1. Лицензия олиш учун лицензия талабгори қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- лицензия бериш тўғрисидаги ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами, лицензияланаётган фаолият тури (ёхуд унинг бир қисми);
- юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
- Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича таклиф этилаётган қувватларни фойдаланишга топширишнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;
- белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқариш учун зарур шарт-шароитларнинг мавжудлиги тўғрисида "Ўзстандарт" агентлиги (унинг ҳудудий бошқармалари)нинг "Ўзвиносаноат-холдинг" холдинг компанияси билан биргаликда берилган хулосаси;
- лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгорининг йиғимни тўлаганини тасдиқловчи ҳужжат;
- ишлаб чиқариш лабораториясининг "Ўзстандарт" агентлиги органларида аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
- санитария-эпидемиология назорати органларининг маҳсулотнинг, ишлаб чиқариш шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг санитария-гигиена талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;
- технология асбоб-ускуналарининг гигиена сертификатлари нусхалари;
- Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳудудий органларининг ишлаб чиқаришнинг меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;
- ёнғин назорати органларининг ишлаб чиқаришнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;
- давлат солиқ органининг бюджетга ва давлат мақсадли фондларига тўловлар бўйича қарзлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаси (лицензиянинг амал қилиш муддати узайтирилганда);
- корхонанинг Комиссия томонидан белгиланадиган шакл бўйича паспорти;
- шакллантирилган устав фондининг миқдорини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси.
2. Лицензия талабгоридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
3. Ҳужжатлар лицензияловчи органга лицензия талабгори томонидан бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали етказиб берилади.
Ҳужжатлар ишчи гуруҳ раҳбари томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).
4. Ишончли бўлмаган ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.