво даври муддати доирасида амалга ошириши керак.
113. I гуруҳ истеъмолчисининг ИСКХ ташкилоти қарорига рози бўлмаслиги уни қўшимча тўлов ҳужжати бўйича тўловни белгиланган муддатда тўлаш мажбуриятидан озод этмайди. Қўшимча тўлов ҳужжати 10 кун муддатда тўланмаган тақдирда ИСКХ ташкилоти тақдим этилган суммани мажбурий тартибда ундириш юзасидан судга даъво аризаси киритади.
114. Уйда вақтинча истиқомат қилувчи (ёлловчи)лар истиқомат қилганда тўловлар ҳақиқатда истиқомат қилаётганлар сонига қараб амалга оширилади. I гуруҳ истеъмолчиси, ўзи яшаётган хонадонда (сувни ҳисобга олиш асбоби ўрнатилмаган бўлса) турувчилар сони кўпайиши(шу жумладан, вақтинчалик яшаётганлар ҳисобига) ёки камайиши ҳолатлари юзасидан, ўзгаришлар содир бўлган вақтдан бошлаб 5 иш кунидан кечикмай ИСКХ ташкилотини ёзма равишда огоҳлантириши лозим. Бунда истеъмолчи, ИСКХ ташкилоти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари ва уйнинг асосий эгаси томонидан — уч томонлама далолатнома тузилади.
115. Объект эгаси ўзгарганда истеъмолчи чиқиб кетишидан 7 кун аввал дебиторлик қарзларини узиб, бу ҳақда ИСКХ ташкилоти билан далолатнома имзолаши шарт. Истеъмолчи чиқиб кетгач, сувни ҳисобга олиш асбоби ва пломбаларнинг бутлиги учун жавобгарлик объектнинг янги эгаси зиммасига юкланади.
Кўп квартирали турар жой ва якка тартибдаги уй-жой мулкдорлари ўзгарган тақдирда, I гуруҳ истеъмолчилари бу ҳақда ИСКХ ташкилоти билан тузилган шартномада белгиланган муддатда ёзма равишда хабардор қилиши ва сарфланган сув ва (ёки) оқизилган оқова сувлар учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилиши шарт, янги мулкдор эса мулкдор ўзгарган кундан бошлаб 7 кун муддатда янги шартнома тузиши шарт.
II ва III гуруҳ истеъмолчилари объектни янги эгасига топширганда бу хусусда ИСКХ ташкилотини 7 кун муддатда огоҳлантиради, янги мулкдор эса объектдан фойдаланишни бошлашдан олдин ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш юзасидан янги шартнома имзолайди. Агар объект профили ўзгарадиган бўлса, янги мулкдор янги техник шартларни олиши керак.
Техник шартлар ва юқорида таъкидланган шартноманинг йўқлиги коммунал сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш хизматидан фойдаланиш ўзбошимчалик билан амалга оширилаётганига асос ҳисобланади.
116. Ёнғинни ўчириш учун сарфланган сув харажатлари ёнғинларнинг олдини олиш ташкилоти томонидан ИСКХ ташкилотига тақдим этилган ҳисоб-китоблар асосида истеъмолчилар(саноат корхоналари, қурилиш ва транспорт ташкилотлари) томонидан, белгиланган муддатларда қопланади.
Давлат ва шахсий уй-жой фондидаги ёнғинларни ўчиришга ҳамда тактик ўқув машғулотларига, ўт ўчириш гидрантлари ва ички ёнғиннинг олдини олиш кранларини текширишга сарфланган сув учун пул тўланмайди. Ушбу мақсадлар учун сарфланган сув миқдори юзасидан ёнғин хавфсизлиги органлари ва ИСКХ ташкилотлари вакиллари иштирокида далолатнома тузилиши керак.
VIII. Ичимлик сув таъминотини ва оқова сувларни чиқаришни тўхтатиш ҳамда марказлаштирилган тизим бўлмаган ҳолатларда сув таъминотини амалга ошириш шартлари
117. Агар истеъмолчи билан тузилган шартномада сув билан таъминлашнинг ўзгача тартиби назарда тутилмаган бўлса, сув бериш ва оқова сувларни қабул қилиш узлуксиз амалга оширилади, бундан ушбу Қоидаларнинг 118 ва 128-бандларида кўрсатилган ҳолатлар мустасно.
Истеъмолчилар (саноат корхоналари)га сув беришдаги чеклашлар, шунингдек сув беришни бошқариб туриш шартномада белгиланган тартибда амалга оширилади, бундан ушбу Қоидаларнинг 128-бандида кўрсатилган ҳолатлар мустасно.
118. Техник имкониятга эга бўлмаган ҳолатларда сув таъминоти жойлардаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан белгиланган соат жадвали асосида амалга оширилади. Аҳолини марказлаштирилган коммунал сув тармоғидан таъминлаш имконияти бўлмаган ҳолатларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари локал сув таъминоти(алоҳида турган қудуқлар, кам ишлаб чиқариш қувватига эга сув тозалаш қурилмалари, транспорт ёрдамида келтириладиган ичимлик сув таъминоти кабилар) манбаларидан фойдаланган ҳолда, етказиб берилаётган сув сифатини меъёрий ҳужжатларда қайд қилинган даражага етказиб таъминлаш юзасидан қатъий чора-тадбирлар кўришлари шарт.
Бунда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қуйидагиларга мажбур:
ичимлик сувни локал сув таъминоти тизимларидан махсус автотранспорт билан етказиб бериш тартибини, аниқ муддатларини, миқдорини,пунктларини белгилаш (тасдиқлаш);
ҳар бир пунктга махсус автотранспорт ёрдамида ичимлик сувни етказиб берувчи масъул ташкилотни белгилаш;
нархларни тартибга солиш органлари билан келишган ҳолда локал сув таъминоти тизимларидан ва автотранспорт воситасида етказиб берилган ичимлик сув учун нархларни белгилаш.
IX. ИСКХ ташкилотининг мажбуриятлари ва жавобгарлиги
119. ИСКХ ташкилоти қуйидагиларга мажбур:
сув таъминоти ва оқова сувни чиқариб юбориш юзасидан шартнома шартларини бажариш;
ичимлик сув ва канализация тармоқларининг техник ҳолатини мунтазам равишда назорат қилиб бориш;
сув таъминоти узлуксизлигини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжатлар (ПДС) талаби ва ичимлик сувдан махсус фойдаланиш рухсатномаларига мувофиқ оқова сувларни тозалаш ишларини ташкил қилишни таъминлаш;
тармоқдаги ичимлик сув сифати мониторингини олиб бориш;
истеъмолчиларнинг коммунал сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш тизимларига уланган ичимлик сув ва канализация тармоқлари, иншоотлари ҳамда қурилмаларининг ҳолатини ва улардан фойдаланилишини мунтазам равишда назорат қилиб бориш, улардан самарали фойдаланишни ташкиллаштиришда истеъмолчиларга амалий ёрдам кўрсатиш;
истеъмолчилардаги сувнинг беҳуда оқиб кетиши ва оқилона фойдаланилмаётганлик ҳолатларини аниқлаш, сув бериш ва ундан фойдаланишни қатъий назорат қилиш ва ҳисобга олиш, саноат корхоналари ва уларга тенглаштирилган корхоналарда сув бериш бўйича белгиланган лимитларга риоя қилинаётганини мунтазам равишда назорат қилиш;
сувнинг технологик сарфлари ва йўқотилишининг йиғма жадвалини ишлаб чиқиш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда тасдиқлаш;
сув истеъмоли белгиланган меъёр (лимит)лардан ортиб кетган ҳолатларда ИСКХ ташкилотларига белгиланган тарифларга нисбатан орттирилувчи коэффициентни қўллаш;
коммунал оқова сув тизимига оқизилаётган оқоваларнинг сифати мониторингини таъминлаш;
истеъмолчиларга сувни ҳисобга олиш индивидуал асбобларини ўрнатиш, белгиланган тартиб ва муддатларда уларни назоратдан ўтказиб туриш;
I гуруҳ истеъмолчиларида — уч ойда бир марта, истеъмолчиларнинг II ва III гуруҳларида — кўпи билан бир ойда бир марта уларнинг ичимлик сув ва канализация хўжаликларини назоратдан ўтказиб туриш (сувни ҳисобга олиш индивидуал асбобларининг ишлаши ва пломбалари бутлигини кўздан кечириш, кўрсаткичларини ёзиб бориш), назорат юзасидан тегишли далолатномалар тузиш;
йилнинг ҳар чорагида бир марта пломбалар бутлигини кўздан кечириш ва кўрсаткичларни ёзиб бориш, тегишли далолатномалар тузиш;
коммунал ичимлик сув ва канализация тармоқларида, иншоотлар ва қурилмаларда нарядсиз ҳамда ИСКХ ташкилотларининг хизмат гувоҳномасисиз бирор-бир иш олиб бораётган шахслар ҳақида ички ишлар органлари ходимларига хабар қилиш;
шартнома шартларига мувофиқ ўз мажбуриятларини бажара олмаган ҳолатларда истеъмолчига пеня тўлаш;
ичимлик сув тармоқларида таъмирлаш ишлари тугаллангач, шикаст етказилган ободонлаштириш объектлари ва бошқа иншоотларни қайта тиклаш;
авария ҳолатларини бартараф этиш, ичимлик сув ва канализация тармоқларидаги аварияли участкаларни тиклаш юзасидан шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўриш;
истеъмолчиларнинг шартнома шартларига риоя этишмагани масаласи бўйича суд органларига мурожаат қилиш;
ичимлик сув ва канализация тизимида рўй берган бузилишлар аниқланган кундан бошлаб бир сутка мобайнида уларнинг сабаблари, хизмат кўрсатишдаги тўхталиш муддатлари ва чекланишлар, шунингдек кўрсатилаётган хизмат сифатларининг ўзгариши сабаблари ҳақида истеъмолчиларга ахборот бериш;
ичимлик сув ва канализация хизматларини кўрсатишда рўй бериши мумкин бўлган режали тўхтатиш ва узилишлар ҳақида истеъмолчилар узилишлар бошлангунгача 10 иш кунидан кечикмай огоҳлантириш;
ичимлик сувни истеъмол қилишга доир амалдаги ва янги жорий қилинган меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар билан истеъмолчиларни алоқа воситалари орқали хабардор қилиш;
ичимлик сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари тарифларидаги ўзгаришлар ҳақида улар амалда жорий қилинишидан 15 кун аввал оммавий ахборот воситалари ёки бошқа алоқа воситалари ёрдамида истеъмолчиларни хабардор қилиш;
ичимлик сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари учун амалга оширилган тўловларнинг ҳолати, қарзларнинг йўқлиги ҳақидаги маълумотларни истеъмолчиларга бепул тақдим этиш;
даъво муддати чегаралари доирасида иссиқлик таъминоти хизматлари учун мавжуд қарзларни ундириш юзасидан барча чораларни кўриш.
120. ИСКХ ташкилоти қуйидагилар юзасидан жавоб беради:
истеъмолчиларни меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларга ҳамда ўзаро тузилган шартномага мувофиқ ичимлик сув билан таъминлаш, оқова сувларни чиқариш;
истеъмолчиларга меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар ҳамда қонунчилик асослари ва шартномада кўрсатилган талабларга мувофиқ сифатли ичимлик сув етказиб бериш;
истеъмолчиларга ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимларига уланиш учун ўз вақтида, қонуний асосланган техник шартларни тақдим этиш;
сувни ҳисобга олиш индивидуал асбобларини ўз вақтида давлат назоратидан ўтказиш, белгиланган муддатларда истеъмолчилардаги сувни ҳисобга олиш асбобларининг ечиб олиниши, ўрнатилиши, кўрсаткичлари назорат қилиниши ва текширув ўтказилиши ҳақида огоҳлантириш;
истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи, мулкига етказилган моддий ва маънавий зарар учун қонунчиликда кўрсатилган тартибда жавоб бериш;
шартнома шартлари ва ўзига юкланган мажбуриятларни бажармаганлик.
121. ИСКХ ташкилоти истеъмолчиларни сув билан таъминлашда қуйидаги сабабларга кўра узилишлар бўлганлиги учун жавоб бермайди:
ушбу Қоидаларнинг 129-бандида санаб ўтилган сабабларга кўра сув бериш тўлиқ ёки қисман тўхтаганда;
истеъмолчининг айбига кўра.
ИСКХ ташкилоти, агар сув таъминоти бўйича кўрсатилаётган хизматлар сифатининг енгиб бўлмайдиган куч ёки сув таъминоти хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартнома шартлари истеъмолчи томонидан бузилганлиги туфайли содир бўлганини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда исботласа, у сифат бузилганлиги учун жавобгарликдан озод этилади.
122. Тозалаш иншоотлари, насос станциялари қувватининг ёки коммунал сув қувурларининг сув ўтказиш қувватининг етарли эмаслиги туфайли сув таъминотида мунтазам равишда узилишлар бўлган тақдирда ИСКХ ташкилоти, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда, истеъмолчиларни уларга сув берилиши режалари ҳақида хабардор қилиб, алоҳида туманларга сув берилиши юзасидан жавоб беради. Шу билан бирга, ИСКХ ташкилоти истеъмолчиларни сув билан нормал таъминлашга тўсқинлик қилаётган сабабларни бартараф этишга доир барча зарур тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши, шунингдек I гуруҳ истеъмолчиларида сувни ҳисобга олиш асбоблари мавжуд бўлмаганда — сувни бериш соатларига мутаносиб равишда қайта ҳисоб-китоб қилиниши юзасидан жавоб беради.
X. Истеъмолчиларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги
123. Истеъмолчилар қуйидагиларга мажбур:
шартнома шартларини бажариш;
ўзларининг ҳудудида ва тасарруфида бўлган коммунал ичимлик сув ва канализация тармоқлари ҳамда қурилмаларининг зарур даражада қўриқланишини таъминлаш, уларнинг бузилиши, сув босиши ва музлаб қолишига йўл қўймаслик, қудуқларнинг қопқоғини муз ва қордан тозалаш, ИСКХ ташкилоти томонидан ўрнатилган пломбаларнинг сақланишини назорат қилиш, ер усти сув оқимларининг қудуқлар ёнидан оқизиб юборилишини таъминлаш, ёнғин гидрантларига кириб бориш йўлакларини тирбанд қилмаслик, ёнғин гидрантлари кўрсаткичларининг ишга яроқлилигини кузатиб бориш;
турли предмет ва материалларнинг уюм бўлиб сақланишига, шунингдек истеъмолчининг ҳудудида ёки тасарруфида бўлган ичимлик сув, канализация тармоқлари ва қурилмалари устида ҳамда ичимлик сув ва канализация ташқи жойлашувда бўлган (кўчада ва квартал ичида) ерларда бирор-бир иншоотларни қуришга йўл қўймаслик. Амалдаги тармоқларда ўзбошимчалик билан қурилган иншоотларда авария содир бўлган тақдирда етказилган зарар учун жавобгарлик қоидани бузганнинг зиммасига юкланади;
транзит коммунал ичимлик сув ва канализация тармоқлари, иншоотлар ва қурилмалардаги ўзлари аниқлашган носозликлар ёки шикастланишлар ҳақида ИСКХ ташкилотига зудлик билан хабар бериш;
сувни ҳисобга олиш асбобларида яққол кўриниб турган носозликлар аниқланганда алоқа воситалари орқали ИСКХ ташкилотига хабар бериш;
асфальтлаш бўйича таъмирлаш ишлари олиб борилганда ичимлик сув-канализация қудуқлари, камераларнинг сақланиши ва уларнинг олдига эркин кирилишини таъминлаш мақсадида таъмирлаш-қурилиш ташкилотлари ИСКХ ташкилотидан олинган люк хўжалигининг янги йўл ўтувчи қисмигача кўтарилишни тасдиқлайдиган маълумотномани мажбурий тарзда тақдим этиш;
ИСКХ ташкилоти билан тузилган шартнома доирасидаги мажбуриятларини бажариш, жорий ойнинг 23-25-санасида сувни ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичларини тўғри ва ўз вақтида қайд қилиб бориш, жорий ойнинг сўнгги санасигача ИСКХ ташкилотига кўрсаткич — маълумотларни алоқа воситалари ёрдамида тақдим этиш ва тўловларни амалга ошириш;
сув сарфи ва оқова сувлар оқизилишининг шартномада белгиланган ҳажмлардан ошириб юборилишига йўл қўймаслик;
субистеъмолчилардаги сув сарфини назорат қилиш ва барча турдаги сувни йўқотишлар бўйича чоралар кўриш;
истеъмолчига қарашли ва у хизмат кўрсатиши лозим бўлган ичимлик сув ва канализация тармоқлари, иншоотлар ва қурилмалардан техник жиҳатдан самарали фойдаланишни таъминлаш;
ишлаб чиқариш оқова сувларидаги ифлосланиш концентрациясини нормативдаги меъёрларгача етказган ҳолда олдиндан тозаланишини таъминлаш;
канализация тармоғига оқизиладиган оқова сувлар сифати бўйича мониторинг ўрнатиш;
истеъмолчи ҳудудида жойлашган сув ўлчаш узели, коммунал ичимлик сув ва канализация тармоқларида олиб бориладиган барча турдаги ишларни бажаришга бегона шахсларни киритмаслик;
ИСКХ ташкилоти вакилининг иштирокисиз қудуқлар (камералар) қопқоғини очишга рухсат бермаслик;
коммунал дренаж тизими мавжуд бўлган ҳолатларда истеъмолчи ҳудудида жойлашган коммунал канализация тармоқларига ёмғир ва эриган қор сувларининг рухсат этилмаган ҳолда оқизилишига йўл қўймаслик. Мазкур ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда ИСКХ ташкилоти вакили, белгиланган тартибда, истеъмолчига нисбатан жавобгарлик чораларини белгилаш учун асос бўладиган далолатномани тузади;
коммунал ичимлик сув ва канализация тармоқларида, иншоотлар ва қурилмаларда нарядсиз ҳамда ИСКХ ташкилотларининг хизмат гувоҳномасисиз бирор-бир иш олиб бораётган шахслар тўғрисида ички ишлар органларига хабар бериш.
Сув таъминоти ва канализация тизими иншоотларини шикастлаган корхона ва ташкилотлар бу ҳақда зудлик билан ИСКХ ташкилотини хабардор қилиши, ИСКХ ташкилотининг техник назорати остида шикастланишларни ўз кучлари билан бартараф этиши, мазкур шикастланишлар оқибатида юзага келган зарарларни қоплаши ва бузилишлар оқибатида йўқотилган сув қийматини ИСКХ ташкилотига тўлаши шарт.
Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги коммунал канализация тизимига жала сувлари рухсат этилмаган ҳолда оқизилган тақдирда истеъмолчига нисбатан ишлаб чиқариш оқова сувларини оқизганлиги учун амалдаги тарифларга нисбатан қўшимча уч баробарлик коэффициент татбиқ этилади. Ҳисоб-китоб ташкилотнинг майдони бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 3 февралдаги 11-сон қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқариш оқова сувларини қабул қилиш қоидалари ҳамда ифлослантирувчи моддаларнинг Ўзбекистон Республикаси шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тармоқларига нормативдан ортиқча оқизилганлиги учун компенсация тўловларини ҳисоблаш тартибига мувофиқ кадастр ва метеорологик маълумотларга биноан амалга оширилади.
124. II ва III гуруҳ истеъмолчиси қуйидагилар юзасидан жавоб беради:
канализация тармоғида авария бўлган тақдирда ертўла хоналарини сув босишидан сақлайдиган барча ўчирувчи қурилмаларнинг бутлиги, сақланганлиги, ишга яроқлилиги ва нормал техник ҳолатдалиги учун;
истеъмолчига қарашли санитария асбоблари, канализация тармоқлари, иншоот ва қурилмаларда тамбанинг йўқлиги, ревизияларнинг зич ёпилмаслиги, носоз техник ҳолати туфайли истеъмолчининг канализация тармоқларида ёки ИСКХ ташкилотида, ичимлик сув ва канализациянинг ташқи тармоқларида авария (тиқилиб қолиш, сув босиш) содир бўлиши сабабли ертўла хоналарини сув босиши оқибатида етказилган зарар учун;
ИСКХ ташкилоти билан ҳисоб-китоб қилиш учун фойдаланиладиган сувни ҳисобга олиш асбоби, айланма линия зулфини, ёнғин зулфинлари, гидрантлар ва унинг ҳудудида ёки тасарруфида бўлган ҳамда ИСКХ ташкилоти томонидан пломбаланган бошқа ичимлик сув қурилмаларидаги пломбаларнинг бутлиги ва сақланиши учун;
ИСКХ ташкилотига ичимлик сув ва канализация тармоқлари, иншоотлари ва қурилмаларининг шикастланиши туфайли етказилган зарар учун қонунчиликда белгиланган тартибда.
Сувни ҳисобга олиш асбоби ва ствол зулфинидаги пломбанинг сақланмаганлиги ва бут эмаслиги аниқланган тақдирда, сўнгги далолатнома тузилган санадан эътиборан тўловлар ушбу Қоидалар 87-моддасининг «б» бандига мувофиқ амалга оширилади.
Пломбаланган ёнғин зулфинлари ва гидрантларидаги пломбаларни узишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:
ИСКХ ташкилоти билан келишилгандан сўнг сув таъминотининг ёнғинга қарши тизими фаолияти текширилганда ва ёнғин насослари синовдан ўтказилганда;
ИСКХ ташкилотини хабардор қилмаган ҳолда ёнғин ўчирилганда ва ёнғин хавфсизлиги органлари томонидан ёнғинга қарши сув таъминоти тизимининг синовлари ўтказилганда.
Сув таъминотининг ёнғинга қарши тизимидан фойдаланиш тўхтатилганда истеъмолчи 24 соат мобайнида ИСКХ ташкилотига пломба узилгани тўғрисида далолатнома тақдим этиши ва зулфинларни пломбалаш учун ИСКХ ташкилоти вакилини чақириши шарт.
125. Сув қувурига ўзбошимчалик билан уланган, совуқ сувни ҳисобга олиш асбобларининг бузилишига атайлаб йўл қўйган, шунингдек кўрсаткичларни ўзгартириш мақсадида ҳисобга олиш асбобларига ташқаридан аралашган истеъмолчилар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
126. I гуруҳ истеъмолчиси қуйидагилар юзасидан жавоб беради:
шартнома шартларининг бажарилиши;
санитария-техника ускуналарининг доимий соз ҳолатда сақланиши;
санитария-техника ускуналаридан сув оқишига йўл қўймаслик;
ичимлик сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари учун ҳар ойда тўловларни амалга ошириш;
сувни ҳисобга олиш асбоблари ва улардаги пломбанинг ўзбошимчалик билан ечилганлиги.
XI. ИСКХ ташкилотларининг ҳуқуқлари
127. ИСКХ ташкилоти, истеъмолчини 7 кун аввал ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда, қуйидаги ҳолатларда сувни узатиш ва оқова сувларни қабул қилишни тўлиқ ва қисман тўхтатиши мумкин:
истеъмолчига тегишли ва унинг тасарруфида бўлган ичимлик сув ва канализация тармоқлари, қурилма ва иншоотларнинг техник ҳолати қониқарсиз бўлганда ва ИСКХ ташкилоти вакиллари томонидан аниқланган техник фойдаланишдаги хатоликларни бартараф этиш бўйича ИСКХ ташкилоти талаблари истеъмолчи томонидан бажарилмаганда (истеъмолчиларнинг II ва III гуруҳи учун);
ИСКХ ташкилоти мансабдор шахси истеъмолчининг сувни ҳисобга олиш узели, ичимлик сув ва канализация тармоқлари, қурилмалари ва иншоотларини назорат қилиш ҳамда сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичларини қайд этиш, пломбаларни ўрнатиш мақсадида кўздан кечириш, белгиланган лимитдан кўп сарф қилинганда сув беришни мувофиқлаштириш ва ИСКХ ташкилоти нарядлари бўйича бошқа ишларни бажариш учун келганда истеъмолчи томонидан асоссиз равишда киритилмаганда;
ИСКХ ташкилоти томонидан истеъмолчи уланган ичимлик сув ва канализация тармоқлари ва қурилмаларида режали-огоҳлантириш тарзида таъмирлаш ҳамда хизмат кўрсатиш ишлари ўтказилганда, шунингдек янги абонентларни улаш ишлари амалга оширилганда;
истеъмолчи тасарруфида бўлган сув таъминоти ва канализация тизимлари ёки тармоқларига субабонентларнинг ўзбошимчалик билан улангани аниқланганда;
истеъмолчи томонидан сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш хизматлари учун белгиланган муддатларда ҳақ тўланмаганда;
истеъмолчининг тасарруфида бўлган ичимлик сув ва канализация тармоқларига, қурилмаларига ИСКХ ташкилотидан уланиш учун белгиланган тартибда рухсатнома олган субабонентларнинг тегишли тартибда уланиши рад этилганда (истеъмолчиларнинг II ва III гуруҳи учун);
истеъмолчи томонидан шартнома шартлари бажарилмаганда ва у оқизилаётган оқова сувлар миқдори ва таркиби бўйича шартларга риоя қилмаганда.
128. ИСКХ ташкилоти қуйидаги ҳолатларда олдиндан хабар қилмасдан сув узатишни тўлиқ ёки қисман тўхтатишга ҳақли:
ИСКХ ташкилотининг электр таъминоти тўхтатилганда;
табиий офатлар рўй берганда;
авария ҳолатларида;
ёнғин чиққан жойларга сув узатишни кўпайтиришга зарурат туғилганда.
129. Содир бўлиши сабабларидан қатъи назар, аҳоли яшаш пунктларига ёки уларнинг алоҳида ҳудудларига сув узатилиши тўлиқ тўхтатилган тақдирда, ИСКХ ташкилоти маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланган жадвал асосида аҳолини вақтинчалик сув билан таъминлаш масаласини сув узатиш қайтадан тиклангунгача ҳал этади.
XII. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари
130. Истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ИСКХ ташкилотидан, унинг билан тузилган шартнома асосида, ичимлик сув ва оқова сувни чиқариш хизматларининг узлуксиз амалга оширилишини, ўз ҳаёти ва соғлиғига, мулкига хавф туғдирмайдиган даражадаги сифат ва миқдорда ичимлик сув берилишини талаб қилиш;
ИСКХ ташкилотидан сувни ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш, уларни белгиланган тартибда ва муддатларда назоратдан ўтказишни талаб қилиш;
тегишли сифат даражасидаги ичимлик сув ва оқова сув тармоқларига хизмат кўрсатиш талабларини бажармаганлиги учун ИСКХ ташкилотидан қонунчиликда ва шартнома шартларида кўрсатилган миқдорда жарима (пеня)лар тўлашни талаб қилиш;
ИСКХ ташкилотини шартномани бекор қилиш тўғрисида, унинг бекор қилинишидан камида 15 кун олдин огоҳлантирган ҳолда ва ушбу муддатда сув таъминоти ёки оқова сувни чиқариш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни тўлиқ амалга оширган ҳолда шартномани бир томонлама бекор қилиш;
ичимлик сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари учун амалга оширилган тўловларнинг ҳолати, қарзларнинг йўқлиги ҳақидаги маълумотлар ва маълумотномани шахсан ёки ўз вакили орқали бепул олиш;
ИСКХ ташкилотидан ичимлик сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари ҳажми ва сифати, уларни амалга ошириш шартлари, тўловлар тарифи ва тартибларининг ўзгариши ҳақидаги маълумотларни бепул олиш;
ичимлик сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш бўйича хизматлар кўрсатилмаётганлиги ёки уларнинг паст сифатда эканлиги тўғрисидаги далолатнома тақдим этилгандан кейин 18 соат мобайнида ИСКХ ташкилотидан носозлик ва камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги маълумотларни олиш;
«Давсанэпидназорат» органлари томонидан тасдиқланган амалдаги стандартларга жавоб берадиган сифатли ичимлик сув билан таъминланмаганлик (сифатсиз ичимлик сув мавжудлиги аниқланган даврдан у тегишли даражага олиб келинган вақт) учун қайта ҳисоб-китоб амалга оширилишини талаб қилиш.
XIII. Якунловчи қоидалар
131. Томонлар ўртасида пайдо бўладиган барча низолар ва келишмовчиликлар музокаралар йўли билан ҳал этилади. Томонларнинг музокаралар йўли билан ҳал этилмаган барча низолари ва келишмовчиликлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
132. Ушбу Қоидаларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сон қарорига
3-ИЛОВА
Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш
ҚОИДАЛАРИ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидалар қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Истеъмолчи — Ижрочи билан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматлари бўйича белгиланган тартибда шартнома тузган юридик ёки жисмоний шахс;
Ижрочи — тузилган шартнома асосида Истеъмолчиларга қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатувчи юридик шахс;
қаттиқ маиший чиқиндилар — жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти, шунингдек юридик шахсларнинг фаолияти (озиқ-овқат, шишалар, резиналар, қоғозлар, тўқимачилик маҳсулотлари, ўраш-жойлаш материаллари, ўзининг фойдаланиш хусусиятларини йўқотган уй-рўзғор асбоблари, супуринди чиқиндиларининг, қаттиқ ёқилғида ишловчи маиший печкалар ва иситиш буғқозонларидан фойдаланиш натижасида вужудга келадиган чиқиндилар) натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар;
суюқ маиший чиқиндилар — жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти, шунингдек юридик шахсларнинг фаолияти (оқова сувлар, чиқинди тўкиладиган ўралар ва септикларда йиғилиб қолган турли ҳил суюқ чиқиндилар, ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган ювинди чиқиндилари, марказлашмаган канализациянинг нажас чиқиндилари) натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар;
қурилиш чиқиндилари — қурилиш, тиклаш, таъмирлаш ва турар жой уйларини, маъмурий биноларни, кўп қаватли уйнинг хонадонларини бузиш ишлари чоғида вужудга келадиган чиқиндилар;
ободонлаштириш объектлари — кўчалар, тор кўчалар, йўллар, марказий майдонлар, йўлкалар, кўприклар, ер ости йўллари, йўловчилар ер ости ўтиш йўллари, кўчалар, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва уларнинг дам олишлари учун фойдаланиладиган объектлар (маданият ва истироҳат боғлари, боғлар, хиёбонлар, скверлар), цемент суғориш ариқлари тармоқлари;
смёт — йўл қопламаларининг емирилиш ва едирилиш маҳсули, чанг,тупроқ, ташлаб юборилган нарсалар, тўкилган хазонлар, ахлатдонлар ичидаги чиқиндилар, сув оқиб тушадиган қудуқлардаги чўкиндилар;
қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизмати — санитария ва экология талабларига мувофиқ қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, транспорт воситасида ташиш, жойлаштириш, фойдаланиш, зарарсизлантириш, зарарли микроблардан тозалаш, уларни полигонларда кўмиб ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш, транспорт воситасида ташиш ва кўмиб ташлашни ўз ичига оладиган санитария жиҳатидан тозалаш бўйича хизматлар мажмуи;
чиқиндиларни утилизация қилиш — чиқиндилардан зарурий компонентлар ишлаб чиқариш ёки чиқиндилардан иккиламчи хом ашёлар, ёқилғи, ўғит сифатида ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш;
чиқиндиларни қайта ишлаш — экологик хавфсиз сақлашга, транспорт воситасида ташишга ёки улардан фойдаланишга тайёрлаш мақсадида чиқиндиларнинг табиий, кимёвий ёки биологик хусусиятларини ўзгартириш билан боғлиқ технологик операцияларни амалга ошириш;
хавфли чиқиндилар — таркибида ушбу хавфли хусусиятлардан фақат биттаси бўлган (токсинлилик, юқумлилик, портлаш хавфи бўлган, ёниш хавфи бўлган, юқори реакционлик хоссасига эга бўлган, радиоактивлик) ва нафақат мустақил равишда, балки бошқа моддалар билан бириктирилганда ҳам фуқаролар ҳаёти ва саломатлиги учун бевосита ёки яширин хавфни ўзида намоён қиладиган чиқиндилар;
«сигнал» усули — хусусий сектордаги шохобчани чиқинди йиғувчи автомашинада айланиб чиқиб, сигнал бериш йўли билан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш.
3. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида амал қилади, барча ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотлари учун, уларнинг мулкий шаклидан, идоравий мансублигидан ва истеъмолчиларидан қатъи назар, мажбурийдир.
4. Мазкур Қоидалар радиоактив чиқиндилар, биологик чиқиндилар, даволаш-профилактика муассасалари чиқиндилари, зарарли моддаларни атроф муҳит (атмосфера)га чиқариб ташлаш ва зарарли моддаларни сув объектларига оқизиб юбориш билан боғлиқ бўлган ишлар соҳасидаги қонун билан тартибга келтирилган муносабатларга татбиқ этилмайди.
5. Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар қуйидагилар:
шаҳарларда — ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотлари томонидан;
туман марказларида, шаҳар типидаги қишлоқларда ва қишлоқ аҳоли пунктларида — туман ободонлаштириш бошқармалари ёки ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
6. Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматларнинг сифати мазкур Қоидаларнинг, санитария, экологик ва қонунчиликда белгиланган бошқа мажбурий талабларга, шунингдек қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар тўғрисидаги шартнома талабларига жавоб бериши лозим.
II. Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш
7. Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш мазкур Қоидаларга ва шартномага мувофиқ амалга оширилади.
Зарур бўлган ҳолларда, шаҳар ва туманлар ободонлаштириш бошқармалари ободонлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланишда вужудга келган чиқинди ва смётларни олиб чиқиб кетиш учун ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотлари билан алоҳида шартномалар тузишлари мумкин.
8. Кўчмас мулкдан фойдаланилганда қаттиқ маиший чиқиндилар пайдо бўлишига олиб келувчи ва ушбу кўчмас мулк ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотларининг хизмат кўрсатиш доирасида жойлашган бўлса, ушбу мулк эгаси (юридик ва жисмоний шахслар) улар билан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатилиши юзасидан шартнома тузишлари шарт.
Кўчмас мулк эгаси (юридик ва жисмоний шахслар)нинг қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун мўлжалланган махсус автотранспорт воситаси бўлса, мулкдор қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш ва уларни ихтисослаштирилган полигонларда кўмиб ташлаш учун шартнома тузади.
9. Олиб чиқиб кетилаётган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажми қаттиқ ва маиший чиқиндилар вужудга келишининг тасдиқланган меъёрлари (кейинги ўринларда тўпланиш меъёрлари деб аталади) бўйича аниқланади.
Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларнинг тўпланиш меъёрлари Ижрочи буюртмаси бўйича, шартнома асосида «Ўзкоммунхизмат» агентлигида ихтисослаштирилган ташкилотларни жалб этиб, хронометраж ўрганишларини ўтказган ҳолда, ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилади, чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги махсус давлат органлари билан келишилади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.
Тўпланиш меъёри ўзгарувчан катталик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятларга, хизмат кўрсатилаётган объектлар демографик хусусиятларининг ҳамда ободлик даражаси ўзгариши билан боғлиқ бўлган ҳолатларда вақти- вақти билан, камида беш йилда бир маротаба қайта кўриб чиқилиши керак.
10. Кўп квартирали ва хусусий турар жой уйлари бўйича қаттиқ маиший чиқиндиларнинг тўпланиш меъёри — уйнинг ободлик даражасига (иссиқлик, газ таъминоти, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, канализация мавжудлигига) қараб бир кеча-кундузда бир киши ҳисобига белгиланади.
11. Суюқ чиқиндилар миқдори канализация тизими мавжуд бўлмаган уйларда тўпланиш меъёридан ва истиқомат қилувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Суюқ чиқиндиларнинг тўпланиш меъёри чиқинди ташланадиган ўранинг ўтказувчанлик даражасига, тупроқнинг фильтрлаш коэффициенти, сизот сувларнинг сатҳи ва ҳар бир жисмоний шахс томонидан ишлатилган сувга боғлиқ ҳолда белгиланади.
12. Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг даврийлиги аҳоли яшаш пунктлари, шаҳарнинг санитария ҳолати таъминланишини ва касаллик пайдо қилувчи бактериялар ривожланишининг олдини олиш шароитларини ҳисобга олган ҳолда, жойлардаги иқлим шароитлардан келиб чиқиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади, бунда санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ маиший чиқиндиларни сақлашнинг охирги муддати ўтиб кетмаслиги лозим. Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлиги: чиқинди йиғиш пунктларидан — ҳар куни, хусусий сектордан «сигнал» усулида — уч кунда бир маротаба.
13. Ижрочининг иш жадвали (куни, вақти) Истеъмолчи билан тузилган шартнома шартларига, умумий фойдаланиш объектларида эса — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорига мувофиқ белгиланади, бунда санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ маиший чиқиндиларни сақлашнинг охирги муддати ўтиб кетмаслиги лозим.
14. Буюртманома, алоҳида тўлов бўйича қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатаётган Ижрочи:
йирик ва габаритли чиқиндилар (мебель, совутгичлар, велосипедлар, газ плиталари, болалар аравалари)ни;
қорамол гўнгини, қурилиш чиқиндиларини, тупроқни;
агротехника ишлари натижасида пайдо бўладиган чиқиндилар (новдалар, дарахт таналари, тўнкалар ва шох-бутоқлар)ни олиб чиқиб кетишни амалга ошириши мумкин.
15. 14-бандда кўрсатиб ўтилган чиқиндилар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, профессионал бошқарув ташкилотлари томонидан тайинланган, вақтинчалик махсус ажратилган жойларга йиғиб турилиши керак.
16. Кузги ялпи хазонрезги мавсумида дарахтлардан тўкилган баргларни ёқиш қатъиян тақиқланади, улар махсус ажратилган жойлардан кўчадаги, уйлар олдидаги смётлар билан бирга олиб чиқиб кетилади.
17. Ижрочи маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш бўйича шартнома тузиши ва Истеъмолчига тегишли хизматлар кўрсатиши шарт.
18. Ижрочи тушунарли тарзда, шунингдек Интернет тармоғи (коммунал тармоқ учун ихтисослаштирилган сайтлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари сайтлари) орқали Истеъмолчини мазкур Қоидалар, кўрсатилаётган хизматлар, улар учун белгиланган тарифлар, тўлаш шартлари, хизматлар кўрсатиш режими тўғрисидаги ахборотлар билан таъминлаши шарт.
Истеъмолчи учун фойдали бўлган ахборот Ижрочи, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, профессионал бошқарув ташкилотлари томонидан стендда, эълонлар пешлавҳасида қулай тарзда жойлаштирилиши, унда қуйидагилар мавжуд бўлиши керак:
мазкур Қоидалар;
қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш бўйича шартнома намунаси;
хизматлар таркиби, уларни тақдим этиш шакли;
тақдим этиладиган хизматларнинг амалдаги тарифлари;
тўлов чипталари ва бошқа тўлов ҳужжатларининг намуналари;
қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг энг сўнгги муддати тўғрисидаги маълумотлар.
III. Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни сақлаш ва утилизация қилиш
19. Чиқиндиларни кўмиш учун жойлар (хавфли чиқиндилар бундан мустасно) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланиб, тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида ажратилади.
20. Ижрочи чиқиндиларни сақлашни санитария меъёрлари ва қоидаларига, экологик хавфсизлик талабларига мувофиқ, чиқиндилардан оқилона фойдаланишни таъминловчи усулларда ёки уларни бошқа шахсларга топширишни амалга оширади.
21. Ижрочи томонидан чиқиндиларни аҳоли яшаш жойларида, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреацион ва тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган ерларда, сувни ҳимоя қилиш зоналари ва сув объектларининг санитария-қўриқлаш зоналари чегараларида, шунингдек фуқаролар ҳаёти ва саломатлиги учун хавф вужудга келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ҳамда табиати махсус қўриқланадиган ҳудудларда ва объектларда сақлаш ва кўмиш тақиқланади.
22. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ижрочи қуйидагиларга мажбур:
эгаси ўзлари бўлган қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш технологияларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш чораларини кўриш;
ишлаб чиқариш технологиясида кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари, 24-бандда кўрсатилган чиқиндиларнинг аралаштирилишига йўл қўймаслик;
рухсат этилмаган жойларда ёки объектларда чиқиндиларнинг сақланишига, уларни қайта ишлашга, утилизация қилишга ва кўмиб ташлашга йўл қўймаслик;
чиқиндилар жойлаштириладиган хусусий объектларнинг санитария ва экология ҳолатлари устидан назоратни амалга ошириш;
қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни ишлатишда бузилган ер участкаларини қайта тиклаш ишларини амалга ошириш;
чиқиндиларни максимал утилизация қилиш учун комплекс чораларни амалга ошириш, чиқиндиларни сотиш ёки уларни тўплаш, сақлаш ва утилизация қилиш билан шуғулланувчи бошқа юридик ва жисмоний шахсларга топшириш, шунингдек утилизация учун мос келмайдиган чиқиндиларнинг экологик жиҳатдан хавфсиз тарзда кўмиб ташланишини таъминлаш.
Саноат корхоналари (мамлакатнинг ўз ишлаб чиқарувчилари) маҳсулотни қабул қилиб олишнинг махсус механизмини ишлаб чиққан ҳолда, ўзлари ишлаб чиқарган, маънавий эскирган ва ишдан чиққан маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳисобидан утилизация қилиш учун Истеъмолчилардан қабул қилиб олишлари шарт.
23. Ижрочи қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни максимал утилизация қилиш учун сотиш ёки уларни тўплаш, сақлаш ва утилизация қилиш билан шуғулланувчи бошқа юридик ва жисмоний шахсларга топшириш комплекс чораларини амалга ошириш ҳуқуқига эга.
IV. Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш, саралаш ва сақлашга оид талаблар
24. Истеъмолчилар қаттиқ маиший чиқиндиларни бир маротаба ишлатиладиган пакетларга алоҳида-алоҳида жойлаб дастлабки саралашни ва уларни қуйидаги турларга ажратишни амалга оширишлари шарт:
1) пластмасса (пакетлар, идиш, тара, ўйинчоқлар, бутилкалар);
қаттиқ пластмасса — пластмассадан ясалган мебель, резина пойабзал;
юмшоқ пластмасса — шампундан бўшаган флаконлар, идишлар ва ҳоказолар;
2) металл чиқиндилари (металлдан ишланган турли маиший маҳсулотлар ва идиш-товоқ чиқиндилари, таралар, жумладан консерва банкалари);
қора металл чиқиндилари (панжаралар, сим тўсиқлар, қувур қийқиндилари, арматура, маиший жиҳозлар ва хўжалик анжомлари);
рангли металл чиқиндилари (алюминий симлар, мис симлар, алюминийдан ишланган идишлар, уй-рўзғор буюмлари);
шиша (шишадан тайёрланган турли маиший маҳсулотлар ва идишлар чиқиндилари, таралар, бутилкалар);
3) қоғоз чиқиндилари (қоғоз, картон ва қоғоз маҳсулотига тенглаштирилган бошқа маҳсулотлар чиқиндилари), ип-газламаларнинг қийқимлари ва бўлаклари, эски увада латталар;
4) қайта ишлашга ва утилизация учун ярамайдиган биологик ва бошқа чиқиндилар (кундалик ишлатиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндилари, жумладан турли хил озуқа, янги мева, полиз ва сабзавот маҳсулотларининг пўстлоқлари).
Ахлат тўплаш шохобчалари қаттиқ маиший чиқиндиларни алоҳида-алоҳида тўплаш учун ажралиб турувчи ранг ва белгили махсус контейнерлар билан жиҳозланган бўлиши керак (юқорида кўрсатилган турларга мувофиқ ёзувлари билан ).
Контейнерларда механик пишиқлигини таъминловчи усулда чиқиндиларнинг тури, контейнернинг инвентарь рақами, контейнер эгаси тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади.
Контейнерларнинг хизмат кўрсатиш (фойдаланиш) муддатини уларни тайёрловчи завод белгилайди. Қаттиқ маиший чиқиндиларнинг морфологик таркибига ва контейнерларнинг ҳақиқий техник ҳолатига (механик ва бошқа шикастларга) қараб улар санитария талабларига жавоб берувчи, бузилмаганларига алмаштирилиши лозим.
Ахлат тўплаш шохобчаларида (ахлат тўплаш шохобчасининг рақами) ахлат тўплаш шохобчасидан фойдаланувчи ташкилотнинг номи, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвали каби ахборотлар мавжуд бўлади.
25. Таркибида симоб бўлган лампалардан ёритиш учун фойдаланувчи Истеъмолчилар таркибида симоб бўлган лампаларнинг ишлатиб бўлинган ресурсларини махсус ажратилган жойда тўплашни амалга оширадилар.
Таркибида симоб бўлган лампаларни тўплаш, лампаларга шикаст етказилишига имкон бермайдиган ва ундаги симобли моддаларни ҳаво муҳитига, сув таъминоти манбаларига, тупроқ ва озиқ-овқат маҳсулотларига тегиб кетишидан сақловчи махсус тараларда амалга оширилади, сўнгра Ижрочининг маиший чиқиндилар қабул қилиш шохобчасида бунинг учун махсус ўрнатилган контейнерларга жойлаштирилади. Ижрочи томонидан маиший чиқиндиларни «сигнал» усулида олиб чиқиб кетиш, таркибида симоб бўлган лампаларни тўплаш уларни автотранспортга алоҳида ва хавфсиз жойлаштиришни таъминлаган ҳолда бажарилади.
Ахлат тўплаш шохобчаларида тўпланган, таркибида симоб бўлган лампаларнинг ишлатиб бўлинган ресурсларини транспорт воситасида ташиш утилизация қилишдан олдин Ижрочи ва утилизация қилувчи ташкилот томонидан амалга оширилади.
26. Чиқиндиларни ахлат тўплаш шохобчаларига жойлаштириш учун кўп квартирали уйлардаги Истеъмолчилар қаттиқ маиший чиқиндиларни турлари бўйича пакетларга жойлаб, тегишли контейнерларга ташлайдилар. Хусусий уйларда яшовчи Истеъмолчилар эса — сараланган қаттиқ маиший чиқиндиларни ўз уйларида сақлаб, Ижрочининг жадвал бўйича «сигнал» усулида келган махсус автотранспорт воситасига жойлаштирадилар.
Истеъмолчилар томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни кўчаларга, сув йўлларига, ариқ ва қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва кўмиб ташлаш учун ажратилмаган жойларга, шунингдек ҳаракатдаги автотраспорт воситасидан йўлаклар ва кўчаларнинг транспорт юрадиган қисмига ташлаш тақиқланади.
27. Ахлат тўплаш шохобчаларининг санитария ҳолати ва сақланиши бўйича жавобгарлик Ижрочи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва профессионал бошқарув ташкилоти зиммасида бўлади.
28. Ижрочи мазкур Қоидаларнинг 24-бандида кўрсатиб ўтилган сараланган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг махсус автотранспортга алоҳида-алоҳида жойлаштирилган ҳолда олиб кетилишини, шунингдек иккиламчи хом ашёларни қабул қилувчи ихтисослаштирилган корхонага белгиланган тартибда сараланган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг топширилишини таъминлаши лозим.
29. Кўп квартирали уйнинг хоналарида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплашни ва сақлашни ташкиллаштириш тақиқланади.
Кўп квартирали уйнинг хоналарида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва сақлаш ташкиллаштирилган ҳолатлар аниқланганда, қоидалар бузилганлиги тўғрисида далолатнома тузилиб, айбдор шахслар аниқланиши, сўнгра қонунчиликда белгиланган тартибда ушбу фуқароларга жарима солиш учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва профессионал бошқарув ташкилоти икки соат муддатда участка милиция нозирини бу ҳақда огоҳлантириши шарт.
V. Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишни ташкил этишга доир талаблар
30. Ижрочилар ҳудудларга махсус автотранспорт воситаларини бириктириб, аҳоли яшаш жойларидаги ҳудудларнинг навбати билан қамраб олинишини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган кундалик жадвалга биноан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан келишган ҳолда, чиқиндиларни олиб кетиш муддатларини белгилайдилар.
31. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвалининг бажарилишини, махсус автотранспорт воситасининг муайян ҳудудга ўз вақтида етиб боришини ва қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш ҳисобини олиб борадилар ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатадилар.
32. Ижрочи томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвали бажарилмаган ҳолларда, Истеъмолчи Ижрочининг диспетчерлик хизматига буюртманома беришга ҳақлидир, у эса ўз навбатида, оператив тартибда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш чораларини кўриши лозим.
VI. Қаттиқ маиший чиқиндилар билан ишлаш соҳасида бошқарув
33. Қаттиқ маиший чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги бошқарув бўйича муносабатлар «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонун талабларини таъминлаш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, Ижрочиларнинг, Истеъмолчиларнинг ва чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетишда иштирок этувчи шахсларнинг биргаликдаги ҳаракатларини белгилайди.
34. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қуйидаги вазифаларни амалга оширадилар:
чиқиндиларни тўплаш ва утилизация қилиш бўйича турли мулкчилик шаклларидаги корхоналарнинг ташкил этилишига кўмаклашадилар;
чиқинди тўплаш шохобчаларини ташкил этиш жойларини белгилайдилар, давлатнинг бюджет маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан чиқинди тўплаш шохобчаларини қуришни амалга оширадилар, чиқиндиларни тўплаш ва утилизация қилиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун уларни хизмат кўрсатувчи ташкилотларга бериш шартларини аниқлайдилар ёки бошқарувчи ташкилотларга ижарага топширадилар;
мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши юзасидан назоратни амалга оширадилар;
хронометраж текширувлари асосида ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқиладиган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг йиғилиш меъёрларини тасдиқлайдилар;
шаҳар, туман марказлари, шаҳар посёлкалари, қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини қаттиқ маиший чиқиндилардан санитария-тозалаш схемасининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил қиладилар;
шаҳар, туман марказлари, шаҳар посёлкалари, қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларида Истеъмолчиларда чиқиндиларнинг пайдо бўлиши ва ташилиши ҳисобга олинишини ташкил қиладилар;
тегишли ҳудудларда чиқиндилар билан ишловчи объектлар ва субъектларни жойлаштириш масалаларини ҳал қиладилар;
қонунчилик ва мазкур Қоидаларга биноан, чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги фаолиятни ташкил этиш мақсадида Истеъмолчилар, Ижрочилар билан ўзаро ҳамкорлик қиладилар;
қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш ва утилизация қилишни ташкил этишга доир комплекс мақсадли дастурларни ишлаб чиқадилар;
қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш жойларида атроф муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларини ташкил қиладилар;
чиқиндиларни тегишли равишда тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича Истеъмолчилар ва Ижрочилар билан тушунтириш ишларини олиб борадилар;
чиқиндилар билан ишлаш соҳасида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун шароитлар яратадилар;
қонун ҳужжатларига мувофиқ чиқиндилар билан ишлаш соҳасида бошқа вазифаларни ҳам амалга оширадилар.
VII. Ахлат тўплаш шохобчасини ташкил этиш ва ундан фойдаланиш
35. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кўмагида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати (профессионал бошқарув ташкилоти)нинг мурожаати бўйича тегишли ҳудудда чиқиндилар билан ишлаш соҳаси объектларини (ахлат тўплаш шохобчасини) жойлаштириш масалаларини ҳал қиладилар.
36. Ахлат тўплаш шохобчасини жойлаштириш, белгиланган тартибда комиссия тузган ҳолда, Ижрочининг иштирокида амалга оширилади.
37. Қурилиши кўзда тутилган иншоотларни жойлаштириш жойларини олдиндан келишиш, Ўзбекистон Республикасининг минтақалари ва аҳоли яшаш жойлари ҳудудларини режалаштириш ва ривожлантириш тўғрисидаги тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
38. Чиқинди тўплаш шохобчаси майдони ва уларда ўрнатиладиган контейнерлар сони санитария қоидалари меъёрларига мувофиқ (истиқомат қилувчилар сони, чиқиндиларнинг тўпланиши ва сараланиши меъёрларини ҳисобга олган ҳолда) аниқланади.
39. Чиқинди тўплаш шохобчалари ва контейнерлар уларнинг сақланишини, коммунал тўловлар тўланишини, жорий ва мукаммал таъмирлашнинг бажарилишини таъминлайдиган Ижрочига тегишли бўлиши лозим.
40. Чиқинди тўплаш шохобчалари ва контейнерларидан турар жой хоналарининг деразалари ва кириш йўлларигача бўлган масофа санитария қоидалари ва меъёрларига мувофиқ белгиланади.
VIII. Кўрсатиладиган хизматлар учун ҳисоб-китоб қилиш
41. Юридик шахслар қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилаётган хизматлар қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда олдиндан тўловни, кўрсатилган хизматларнинг тўлиқ ҳисоб-китобини эса — календарь ой тугагандан кейин 30 кун давомида амалга ошириши шарт.
42. Жисмоний шахслар томонидан қабул қилинган қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловлар, тасдиқланган тарифлар ва чипталарнинг белгиланган намуналарига асосан, тугаган ойдан кейинги ойнинг 10-кунидан кечикмай амалга оширилади.
Истеъмолчилар (жисмоний шахслар) мажбурий тўловларни аванс тариқасида тўлаганларида, ушбу даврда тегишли тарифлар ошган тақдирда қўшимча тўловлардан тўлов амалга оширилган санадан ўн икки ойдан ошмайдиган даврга озод этилади.
Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилаётган хизматлар учун тўловни ҳисоблаш тегишли даврларда амалда бўлган қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тарифлар бўйича амалга оширилади.
Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўлов Истеъмолчи томонидан чекланмаган ҳолда ўз хоҳиши бўйича, ҳар қандай тўловларни қабул қилувчи банк муассасаси ва кассалари орқали нақд ва пул ўтказиш шаклида, шу жумладан пластик карточкадан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
43. Марказий канализация (оқова сув тармоғи) мавжуд бўлмаган жойларда қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловлар, нархларни тартибга солувчи органлар билан келишилган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланадиган тарифлар бўйича амалга оширилади.
44. Ижрочи қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг қайта ҳисоб-китобини қуйидаги тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган ҳолларда амалга оширади:
ҳисоб-китоб қилиш вақтида арифметик хатога йўл қўйилганда;
истеъмолчига зарур даражадаги ёки тегишли сифатда бўлмаган хизматлар кўрсатилганда.
45. Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича тегишли бўлмаган сифатдаги ёки белгиланган муддатлардан ортиқ узилишлар билан хизматлар кўрсатилганда, ушбу даврда хизматлар учун тўловлар камайтирилади.
46. Кўрсатилаётган хизматлар сифатини баҳолаш натижаларига кўра Истеъмолчи, Ижрочининг вакили, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати вакили томонидан имзоланадиган, хизматлар кўрсатилмаганлигини, тегишлича бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилганини тасдиқловчи факт бўйича далолатнома тузилади.
Хизматлар кўрсатилмаганлиги, тегишлича бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилгани тўғрисида тузилган далолатнома қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловлар миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек ўз мажбуриятларини бузгани сабабли Ижрочининг жарима тўлаши учун асос ҳисобланади.
Ижрочи томонидан Истеъмолчининг ҳаёти, саломатлиги ва мулкига зиён етказилган ҳолатларда етказилган зарар факти қайд этилган далолатнома тузилади, у Ижрочи ва Истеъмолчиларнинг вакиллари томонидан имзоланади.
Истеъмолчи, Ижрочининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати вакилларининг имзолари бўлгандагина далолатнома ҳақиқий ҳисобланади.
Ижрочи вакили келмаган тақдирда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати вакилининг имзоси етарли бўлади.
Ижрочи вакили далолатномани имзолашдан бош тортса мазкур далолатномага имзо қўйишдан бош тортганлик сабабларини ёзма равишда асослаши шарт. Акс ҳолда, Истеъмолчи қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни суд қарори қабул қилингунгача тўхтатишга ҳақлидир.
47. Истеъмолчи билан бирга рўйхатда бошқа шахслар ҳам бўлса ва улар ҳақида Ижрочи ўз вақтида огоҳлантирилмагани аниқланганда, тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳақиқатда яшаб келаётган даврдан бошлаб қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматларнинг тўлиқ ҳисоб-китоби амалга оширилади. Тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган тақдирда — ўтган 3 ой учун ҳисоб-китоб қилинади.
IX. Истеъмолчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
48. Истеъмолчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
шартнома асосида, ўзига зарур бўлган, белгиланган сифатдаги, ҳаёти ва саломатлиги учун хавфсиз бўлган, мулкига зарар бермайдиган ҳажмдаги хизматлардан фойдаланиш;
шартномаларда кўзда тутилган шартлар ва муддатларга мувофиқ қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматларидан фойдаланиш;
12 ойдан ортиқ бўлмаган давр учун олдиндан ҳақ тўлаш, кейинчалик тегишли тарифлар ошганда қайтадан ҳисоб-китоб қилмаслик;
Ижрочидан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматларининг ҳажми ва сифати, уларнинг кўрсатилиши шартлари, хизматлар учун тўлов миқдорларининг ўзгаргани ва тўлов тартиби тўғрисидаги ахборотларни олиш;
Ижрочи томонидан шартнома мажбуриятлари сифатсиз бажарилган ҳолларда Ижрочига ёзма ёки оғзаки шаклларда шикоятлар тақдим этиш ва Ижрочидан хизматлар тўлиқ кўрсатилмагани фактини тасдиқловчи далолатномани тузишни, шунингдек аниқланган камчиликларнинг белгиланган муддатларда бартараф этилишини талаб қилиш;
хизматлар кўрсатилаётганда Ижрочи айби билан юзага келган камчиликларнинг бепул бартараф этилишини ва шартномада келишилган миқдорларда неустойка (жарима ёки пеня) тўланишини талаб қилиш;
мазкур Қоидаларга ёки шартномага мувофиқ, доимий яшаш жойида вақтинча бўлмагани ҳужжатлар билан тасдиқланган давр ёки шартномада белгиланган тартибда хизматлар кўрсатилмаган давр учун қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ҳақ тўлаш мажбуриятларидан тўлиқ ёки қисман озод қилиниш;
шартнома тузилаётганда, қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни ўз вақтида чиқариб юбориш заруриятидан келиб чиққан ҳолда, санитария меъёрлари ва қоидаларида белгиланган сўнгги муддатлардан кечиктирмай хизматлар кўрсатиш муддатларини белгилаш;
қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари сифатсиз амалга оширилса, агар Ижрочи ўз вақтида шартномани бажаришга киришмаса ёки сифатсиз хизмат кўрсатса, зарарлар ундирилишини талаб қилиб судга мурожаат этиш.
Истеъмолчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
49. Истеъмолчи қуйидагиларга мажбур:
қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун шартнома тузиш ва унинг талабларини бажариш;
қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни, уларни тегишли турларга ажратган ҳолда, бир маротаба ишлатиладиган алоҳида пакетларга дастлабки саралашни амалга ошириш;
контейнер тартибида тўплашда — чиқинди тўплаш шохобчаларида чиқиндиларни жойлаштиришда пакетларни тегишли контейнерларга қаттиқ маиший чиқиндиларнинг турлари бўйича ташлаш;
тўплашнинг «сигнал усулида» — сараланган қаттиқ маиший чиқиндиларни ўз уйларида сақлаш ва жадвалга биноан етиб келган Ижрочининг махсус автотранспорт воситасига жойлаштириш;
қаттиқ маиший чиқиндиларни кўчаларга, сув йўлларига, ариқ ва қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва кўмиб ташлаш учун ажратилмаган жойларга, шунингдек ҳаракатдаги автотранспорт воситасидан йўлаклар ва кўчаларнинг транспорт юрадиган қисмига ташламаслик;
қаттиқ маиший чиқиндиларни Ижрочининг махсус автотранспорт воситасига ортиш учун ортиш жойига бемалол ўтишни таъминлаш;
чиқинди тўплаш контейнерлари, чиқинди тўплаш шохобчалари, чиқинди тўпловчи камера ва бошқа ускуналарнинг носозликлари аниқланганда бу тўғрида Ижрочини дарҳол хабардор қилиш.
Истеъмолчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар бўйича ҳам жавоб беради.
X. Ижрочининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
50. Ижрочи шартнома мажбуриятларига риоя қилмагани учун Истеъмолчига нисбатан чоралар кўришга, шунингдек қонунчиликда ёки шартномада белгиланган неустойка (жарима ёки пеня) тўланишини талаб қилишга ҳақли.
Ижрочи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
51. Ижрочи қуйидагиларга мажбур:
белгиланган муддатларда қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишни амалга ошириш;
қонунчиликда, мазкур Қоидаларда ва шартномада белгиланган шартларга мувофиқ Истеъмолчига зарур сифатдаги қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш;
қонунчиликда ёки шартномада белгиланган муддатларда Истеъмолчининг буюртманомаларини бажариш;
қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун электрон тўлов тизимини татбиқ этиш ва реал вақт режимида шахсий ҳисобварақаларининг ҳолатини кузатиб бориш;
қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматларининг амалга ошириладиган режими ва сифати бўйича Истеъмолчиларнинг мурожаатлари (аризалари, таклифлари, шикоятлари), шунингдек уларнинг ижроси ҳисобини олиб бориш;
аҳолининг тўлиқ қамраб олинишини таъминловчи ва қонунчилик талабларига мувофиқ, зарур миқдордаги чиқинди тўплаш шохобчалари қурилишини амалга ошириш;
чиқинди тўплаш шохобчалари ва контейнерларининг ҳолатини назорат қилиб бориш, уларнинг тегишли ҳолатда бўлишини таъминлаш;
қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш учун контейнерларнинг зарур миқдорда бўлишини таъминлаш;
аҳолининг ҳаёти, саломатлиги, шунингдек атроф муҳит учун хавфли бўлган бактерияларнинг ва бошқа зарарли моддаларнинг ривожланишига, чиқиндиларнинг кўплаб тўпланиб қолишига қарши режали ишларни олиб бориш (контейнерлар ва ахлат тўплаш шохобчаларини дезинфекциялаш ёки ювиб туриш йўли билан);
мазкур Қоидаларнинг 24-бандида кўрсатилган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг иккиламчи хом ашёларини қабул қилиш бўйича ихтисослаштирилган корхоналарга белгиланган тартибда топширилишини таъминлаш;
қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш тартиби ва тарифларининг ўзгаргани тўғрисида ушбу тарифлар қонуний кучга киришидан 15 кун аввал Истеъмолчининг абонентлик пунктларида эълонлар осиш йўли билан, шунингдек оммавий ахборот воситалари орқали Истеъмолчига маълум қилиш;
Истеъмолчига кўрсатилаётган хизматлар сифати бўйича камчиликларга йўл қўймаслик ва уларни бартараф этиш чораларини қўллаш;
қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб кетиш хизматлари учун тўловлар ҳисоб-китобининг ҳолати, шунингдек кўрсатилган хизматлар учун тўловлар бўйича қарздорларнинг йўқлиги тўғрисидаги маълумотларни Истеъмолчига бепул тақдим этиш.
Ижрочи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар бўйича ҳам жавоб беради.
Ижрочи даъво муддати доирасида Истеъмолчилардан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун қарзларни ундиришнинг барча чораларини қўллаши шарт.
52. Ижрочи тузилган шартномага асосан қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
кўрсатилаётган хизматлар тўғрисида Истеъмолчига ахборот беради;
қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш жадвалининг бажарилишини таъминлайди;
қонунчиликда белгиланган тартибга биноан, пайдо бўладиган чиқиндиларнинг ҳисобини олиб боради;
кўп квартирали уйлар ҳудудларидаги чиқиндиларни вақтинча сақлашнинг махсус жойлари ва бириктирилган ҳудуднинг санитария ҳолатининг зарур даражада бўлишини таъминлайди;
чиқиндиларни саралашни, уларнинг хавфсиз ва алоҳида-алоҳида сақланишини, тўплашни ва чиқиндиларнинг утилизация қилиш ва (ёки) қайта ишлаш ёки кўмиб ташлаш жойларига олиб кетилишини таъминлайди;
Истеъмолчилар билан тегишли шартномаларнинг мавжуд бўлишини таъминлайди;
қонун ҳужжатларига биноан чиқиндилар билан ишлаш соҳасида бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.
XI. Истеъмолчининг жавобгарлиги
53. Истеъмолчи қуйидагилар бўйича жавоб беради:
шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки зарур даражада бажармаслик;
қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш;
хонадонда ёки хусусий уй-жойда истиқомат қилувчиларнинг ҳақиқий сони ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш;
шартнома шартларида кўзда тутилган қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни махсус ажратилган жойларда тўплаш тартибининг бузилиши.
XII. Ижрочининг жавобгарлиги
54. Ижрочи қуйидагилар бўйича жавоб беради:
шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки зарур даражада бажармаслик;
қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар муддатининг ва мазкур хизматлар кўрсатилаётганда аниқланган камчиликларни бартараф этиш муддатларининг бузилиши;
хизматлар кўрсатиш ва камчиликларни бартараф этиш муддатларининг бузилганлиги учун жариманинг ўз вақтида тўланмаганлиги;
ўз фойдаланишида бўлган қўриқланувчи ва қўриқланмайдиган контейнерли чиқинди тўплаш шохобчаларининг техник ҳолати;
хизмат кўрсатмаслик ёки сифатсиз кўрсатилган хизматлар натижасида Истеъмолчининг ҳаёти, саломатлиги ва мулкига етказилган зарар.
XIII. Якунловчи қоидалар
55. Томонлар ўртасидаги келишмовчиликлар ва низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.
56. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.