• Слайдер #1

Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.

2. Қуйидагиларни:
  • а) озиқ-овқат спирти, тозаланган спирт, шу жумладан, узум ва мева-резавор мевадан тайёрланган спирт;
  • б) узум ва мева-резавор мевадан тайёрланган спирт хом ашёси;
  • в) коньяк ва кальвадос спирти таркибида спирт бўлган ярим тайёр маҳсулотлардан (дон маҳсулотларидан) тайёрланган спирт;
  • г) узум ва мева-резавор мевадан тайёрланган виноматериаллар (тозаланган ва тозаланмаган), шунингдек ғалладан тайёрланган ярим тайёр спиртли маҳсулотлар;
  • д) узум, мева-резавор махсус мевадан ва ярим тайёр спиртли маҳсулотлардан тайёрланган винолар;
  • д-1) табиий ачиган натурал вино (этил спирти қўшилмаган);
  • е) ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотлари, бальзамлар;
  • ж) коньяклар (брендилар), коньяк ичимликлари ва кальвадослар, виски;
  • з) шампан виноси, кўпикланадиган ва газли винолар;
  • и) даражаси паст (пиводан ташқари) ва ўткир спиртли ичимликлар, дамламалар ва ликёрлар;
  • к) вино ичимликлари: ўткирлиги 4 ҳажмли фоиздан 8 ҳажмли фоизгача бўлган паст даражали ичимликлар, ўткирлиги 9 ҳажмли фоиздан 28 ҳажмли фоизгача бўлган ўткир ичимликларни саноат асосида ишлаб чиқариш фаолияти лицензияланади.

3. Этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолияти фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

4. Этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензиялар берилади.
Лицензия мазкур Низомнинг 2-бандида кўрсатилган ҳар бир маҳсулот турини ишлаб чиқаришга алоҳида берилади.

5. Этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия 5 йил муддатга берилади.

6. Лицензия бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар Вазирлар Маҳкамасининг Этил спирти, алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, тамаки хом ашёсини ферментлаш ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) томонидан қабул қилинади. Комиссия фаолияти Комиссия томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ ташкил этилади.
Ҳужжатларни қабул қилиш, улар юзасидан эксперт хулосаси ва Комиссия қарорлари лойиҳаларини тайёрлаш, лицензияларни расмийлаштириш, қайта расмийлаштириш ва бериш, лицензиялар реестрини юритиш, лицензия битимини тузиш ва унинг бажарилишини назорат қилиш учун Комиссия ҳузурида "Ўзстандарт" агентлиги ҳузуридаги Алкоголли маҳсулотлар сифати бўйича давлат инспекцияси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзвиносаноат-холдинг" холдинг компанияси, "Ўзспиртсаноат" акциядорлик компанияси ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органлари мутахассисларидан ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда ишчи гуруҳ деб аталади) тузилади. Ишчи гуруҳ фаолиятига Комиссиянинг масъул котиби раҳбарлик қилади. Ишчи гуруҳнинг шахсий таркиби Комиссия томонидан тасдиқланади. 

7.Лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.

Ишчи гуруҳ ариза олинган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади ва улар юзасидан эксперт хулосаси тайёрлайди ҳамда лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни тасдиқлаш учун Комиссияга тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан бирга тақдим этади. Бунда ишчи гуруҳ, зарурият бўлганда, жойларга бориб ёки давлат тегишли органлари мутахассисларини жалб этиб ишлаб чиқариш шарт-шароитларининг тақдим этилган ҳужжатларга мувофиқлигини текширишга ҳақлидир.

Комиссия ишчи гуруҳнинг таклифи олинган кундан кейин ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор протоколини тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси томонидан имзоланади. Зарур ҳолларда Комиссия қарори сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин. 

Ko'rishlar: 4060