• Слайдер #1

2016-yil Sog‘lom ona va bola yili

O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining Qarori


Халқимизнинг асрий анъаналарини ҳисобга олиб, «Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади» деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғоя жамиятда чуқурроқ англаб етилишига ва қарор топишига йўналтирилган кенг чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, жамиятда оналарга алоҳида ҳурмат-эътибор муҳитини шакллантириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, оиланинг мустаҳкам, соғлом ва аҳил бўлишида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида, шунингдек 2016 йил Ўзбекистон Республикасида «Соғлом она ва бола йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан:

1. «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин, қуйидагилар унинг устувор вазифалари ва амалга оширилиши йўналишлари этиб белгилансин:

оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом болани тарбиялашда уларнинг ролини ошириш, кучли, барқарор ва равнақ топаётган давлатнинг негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;

олис ва чекка қишлоқ туманларида яшаётган аҳоли, айниқса аёллар учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий нуқтаи назардан зарур шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик сув, табиий газ билан таъминлаш, хизматлар кўрсатиш ва сервис даражасини юксалтириш борасидаги ишларни изчил давом эттириш;

тиббиёт муассасаларининг, жумладан перинатал ва скрининг марказларнинг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббиёт ҳамшираларининг сонини кўпайтиришни таъминлаш, акушер-гинекологлар ва болалар шифокорлари малакасини ошириш;

никоҳга кираётган шахсларнинг никоҳдан олдин тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш учун тиббиёт ходимларининг масъулиятини кучайтириш, шу асосда туғма ва ирсий касалликлар сонини камайтириш ҳамда ушбу мақсадларда поликлиникаларни замонавий ташхис ускуналари билан жиҳозлаш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, мустаҳкам оила қуриш ва соғлом фарзанд туғилиши учун никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг муҳимлигини аҳоли кенг қатламлари онгига сингдиришга қаратилган кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб бориш;

аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, санитария ва гигиена, ҳомиладор аёлларнинг соғлиғини сақлаш ва психофизиологик аҳволини яхшилаш, ёш оналар ва болаларни тегишли тарзда парвариш қилиш соҳасидаги ишларни кучайтириш, уларнинг овқатланиш рациони сифати ва калорияси яхшиланишини таъминлаш;

ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, ёшларни, айниқса қишлоқ жойларда қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, янги спорт объектларини қуриш, ишлаб турганларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, юқори малакали тренер кадрлар ва мураббийлар билан таъминлаш;

мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва фаровонликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим шарти сифатида оилаларда соғлом маънавий муҳитни, хусусан, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, эр-хотин ўртасида, ота-оналар билан фарзандлар, қайнона-келин ўртасида, қўни-қўшнилар ўртасида меҳр-оқибат руҳини шакллантириш;

қиз болаларни — бўлажак оналарни — жисмонан соғлом ва интеллектуал ривожланган тарзда вояга етказиш, уларнинг академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида албатта таълим олишини, замонавий билимлар ва касб-ҳунарларга эга бўлишларини таъминлаш, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашларида, келажакда соғлом ва мустаҳкам оила қуришларида асосий шарт ҳисобланган ҳаётга бўлган мустаҳкам нуқтаи назарни ва мустақил фикрлашни шакллантириш;

соғлом болани вояга етказишда таълим тизимининг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини янада ривожлантириш, болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан ошириш, илғор педагогика ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этган ҳолда бошланғич таълимнинг юқори сифатини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш тадбирларини амалга ошириш;

касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини, аввало қизларни ишга жойлаштириш, ўз бизнесини йўлга қўйиш иштиёқидаги ёшларга имтиёзли кредитлар, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ипотека кредитлари, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш учун истеъмол кредитлари ажратиш чора-тадбирларини таъминлаш;

дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда маҳаллий ҳокимият органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар ва ёшлар бирлашмалари, фахрийлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бу ишларга жамиятда ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган кекса авлод вакилларини кенг жалб этиш;

оммавий ахборот воситалари, шу жумладан электрон ахборот воситаларининг ва Интернет тармоғининг имкониятларидан фаол фойдаланган ҳолда «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари ҳамда Дастурнинг амалга оширилиши тўғрисида кенг ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,2016 йил 9 февраль,
ПҚ-2487-сон

BIRIKTIRILGAN HUJJAT:


Ko'rishlar: 13419